ФОТОРАДАР: 25 кунда 29 минг 400 тадан ортиқ қоидабузарлик аниқланди

0
Жорий йил февраль ойи бошидан “Олмаота – Бишкек –Тошкент – Термиз” автомобиль йўлининг 806-871 километлари оралиғида (Тошкент шаҳри чегарасидан Сирдарё вилояти ҳудудигача) янги намунадаги махсус автоматлаштирилган фоторадар ускуналари ўрнатилиб, синов режимида ишга тушурилган эди.
– Техник воситалар синовдан муваффақиятли ўтди. 16 февралдан қоидабузарликлар рўйхатга олиниб, ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирила бошланди, – дейди Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати катта инспектори Отажон Ўринбоев. – Ускуналар расман ишга тушгани ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали ҳайдовчиларни огоҳлантиришимизга қарамасдан, 16 февралдан 13 мартга қадар 29 минг 400 дан ортиқ ҳайдовчи белгиланган тезлик талабини бузган.
Улар кимлар ва қайси вилоят ҳайдовчилари кўпроқ қоида бузган, деган саволга қуйидагича жавоб берилди.
Давлат рақами Тошкент шаҳрига тегишли бўлган автомобиль эгалари энг кўп қоида бузган. Яъни, 10 минг 497 ҳолатда белгиланган тезлик талабига риоя этилмаган. 5 минг 906 қоидабузарлик билан Тошкент вилояти ҳайдовчилари 2-ўринда. Самарқанд – 2 минг 976, Қашқадарё – 2 минг 258, Жиззах – 2 минг 109, Сирдарё вилояти – 2 минг 90, Сурхондарё – 1 минг 84, Бухоро – 695, Хоразм – 430, Навоий – 411, Қорақалпоғистон Республикаси – 295, Фарғона – 262, Андижон – 226 ва Наманган – 182.
Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ бу йўлда белгиланган тезлик талабини мунтазам бузиб, жарима тўламай келаётган ҳайдовчилар рўйхатини эълон қилди, деб ёзмоқда ЎзА нашри.