«Суриштирмай турмуш қуриб, икки марта адашдим…»

1

— Бу дунёда эрта турмушга чиқиб, оғзи куйган тўртта бўлса, ўшаларнинг бири менман. Қайнонам: «Қизимдай кўраман, ўзим ёрдамлашаман, керак бўлса, ўқитамиз», деб келин қилди. Унинг «жоним-жоним» деб сўзлашига маҳлиё бўлган ота-онам йиғлаб-сиқташимга ҳам қарамай, мени турмушга узатди. Тўғри, эрим яхши эди, бироқ шунчалар кўнгли бўш эдики, онасининг измидан чиқолмасди. Табиийки, тўйдан кейин берилган барча ваъдалар унутилди…

Қайнонамдан анчагина зулм кўрдим. Қўлим косов, сочим супурги бўлиб хизматини қилсам ҳам камчиликларимни ҳамманинг олдида юзимга солаверарди. Бора-бора уйдаги барчанинг кўзига балодай кўрина бошладим. Турмуш ўртоғим билан ўртамиздаги жарлик кундан-кунга катталашди. Хуллас, мақтаниб-мақтаниб келин қилган ширинсўз қайнонам мени олдига солиб, қарғаб-қарғаб ҳайдаб юборди. Қорнимдаги болам билан қизлик уйимга қайтдим. «Болам дунёга келса, у билан овунаман», деб ўйлаган эдим. У ҳам нимжон туғилди. Шифокорлар туғма юрак етишмовчилиги, деб ташхис қўйишди. Боламнинг ўсал бўлиб туғилишида ўзимни айбдор деб биламан. Ҳар гапни гап деб йиғлаб-сиқтамаганимда ўғлим бундай бўлиб туғилмасмиди? Қишлоқда ота-онасининг уйига қайтган қизларга ёмон кўз билан қарашади. Шу сабабли шаънимга айтилмаган сўз қолмади. Отам қисматимга куйиб-куйиб касалмандга айланди. Охир-оқибат боламни олиб шаҳарга ишлагани кетдим. Яхшиларнинг ёрдами билан ишга жойлашдим. Ҳаётга қизиқишим ортгандек эди. Бир куни дардимни ўзим билан бирга ишлайдиган аёлга сўзлаб бердим. Ҳеч кимга оилавий сиримни айтмасдим, нега бундай қилдим. ҳайронман? Унга кўнглимдагиларни айтсам, бутун ишхонага достон қилиб юборибди. Бошида роса уялдим. Ҳамма менга таскин беради. Эркаклар мени кўрса, ўзини қўярга жой тополмайдиган бўлиб қолди. Ниҳоят, ёлғон туйғуларини пеш қилиб, йўлимни тўсадиган одат чиқаришди. Боши очиқ аёлга қийинлигини ана шунда англадим. Қишлоғимиздаги Нозима опани эсладим. Бечора эрининг ўлимидан кейин нақ балоларга қолганди. Одамлар у ташқарига чиқса ҳам гапирди, чиқмаса ҳам гапирди. Ариқдан эгилиб сув олса ҳам гапирди, олмаса ҳам гапирди. Бировга кулса ҳам гапирди, кулмаса ҳам гапирди. Ёлғон миш-мишлардан безиган аёл охири қари чолга турмушга чиқиб кетганди. Ҳа, мен ҳам ўша аёлнинг аҳволига тушдим. Ҳамма кўзимга балодай кўрина бошлади. «Айбим нима?» деб ўйлардим.

