ДХХга айланган МХХ: тизимнинг асосий вазифалари ҳамда ваколат доираси белгилаб берилди (видео)

0

Бироз аввал маълум қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармонни имзолади.

Мазкур фармонда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилган. Тизимнинг вазифа ҳамда ваколат доираси тўғрисида мазкур ҳужжатга асосланиб Кун.уз нашри маълум қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари қуйидагилар:
Хизматнинг махсус ваколатли давлат хавфсизлик сифатидаги ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини аниқлаб берувчи мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш;
бугунги кундаги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакл ҳамда услубларини жорий этиш;
юзага келаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий вазиятни эътиборга олган ҳолда давлат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифаларини бажаришда мавжуд куч ҳамда воситалардан самарали фойдаланиш имконини берувчи ташкилий тузилмани шакллантириш;
Хизмат фаолиятини давлат хавфсизлигини таъминлаш ишларининг шакл ва услублари, шунингдек, Хизмат ҳарбий хизматчиларининг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этувчи конспирация тамойили асосида ташкил этиш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилишини кафолатлайдиган таъсирчан механизмларни жорий қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳисобга олган муносиб ҳимоя қилишга қодир, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни Хизматга жалб этишга қаратилган кадрларни танлаш ва тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш;
меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, уй-жой ва маиший шарт-шароитларни яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш орқали Хизмат ҳарбий хизматчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

Хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари:
Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлик хизмати ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш;
терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласиа қарши курашиш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш;
иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
Хизмат тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш;
Хизматнинг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги ҳолатини такомиллаштириш ва сақлаб туриш, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятлар ююзага келган ҳамда ҳарбий ҳолат жорий қилингандаги ҳаракатларга тайёрлаш.

2018 йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга рухсат бериш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, режимли мудофаа объектларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш учун лицензия талабгорларига рухсат этилгани тўғрисидаги маълумотнома бериш – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ўтказилган.

Байроқ ва эмблемадан фойдаланиш тартиби Хизмат раиси томонидан тасдиқланади.

Хизмат икки ой муддатда Хизмат фаолиятини ташкил этади, Хизматнинг таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш тизимининг самарадорлигини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини киритади.