Нафс бандалари

0

Тошева Шойра мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлимига чақирув хатини олди. Эртаси куни ташкилотга бориб, масъул ходим билан учрашар экан, унга компьютер базасида «Бухоротумангаз» филиали томонидан 4406000 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганини эшитиб ҳайрон қолди.

— Осмондан тушдими бунча қарздорлик? — деди ўзига-ўзи.

Сўнгра зудлик билан ҳудуд назоратчисига қўнғироқ қилди. Таниш рақамларни терар экан, нариги томондан эшитилган овозга жавобан «Акбар, нима қиляпсан, уйимни куйдирдинг-ку, газдан 4406000 сўм қарздорлик чиқаришибди!» деди алам билан.

Дарвоқе, аёлга шунчалик алам қилганича бор. Тўрт йилдан бери ўша уй бўш, ҳеч ким яшамаса, коммунал хизматлардан фойдаланилмаса, қарз қаердан келиб чиққан бўлиши мумкин? Назоратчи эса «Мен қарздорлик ёздирмаганман, қарзингиз йўқ», деб МИБ маълумотини инкор қиляпти.

Орадан бир қанча вақт ўтиб Ш. Тошева ўша ғалва билан «Бухоротумангаз» идорасига йўл олди. Ҳудуд назоратчиси Акбарни қидириб тополмагач, филиал юристига учради, вазиятни куйиб-пишиб тушунтирди. Юрист бамайлихотир компьютер базасини қайта текширди.

— Қарзингиз 5800000 сўм, — деди сўнг пинагини бузмай.

Балодай ёғилаётган бу қадар катта миқдордаги қарздорликни эшитиб Ш. Тошеванинг капалаги учиб кетди. Энди нима қилсин? Қайтанга вақтдан ютқазгани қоляпти. Булар билан талашиб-тортишаман дегани сари қарздорлик «шохлаб» кетяпти. Ҳозир юрист билан ади-бади айтишгандан фойда йўқ. Муаммони ҳал қилиш керак, вассалом. Шу пайт аёлнинг хаёлига газ идорасида чилангар бўлиб ишлайдиган узоқ қариндоши С. Бозоров келди. Яъни унинг соҳа мутахассиси сифатида тўғри йўлни кўрсата олишини ўйлади. Тезда Содиққа телефон қилиб, масалани тушунтирди.

Бундай хизматларга ҳамиша «ҳозиру нозир» турадиган шоввоз қариндош газ идораси юристи билан танишлиги ва муаммони «бир пасда» ҳал қилиб беришини айтди. Унинг гапларига чиппа-чин ишонган Ш. Тошева С. Бозоровнинг олдига жўнади. Яхши, энг муҳими, ишончли «мижоз» илинганидан қувонган қариндош ўз машинасида Ш. Тошевани олиб юрист таниши, тўғрироғи, ҳамтовоғи Х. Хамроев нинг ёнига йўл олишди. Йўл-йўлакай Шойрага «ҳожатбарор»нинг ишончли одам эканини, ундан бошқа ҳеч ким бу қадар катта қарздорликни йўқотиб беролмаслигини тушунтирган бўлди. Айтилган жойда уларни кутиб турган Х. Хамроев машинага чиққач, Ш. Тошевадан воқеани батафсил сўраб олди. Газ дафтарчасини кўрди. Икки улфат ўзаро нималарнидир пичирлашгач, 4000000 сўм пул эвазига қарздорликни ёпишлари мумкинлигини айтишди.

Қариндошига орқа қилиб ўтирган Ш. Тошеванинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Шунча пулни қаердан олсин?! Аслида, нореал қарздорлик ҳисобланган-ку!

Унга алам қилаётгани ҳам шу. Ахир уйда ҳеч ким яшамайди-ку. Шу ҳақда ўйлар экан, Ш. Тошева қариндоши ҳам фирибгарларнинг бири эканини тушуниб етди.

— Ҳозир бунча пулим йўқ, — деди аёл истамайгина. — Икки-уч кунларда отамнинг нафақаси келади, ўзим ҳам маош оламан, шунда ҳам икки миллион сўм беришим мумкин.

Ҳамтовоқлар қай йўсинда бўлмасин Ш. Тошевадан пулни ундириш пайига тушди. Аввал икки миллион сўмни бериши, қолганини икки-уч кунда келтириб беришига келишиб, хайрлашди.

Уларнинг хатти-ҳаракатларидан жиноят ҳиди анқиб турганини пайқаган Ш. Тошева бу воқеа ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилишга қарор қилди. 2017 йил 12 сентябрь куни Миллий хавфсизлик хизмати Бухоро вилоят бошқармаси ва прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛКК Департаментининг вилоят бошқармасига ариза берди. Шу куни С. Бозоров МХХ ва Департамент ходимлари томонидан Ш. Тошевадан 2000000 сўм миқдоридаги пулни олган вақтида жиноят устида қўлга олинди.

2017 йил декабрь ойининг 25 куни жиноят ишлари буйича Бухоро шаҳар суди Бухоро шаҳар «Моҳи Хосса» маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суд мажлисини ўтказди ва С. Бозоровга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. Судланувчи Ўзбекистан Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди. Унга нисбатан узил-кесил бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

«Топган луқманг ҳалол бўлсин!» Ота-боболаримизнинг бу азалий дуолари халқимизнинг қон-қони, жон-жонига сингиб кетган. Бироқ енгил йўл билан бойлик орттириш, жонини оғритмасдан тезроқ бадавлат бўлиб кетиш мақсадида нафсига қул бўлган бу каби кимсалар бировни алдаб пулини олиш унинг ҳақига хиёнат қилишдек қонун олдида ҳам, Яратган ҳузурида ҳам жазоси муқаррар эканини наҳот билмайди? Йўқ, улар, аслида, ҳаммасини билиб, тушуниб турсалар ҳам ўзларини асир этган балою офат — сўқир қалб буйруқларини инкор этишга куч тополмайди. Вақт эса ҳеч кимни кутиб ўтирмайди.

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: