Мажоз ва ҳақиқат

0

Бир киши қутурган туядан жонини қутқариш учун жар устига эгилган икки шохга осилиб, жар ёқасига оёқ қўяди. Лекин оёғи остидаги индан тўртта илон бош чиқариб турганини кўриб қолади. Жарнинг остига назар ташласа, у ерда бир аждаҳо оғзини катта очганча унинг тушишини кутиб турганлигини, юқорига қараса, оқ ва қора сичқонлар у осилиб турган шохни тўхтовсиз кемираётганлигига кўзи тушади. Бу аҳволдан қандай қутулиш чорасини ўйлаб турганида шундай ёнгинасида асалари уясини кўради ва бармоғини асалга ботириб, ялай бошлайди. Асалнинг ширинлиги унинг бошини шу даражада айлантириб қўядики, натижада у ўзининг қандай аҳволдалигини унутади: оёқларини тўрт илоннинг бошига қўйганлиги ва бу илонлар ҳар лаҳзада уни чақиб олиши мумкинлигини, сичқонлар шохларни кемириб битиришини ва шох синса, у аждаҳо комига тушиши муқаррарлиги хаёлидан кўтарилади. Жаҳолат пардаси ақл нурини тўсиб қўяди ва оз фурсат ўтиб, у жарга қулаб ҳалок бўлади.

Бу даҳшатли ва чуқур жар ҳеч қачон ташвиши тугамайдиган ҳаёт, оқ ва қора сичқонлар — одамларнинг умрини камайтириш учун тинимсиз алмашиб турган кеча ва кундуз, тўрт илон — борлиқнинг асосини ташкил қилувчи тўрт унсур: улардан бирортаси ўз мувозанатини йўқотса, инсон дарҳол мавҳ бўлади, асал — азоби кўп, фойдаси кам бўлган, одамларни тўғри йўлдан оздириб, уларга нажот йўлини беркитиб қўядиган ўткинчи дунё, аждаҳо — ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган ўлим.

«Ҳордиқ плюс» газетасидан