РАҚҚОСА… (11-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ботир билан бўлиб ўтган шу қисқа суҳбат Манзурани адо қилаёзганди. Анча маҳалгача ўзига кела олмай азобда қолди. Бир тарафдан кечагина бус-бутун турган уйининг вайронага айланганига куйса, иккинчи тарафдан Ботирни ўйлаб қийналарди. Шу тобда узоқ-узоқларга, киши кўрмас ёқларга, гиёҳ ўсмас саҳроларга бош олиб кетгиси келарди. Шундай қилса, хўрликлар ҳам, муҳаббат азоблари ҳам таъқиб этмаслигига ишонарди. Лекин қалбининг бир четини ёритиб турган умид учқуни йўл бермасди. Қачондир ниятлари ҳақиқатга айланишига ишонарди. Шунинг учун шайтоний ўйларни миясидан ҳайдаб соларди…

 

* * *

 

Ниҳоят Мурод айтган кун ҳам етиб келди. Улар бирга-бирга тўй мавсумини олиш учун Сурхон воҳасига жўнайдиган бўлишди. Аммо бу сафарга ҳар қачонгидек уч кишигина чиқишмас экан. Мурод билан бирга яна битта машина тўла отарчи келди. Дойра, ноғора, кларнет, «ударник» чаладиганлар ўша иккинчи машинадан жой олишибди.

Манзура дарров тушунди. Демак, Сурхон томонларда ҳаммаси жонли бўлади. Синтезатордаги фонограмма дастурларига ўрин қолмайди. Илгари тўйларда дойра, ноғоралар, ҳатто, кларнет овози ҳам синтезатордан чиқариб қўйиларди.

— Манзура, сен уйингдан сира хавотирланма, — деди Мурод йўлга чиқишгач. — Кўплашиб таъмирдан чиқарамиз. Анави гўрсўхта амманг эса ҳали қонун олдида албатта жавоб беради. Билдингми, ўшанинг ишийкан?!.

— Биламан, — маъюс тортиб жавоб қилди Манзура. — Ўша ифлос қилган ҳамма ишни. Алам қиляпти-да унга!..

— Хавотирланма, ҳали шундай кунлар келадики, амманг тиззасига шапатилаб қолади. Сенинг машҳур раққоса бўлганингни, телевизорларда чиқишингни кўрса, дардини бировга айта олмай ичидан зил кетади. Сен ҳозир фақат шуларни ўйла. Ортиқча ташвишга ўрин берма. Фойдаси йўқ!..

 

* * *

 

Сурхоннинг тоғли ҳудудига кириб боришгач, ҳаво бирдан ўзгаргани сезила бошлади. Нафас олиш осонлашгандек бўлди. Манзуранинг юрагини чирмаб турган бир тутам дард нарига чекинди. Анча енгил тортди.

Машиналар олдинма-кетин тўйхонага кириб келди. Манзурага бегона юртдаги ҳар бир ҳолат, манзара қизиқ туюларди.

Бу ернинг одамлари водийликларга уммуман ўхшамас экан. Ҳар гапнинг бирида «санъаткорлар» дея ёшу-қари зир югурар, меҳмонларни ўтқазишга жой тополмасди.

Машшоқлар то асбоб ускуналарини созлаб, усилителларни обдон текшириб олгунларича, Манзура шу ерлик қизлар ҳамроҳлигида атрофни томоша қилди. Ҳов наридаги кўм-кўк майсаларга бурканган адир, турнақатор бўлиб ўтлаш билан овора отлар завқига завқ қўшаверди.

Фақат Ботир хаёлига келди дегунча қайтадан маъюс торта бошлар, бу ўйларни қандай ҳайдаб солишни билмай ҳалак бўларди.

«Шўрлик Ботир, — дерди хаёлан қандайдир номаълум ўт чангалида қола бошлаган кезларда. — Мени қутқараман деб олов ичига кирибди. Ҳаётимни сақлаб қолди. Йигит бўлса, муҳаббат бўлса, шунчалик-да! Бунданам ортиқ бўлармиди. Қанийди илгариги пайтим бўлса, унинг муҳаббатини сира рад этмасдим. Ҳозир ҳам ичимда жон деб турибман-у, бироқ орамиздаги тўсиқ нари ўтишга қўймайди. У саробдан бўлак нарса эмас. Тўсиқ шунчалар мустаҳкам эканки, саттанг-а давлатлар чегаралар ҳам унинг қаршисида ожиз қоларкан. Худди ўша пес тўсиқ мени очилишга, қалбимдаги туйғуларни ошкор этишга қўймаяпти. Тўғри қиляпти. Ботирдай беозор, кўркам йигит бундай хўрликка лойиқ эмас. Ундайлар ўзига муносиб, ҳаёли-иболи, тўғри йўлдан юрадиган, пул деб бегона эркакнинг тиззасига ўтириб олавермайдиган қизлар билангина бахтли бўлишади… Ҳа, мен энди соб бўлдим. Расвои олам бўлдим. Ўзи кечирсин…»

Ҳаш-паш дегунча вақт шомга яқинлашиб, тўйхона безовта қалқиб қолди.

