Марказий Осиё давлатлари сув муаммосини сиёсий савдолашувларсиз ҳал этади

0

Марказий Осиё мамлакатларидаги сув масалалари сиёсий савдолашув ашёсига айланмаслиги лозим, деди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Бугун Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Туркманистон номидан мамлакат мажлиси раиси Акжа Нурбердиева иштирок этди.

Назарбоев журналистларга бўлиб ўтган учрашув якунлари ҳақида гапириб берди.

«Энг асосий масала – бу сув муаммоси. Бизнинг мамлакатларимиз – 70 миллион киши икки дарё – Амударё ва Сирдарё оралиғида яшайди. Биз бу борада сиёсий савдолашувларга ўрин бўлмаслиги кераклиги ҳақида келишиб олдик. Биз гидроиншоотларни ҳам, сувдан фойдаланиш ва электр энергияси масалаларини ҳам барча давлатлар манфаатларидан келиб чиқиб ҳамкорликда ҳал қилишимиз лозим», — деди Назарбоев.

Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашганида «Қозоғистонга икки кун сув бермай қўйса вазият (чегарадан ўтказиш) дарҳол изга тушиб кетиши»ни айтганди.