Бир куни ишхонамизнинг ҳисобчиси келиб, бундай юришим яхши эмаслигини уқтириб узундан-узоқ ваъз ўқиди. Кейин ўғли борлигини, истасам, унга келин қилишини айтди. Ҳаётимнинг қийин дамларида айтилган бу гапдан анча енгил тортдим. «Ёши улуғ аёл менга ёмонликни раво кўрмас», деб таклифига кўна қолдим. Ўғлини кўришга қизиққаним ҳам йўқ. Унинг тарбиясидан ҳам бехабар эдим. Шундай қилиб, йигирма ёшимда иккинчи марта турмуш қурдим. «Ниҳоят, ёруғ кунларим келди», деб ўйладим. Афсус, чучварани хом санаган эканман. Аввалига болагинам учун азоб тортдим. Янги уйимга касалманд болам сиғмади. Ака-укаларим ҳам «Болангни катта қиламиз, деб кўзимиз учиб турган эмас», дейишди. Хуллас, жондан азиз жигаргўшамни ўз ҳаловатим учун меҳрибонлик уйига топширдим. Онанинг фарзандини ўз бағридан юлиб ташлаши осон бўлмас экан, ҳали болагинамга куйиб, азам тарқамаган бир пайтда эримнинг гиёҳвандлигини билиб қолдим. Қайнонам ўғлининг гиёҳвандлигини мендан яширибди. Бу менга асло меҳрибончилик бўлмаган экан. Ҳамма айб ўзимда. «Нега бу аёл шунча қизлар қолиб, турмуш кўрган аёлни бўйдоқ ўғлига раво кўряпти?» деб сўраб-суриштирмабман ҳам. Қайнонам ҳам менга ўхшаган она-да! Чиқмаган жондан умид деб, «Уйлантириб қўйсак, бўйнига олахуржун илинса, оиласига кўнгли ийиб, ёмон йўлдан қайтар», деб ўйлаган. Қайнонамнинг бу ҳаракати ўз жонини сақлаб қолиш илинжида чўкаётган одамнинг хасга бўлса ҳам ёпишишига ўхшайди. Аммо бу менинг шундоқ ҳам остин-устин бўлган ҳаётимни баттар янчиб ташлаш эканлиги хаёлининг бир бурчига ҳам келмаган. Тўрт йил… Ўша ўтган кунларимни эсласам, тўрт йил гўё кўзимга тўрт аср бўлиб туйилади. Қайғу-азоблар ичидаги тўрт йил… Агар билсангиз, иккинчи турмушим биринчисидан ҳам аччиқроқ эди. Эсласам, юрагим орқага тортади. Мен ҳақимда қишлоғимизда болалаб кетган гапларни айтмасам ҳам бўлади. Эшитганимда юрагим қаттиқ оғриди. Ахир айбим нима? Нега мен шундай азобга дучор бўлдим?

Бугун уйдагиларни соғинсам ҳам, кўргани боролмайман. Фарзандимни ҳам соғинаман, унинг ҳаётини изга солиш ўрнига баттар издан чиқардим. «Ортга боқиб, ким бўлдим?» дейман. Икки марта турмуш қуриб ҳам кун кўрмадим. Қаерда хато қилдим? Бу ёғига қандай яшашга ҳайронман. Илтимос, йўл кўрсатинг.

ДАРЁДИЛ

Марғилон шаҳри

Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:

— Бошингиздан ўтган кунларни Яратганнинг иродаси, дея қабул қилинг, синглим. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Биринчисида ота-онангиз сўрамай-суриштирмай узатган бўлса, кейин ўзингиз сўраб-суриштирмай турмушга чиққансиз. Бундай кўнгилсизликларнинг аксариятига, одатда, келин-куёвнинг ёшлиги, турмуш қуришга ҳамда оила ҳақида тўла тасаввурга эга эмаслиги сабаб бўлади. Ота-оналарнинг «Жойи чиқса, текин бер», деган нақлга амал қилиб, қизининг қисматига панжа орасидан қарашаётгани сезилади. Қиз узатишдан аввал ўша жой чиндан ҳам текин   дейишга арзийдими-йўқми, буни яхшилаб суриштириши керак. Аммо, хом сут эмган бандамиз ва ҳаммамиз ҳам хато қиламиз. Синовли кунлар барчанинг бошида бор. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларида бу қадар иродасизлик қилиш яхши эмас. Ҳаёт ширин неъмат. Аввало, меҳрибонлик уйига топширган фарзандингиз ҳақида ўйланг. У сизни интизор бўлиб кутаётгандир. Уни бағрингизга қайтаринг. Болангиз учун яшашингиз, ҳаракат қилишингиз керак. Одамларга келсак, улар гапираверади. Сиз шундай яшангки, ўша гапирганлар тилини тишлаб қолсин. Энди йиғи-сиғидан фойда йўқ. Ҳаёт давом этяпти. Ўтган кунлар ўтди, синглим. Атрофга боқинг, ҳаётда оғзи куйган ёлғиз сиз эмассиз. Уларнинг ҳаммаси сизга ўхшаб, тақдир синовлари олдида енгилса, биласизми, нима бўлади? Сиз яхши кунларга арзийсиз. Яратганнинг сизга атаб қўйган яхши кунлари борлигига ишонинг.

Баъзан умидсизликка тушиш келажакни кўришга халал беради. Синовли кунлар ортидан роҳатбахш кунлар ҳам келади.

Шаҳноза РАҲМОНОВА
ёзиб олди.

«ҲОРДИҚ ПЛЮС» газетасидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

  1. Сингилжон хақиқатдан ҳам ёшлик қилгансиз. Нима бўлган тақдирда ҳам ўғлингизни бағрингизга олиб унинг оёққа туриб кетишига ҳаётингизни бағишланг.

Comments are closed.