Келин келиши яқин эканми, тўй эгалари зир югуриб ҳозирлик кўришни янада кучайтириб юборишди.

Шубҳасиз, бундай лаҳзаларда отарчилар ҳам қараб турмайди. Тўйчилик одатига кўра ҳофиз мумтоз ашулаларни бошлаб туради. Бу иш тўйхона аҳлини зериктириб қўймаслик, тўй тўйдек бўлишини таъминлаш учун қилинади. Раққоса эса шошмайди. Столлар атрофи меҳмонларга тўлишини, кайф-сафо авж паллага киришини кутади. Жуда бўлмаганда, башарти биров қўққисдан буюртма бериб қолса, бир-икки айланиб рақс тушиб бериши мумкин. Буюртма бўлмаса, тек ўтиради. Кутади. То жўрабоши, отарчилар таъбири билан айтганда, «продюсер» ишора қилмагунча кутаверади…

 

* * *

 

Ниҳоят кутилган лаҳзалар яқинлашиб, келин ҳам келди. Ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чиқди. Келин-куёв тарафдагиларнинг қичқириқлари дунёни тутгандек бўлди.

Муроднинг ишораси билан Хурсандбек ҳофиз ҳам «Тўйлар муборак»ни бошлади. Манзура эса бу тахлит шовқин-суронга ҳийла мослаша бошлаганиданми, пинагини бузмас, ҳамма-ҳаммани бир бошдан кузатишдан тўхтамасди.

Келин-куёв жойларини эгаллаб, дастлабки табриклар айтилгач, Хурсандбек ўша ашулани, ҳар янграганда, Манзуранинг бағрини ўйиб олай дегувчи «Муножот»ни бошлади.

Хурсандбек бу ашулани ўзига хос усулда айтардики, одамни сел қиларди.

Манзура ашула таъсирида хаёлан яна олис-олисларга парвоз қила бошлади.

Умрининг энтикиш, эзилишга мажбур этувчи энг оғир лаҳзалари кўз олдига келди.

Кейин бу оғир юкни елкасидан шартта олиб ташлади-да, хаёлот денгизига шўнғиди.

Дарҳол онаси раҳматли ҳозир-у нозир бўлди. Катта саҳнада буралиб-буралиб хиром айлаётган қизига узо-оқдан туриб маҳлиё бўлди. Ҳадеганда энтикиб-энтикиб кетаверди. Ҳар энтикканда қўлларини баланд кўтариб дуо қилаверди…

 

* * *

 

Манзура ҳамон рақснинг сеҳрли усулларига бўйсуниб барчани мафтун этишда давом қиларди. Томошабинлар ўринларидан туриб кетишган, қарсак чалишдан, олқишлашдан тийила олишмасди.

Шу маҳал қаердандир отажони ҳам пайдо бўлди. Негадир қовоқларини уйиб олибди. Бошидаги дўпписи сарғайиб оҳорини йўқотибди. У Манзуранинг рақсини бирпас кузатган бўлди-да, дафъатан тиз чўкди ва саҳнага орқа ўгириб олди.

Манзура ҳайрон эди. Отасининг бу қилиғини сира тушуна олмасди. Отаси шу тахлит бир муддат ўтирибди-ю, сира кутилмаганда икки қўлини баланд кўтариб бор овозда ҳайқирибди.

— Табриклайман! Бахтли бўлси-ин!!!

Манзура бу ҳайқириқ нақ қулоқлари остида жаранглаб сесканганча қаддини кўтарди…

Йўқ, ҳайқириқ хаёлида эмас, тўйда жаранглабди.

Аста ўрнидан туриб ўртага мўралаганди, кутилмаган манзарани кўриб жони чиқиб кетаёзди.

Келин-куёвни ўша… Ҳозир ҳам бағрини ўртаб ташлаётган дард сабабчиси… Ботир табрикларди…

 

* * *

 

«Ие, — тинчини йўқотиб, юраги ҳаприқиб, кўзлари аланг-жаланг Ботир тарафга қараб хаёлан сўзланарди. — У қаердан кеп қолди? Қишлоқда эди-ку! Нега келди бу ерга? Қариндошими тўй эгалари ё? Нега бундай йўл тутди? Мақсади нима?..»

Манзура кўзларига ишонқирамай, аста четга чиқди-да, Ботирни одам камроқ жойдан туриб кузатди.

Ҳа, худди ўзи. Бегона эмас…

Ботир ҳам Манзурани кўрди ва сирли жилмайиб қўйди. Табрикни эса давом эттирди.

