Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 14 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?..

0

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Юлдузлар сизга ёқимсиз кунни ваъда қилишмайди. Аммо кунингиз ўта ёқимли ҳам кечмайди. Муаммолар қалашиб ётибди. Уларни фақат ўз кучингиз ва имкониятингизга суянган ҳолда бартараф этишга мажбурсиз. Муҳаббатда туйғулардан ҳам баланд келишга уринманг. Яқин кишингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин. Эсда тутинг, жуфтингиз ё бўлғуси жуфтингиз сиздан аниқ ва дангал қарорларни кутмоқда. Буни уддалашга мажбурсиз. Саломатликка алоҳида эътибор беринг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

14 мартда мақсадга, эзгу ниятларга етишнинг янгича усулларидан фойдаланиб кўринг. Башарти ўзингиз уддалай олмасангиз, дўстларга мурожаат этинг. Ўз устингизда ишлаш ва ташқи кўринишингизга эътибор қаратиш бугун хайрли ва омадли кечади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Овқатланиш масаласида сергак туринг. Муҳаббатда қасам ва ёлғон ваъдалар туфайли чув тушиб қолишдан сақланинг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Ўзингиз ва ўз кучингизга ишонган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Бировларга умуман ишониб қолманг. Муваффақиятсизликка учрайсиз. Мушкул вазиятларда раҳбарлар ёрдам қўлини чўзишини баён этади. Бу, шубҳасиз, ёқимли. Муҳаббатда қайғуга ботадиган лаҳзалар кўзга ташланмайди. Ёстиқдошингизнинг инжиқликларини ҳисобга олмаса, вақтингиз романтикага бой ўтиши кутилмоқда. Лекин саломатлигингиз бугун панд бериши ҳақиқатга яқин. Жисман нохушлик сезилиши билан дарҳол чорасини топишингизга тўғри келади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

14 март куни ўзингизга ёқмайдиган, кўнгли қора одамлар билан учрашиб мулоқот қилишингизга тўғри келади. Илож қанча, ҳар доим ҳам бандасининг айтгани бўлавермайди. Асосийси, ундайлар билан мулоқотда атайин жилмайиб, ёқимли сўзлардан сўзлашга ҳаракат қилинг. Молиявий масалада пулларни тежанг, сақлаб қўйинг. Яхши кунларга сарфлашни ният қилинг. Эзгу ниятлар албатта рўёбга чиқади. Кечқурун тоза ҳаво сайрини, овқатланиш режимига амал қилишни унутманг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Молиявий муаммолар бугун сизни ҳолдан тойдириши мумкин. Асаббузарликлар, хафақонликлар худди шу сабабли кўнглингизга меҳмон бўлиб ўтиши эҳтимолдан холи эмас. Баъзилар фарзанд ташвишларини бошдан кечириши кутилади. Оғир лаҳзаларда бўшашманг, курашинг, мардоналик билан олдинга интилинг. Мақсадга албатта етасиз. Хуш лаҳзалар албатта сизни сийлайди. Мабодо бизнес билан шуғулланишга аҳд қилган бўлсангиз, бугун муваффақиятга эриша олмайсиз.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

14 мартда ишхонангизда ҳамкасблар билан турли мавзуларда баҳслашиб қолишингиз эҳтимоли бор. Айниқса, фикрлар қарама-қаршилиги кўнглингизга оғир ботиши мумкин. Аммо депрессияга эрк берманг. Хафагарчиликлар ўткинчи. Тадбиркорларнинг куни туғади. Даромаднинг кутилганидан ҳам кўплиги сизни мамнун этади. Бироқ пул масаласида таваккал қилманг. Кечқурун хонадонингизга узоқ юртдан меҳмонлар ташриф буюриш эҳтимоли бор.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Афсус, бугун баъзилар молиявий жабҳада омадсизликка, йўқотишларга юз тутиши, аллакимлар суюкли инсони билан муносабатларга нуқта қўйиши мумкин. Аксарият дўстлар эса тушдан кейин хизмат сафарига жўнаши кутилади. Тадбиркор бўлсангиз, бугунги режадаги ишларни тез фурсатда тамомлаб, ҳамкорлар билан ҳисоб-китоб қилиб олишингиз керак бўлади. Башарти бўшашсангиз, ҳатто, ҳамкорлар ҳам чув тушириб кетиши ҳеч гап эмас.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

14 март куни нимаики ишга қўл урсангиз, мустақилликка интилманг. Тажрибали инсонлардан маслаҳатлар олинг, уддалашингизга кўзингиз етмаган ишларга таниш-билишларни жалб этинг. Муҳаббатда сизга биринчи навбатда бардош керак. Қолаверса, жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизга ишонишингиз зарур. Рашк қилманг. Бу оқибатда ажрашишгача олиб бориши турган гап. Куннинг иккинчи ярмида рўзғор учун керакли харидларни амалга оширишингиз мумкин.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Ишда ҳам, уйда ҳам қалбингиздаги безовталикни бировга билдирманг. Шундай йўл тутингки, ичингиздан ич қиринди ўтаётган бўлса ҳам, юз-кўзларингизда табассум ҳукм сурсин. Бошқалар сиздан ўрнак олишни ният қилсин. Муҳим ишларни бажаришда аниқ режа асосида ҳаракатлар содир этинг. Шунда омад сизники бўлади. Муҳаббатда совуққонликнинг яқинига ҳам борманг. Ҳар бир инсон барибир мулойимлик, қайноқ меҳр тарафдори бўлиши йиллар давомида ўз исботини топган. Соғлиғингизни ташқи хавфлардан ҳимоя қилинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

14 мартда бошингизга мушкул ишлар тушиши, дардингизни кимга айтишни билмай хуноб бўлишингиз мумкин. Эсда тутинг, бундай вазиятларда ўзингиз энг яқин дўст деб билган одамга қалбингизни очинг. У сизни нафақат ўз маслаҳатлари билан сийлайди, балки ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди ҳам. Шахсий ҳаётда қалбингизга қулоқ тутинг, қалбингиздан маслаҳат сўрашга эринманг. У алдамайди. Жуфтингиз билан қўша-қаришингиз учун қалбингиз ҳар балога тайёр туради.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Юлдузлар бугун эрталабданоқ саломатликни тиклаш, мустаҳкамлаш билан банд бўлишингизни маслаҳат беришади. Акс ҳолда бориб-бориб сўнгги манзил касалхона бўлиб чиқиши мумкин. Иложи бўлса, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтинг. Ишхонадаги юмушларни бажаришда қийинчилик ва тўсиқларга дуч келмайсиз. Ҳамкасблар билан муносабатларда ҳам сокинлик ҳукм суради. Оилада кечқурун фарзандлар тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиб қўйишингиз сўралади.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

14 март куни рўзғор буюмлари, алоқа воситалари, аниқроғи, телефон ва мебел сотиб олманг. Сарфлаган пулларингиз ҳавога учиши мумкин. Бу буюмларни сотганлар сизни боплаб чув туширишлари кутилади. Ишхонангизда ҳамкасблардан бирига ҳақиқатни айтиб балога қолишингиз кутилмоқда. Хизмат сафари билан бошқа шаҳарга боришдан ҳам бош тортинг, кўнгилсизликка рўбарў бўлишингиз хавфи бор.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

О. ҲАЙИТ тайёрлади