Фото: Танасидан 16 дона игна топилган болакай соғайиб уйига қайтди | Hordiq.uz
Бош саҳифа Юртимизда Фото: Танасидан 16 дона игна топилган болакай соғайиб уйига қайтди

Фото: Танасидан 16 дона игна топилган болакай соғайиб уйига қайтди

1

Жорий йилнинг январь ойида танасидан 16 дона игна топилган 11 ойлик болакай ҳақида хабар берилганди. 14 март куни Азизбек Абдумажидов соғайиб ўз уйига қайтди, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига асосан Дарё нашри.

Эслатиб ўтамиз, Азизбекнинг онаси фарзандининг безовталигидан хавотирга тушиб шифокорларга мурожаат қилган эди. Дастлаб томоғи шишгани, иситмаси борлиги туфайли унга шамоллаш ташхиси қўйилган. Бироқ болакайнинг аҳволи оғирлашганида у рентгенга туширилган ва танасида игналар борлиги аниқланган.

Бола ва унинг онаси зудлик билан Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилган. 17 январь куни Азизбек операция қилинган. 10 нафар шифокор иштирокида 9 соат давом этган операцияда болакай танасидан 13 дона игна олиб ташланган.

Болалар жарроҳли бўлими шифокори Дониёр Асадуллаевнинг айтишича, игналар Азизбек танасининг турли қисмларида жойлашган бўлган. Чақалоқнинг йўғон ичаги, сийдик қопи, кўкрак қафаси, бўйин қисми, умуртқа поғонаси, юрак остидан топилган игналар болани икки ойча қийнаган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

«Мазкур икки ой болакайга тинчлик бермаган. Бу операция тиббиётда камдан-кам учрайдиган оғир ва нозик амалиётдир. Операциядан кейин Азизбек бир неча кун комада ётди. Шифокорларни унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлидан келган барча ишни бажарди», — дейди Дониёр Асадуллаев.

Айни пайтда, бола танасида 3 та игна унинг ҳаётига хавф солмайдиган жойларда турибди. Тиббий таҳлилларга кўра, ҳозирча ушбу игналарнинг бола соғлиғига салбий таъсири мавжуд эмас. Агар у болани безовта қилса, келгусида операция йўли билан олиб ташлаш мумкин. Азизбек уйига қайтгач, ҳудудий шифокорлар назорати остида бўлади.

Бола танасига игналар қандай тушиб қолгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Шифокорлар 11 ойлик чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай жароҳат аломати йўқлигини қайд этишди.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

  1. Аввало яратганган шукур, тиббиёт ходимларини хам тани жонлари соғ бўлсин. Шу болани асраб қолишди. Шу мурғак болага кимни шундай қасди бор экан, хайронман, унга хам худони жазоси бордир. Лекин шу болани кўра олмайдиганлар хам бор экан. Хаммаси ортда қолгани рост бўлсин.
    Азизбекни умри узоқ, ризқи баланд бўлсин. Юритимиз равнақига муносиб хисса қўшадиган мард, жасур фарзанд бўлсин.
    Ота онасини ўртасида яйраб катта бўлсин. Отасини хам ишларига Аллохим барака берсин. Узоқларда ишламасдан шу юртимизда ишлаб юрсин. Омин.

Comments are closed.