Шунда Манзура англади. Куёв яқин дўсти экан. Лекин бу ҳақда ҳеч нарса демаганди-ку! Сурхонга келишларини биларди. Нега индамади? Ҳа-а, ўзича кутилмаган совға тайёрламоқчи бўлган. Аниқ шундай. Айтса, Манзура қаршилик қилишидан қўрққан. Шунинг учун самолётга ўтиргандир-у, улардан ҳам олдинроқ келиб олгандир…

«Эҳ, Ботир, — кўнглидан ўтказди Манзура аста жойига қайтаркан. — Нимага бундай қилдинг? Сенга ҳамма гапни айтгандим, тушунтиргандим. Нимага мени қийнайверасан? Нима қилсам, ортимдан юришни тўхтатасан? Нима қилай? Ўзимни машинанинг тагига ташлаб ўлсам қутуламанми сенинг таъқибларингдан? Ё сенам ўзингни ўлдириб яна ортимдан эргашаверасанми?.. Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен барибир сени ўзимдан совутаман. Шундай қиламанки, қандай ортга чекинганингни сезмай қоласан. Кечир мени, Ботир! Сени оғир аҳволга солишни хоҳламайман…»

 

* * *

 

Ана энди Манзура астойдил шайланган эди. Шу тобда, бугун, тўй тугамасидан олдин Ботирни бу йўлдан қайтаради.

Бирпасдан кейин ўртакаш раққосани даврага таклиф қила бошлади. Айни муддао. Эркак меҳмонлар ўтирган тарафда алмойи-алжойи суҳбатлар қизигандан қизибди. Кайф-сафо авжига чиқибди. Агар яхшилаб таққосланса, Сурхон эркаклари водийликларга қараганда икки ҳисса кўпроқ ичкилик ичишаркан. Лекин бировнинг гандираклаганини, йиқилиб ётиб қолганини кўрмади. Демак, уларга тоғнинг соф ҳавоси далда экан. Манзура тоғ ҳавосининг қанчалар таъсирчанлигига бугун гувоҳ бўлди…

 

* * *

 

У одатини унутмай, обдон ўтирган меҳмонларга салом қилди. Бу саломи келин саломидан-да кўпроқ олқишланди. Меҳмонлар ҳуштаг-у қичқириқлар билан Манзурани — водийлик раққосани қарши олишди.

Хурсандбек ўртадаги хуш кайфиятни янада кўтариш ниятидами, «Лазги»ни бошлади.

Ана шундан кейин ичкилик таъсирига тушган эркаклар бирдан «очил»ди. Ўзаро суҳбатларга чек қўйилиб, барчаларининг эътибори Манзурага қаратилди.

Аёллар тарафда одам камайиб қолгани Манзурага янада қўл келиши тайин эди. У атрофга кўз ташлаб Ботирни қидириб топди. У бир четдан рақсни берилиб томоша қиларди.

Манзура дилига туйган ҳаракатларни бошлади. Келин-куёвларга яқинроқда ўтирган бир эркак қўлида пул чангаллаганча раққосани қошига чорларди. Манзура пилдираганча бир зумда эркакнинг тепасида ҳозир бўлди. Эркак пулларни Манзурага тутқазишга шошилмай, бўйнига қўл солди. Бошқа пайт бўлса, Манзура бир энгашиб унинг қўлидан чиқиб кетарди. Атайин қаршилик қилмади. Азбаройи кайфи чоғланган эркак пул тутган қўли билан Манзуранинг ярим очиқ сийналарини ғижимлади. Бу манзарага кўзи тушган қиз-жувонлар юзларини терс бурди. Эркаклар эса баттар қичқира бошлади. Шубҳасиз, талабгорлар сони ҳам кўпайди. ҳали уёқдан, ҳали буёқдан пул чангаллаганча келиб эркакнинг ҳаракатларини такрорлай бошлашди. Баъзилари Манзуранинг юзидан ўпиб қўйишни ҳам унутмади. Манзура эса билдирмайгина Ботир тарафга кўз ташлади. Унинг афт-ангори ўзгарган, асабий лаб тишлаганча Манзурадан кўз узмасди.

Бахтига маҳалла оқсоқоли орага тушиб эркакларни жой-жойига ўтқазди. Манзура эса пулларнинг ҳаммасини ёнига етиб келган машшоқнинг қўлидаги дойра ичига солди-да, ўрта айланиб рақс тушишда давом этди. Рақс тушарди-ю, хаёлан сўзланарди. Ботирнинг кўнгли совиганига ишончи комил эди.

«Энди кўргандирсан? — деди у яна Ботир турган томонга назар ташлаб. — Кетиб бўпсан-ку! Хайрият, шундай қилмасам бўлмасди. Сен ҳали ўзингга муносиб, тарбияли, иболи қизни албатта учратасан. Ўшанда менга раҳмат дейсан. Мен бўлсам, сени ҳар гал ўшандай қиз билан кўрганда, бир қопдан семираман. Ғойибона бўлса-да, дуо қиламан, сенга худойимдан бахт сўрайман. Э, мени қўявер. Яратган инсоф бермагунча бугунгига ўхшаб ҳаромдан пул топавераман. Биламан, бу пулларнинг баракаси бўлмайди. Уйимга ҳаром пулларнинг дастидан файз ҳам кирмайди. Кечир, мен ўзбошимчани, ибосини йўқотган яллачини кечир…»

Шу кеча Манзура ярим тунгача ухлай олмади. Кўз юмди дегунча Ботирнинг қовоқ уйган ҳолати намоён бўлиб бағри ўртанаверди. Ўпкаси тўлиб келиб пиқ-пиқ йиғлайверди. Охири йиғисини биров эшитиб қолмаслиги учун бошини кўрпага буркаб олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: