Ўзбекнинг «ҳаводаги алломалари» бутун дунёга кулги бўлмайдими?

0

Бугун биз уятга қоляпмиз. Бугун биз давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ғоялардан шошиб қоляпмиз, балки яхши кўриниш учундир, пала-партиш иш қиляпмиз…

Бугун Ўзбекистонда фаолият юритаётган интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда ажиб бир хабар тарқалди. Эмишки, Бухорода ҳавода муаллақ турадиган алломалар пайдо бўлибди. Улар ҳассаларига суянган ҳолда, одамларга, сайёҳларга кўзларини қадаб, ҳавода муаллақ туришибди. Қўлларига қандайдир китобларни ҳам ушлаб олишган. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистонга сайёҳлар сонини ошириш ва мамлакатнинг туризм салоҳиятини кўрсатиш борасида кўп ишлар амалга ошириляпти. Аммо бу каби бачкана қилиқлар бутун дунёга бизни шарманда этади. Фикримни икки сабаб билан исботлашга уринаман.

Биринчидан: бизнинг алломаларимиз нега ҳавода муаллақ турибди? Ҳавода муаллақ туришларида бирор маъно борми? Ислом дини ва ўзбекчилик маънавиятида бу ҳақда бирор нарса дейиладими?

Иккинчидан: ҳиндларнинг роҳиблари ўз бозорларида шу каби турганларини фош қилиб, бунинг сурати ва видеосини интернетга чиқаришган ва бутун дунё бу ҳолатдан кулган эди. Сайёҳларни жалб этиш учун шу усулни қўллаш шарт эдими?

Бугунги инсониятни «бир нарсалар» билан алдаб бўлмайди. Бугунги сайёҳ қаерга ва нима учун пул тўлаб бораётганини яхши билади. Ўзбекистон туризмига масъул бўлган ва нимадир қилишга уринаётган масъулларга маслаҳат – одамларни кулдирманг, дунёнинг Ўзбекистон устидан кулишига сабабчи бўлманг, мамлакат туризмини ривожлантириш учун сизда битмас-тугунмас захира мавжуд.

Сарвар Анвар ўғли


Манба: Kun.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: