Мен онамни кечирдим…

0

— Хотинимни жонимдан ортиқ яхши кўраман. Уни гўзаллиги учун эмас, фаросати учун қадрлайман. Аёлим мана шу оғир ҳаётимизда менга йўлдош бўлди. Усиз ҳаётимни асло тасаввур қилолмайман. Биз йигирма бир йил бир-биримизни ардоқлаб яшадик. Яқинда хотиним бир аёл билан учрашишим лозимлигини айтди. Юрагим бирдан тўхтаб қолай деди. «Наҳот унга бир нима бўлган бўлса? Ёки бирор оғир касалликка чалингани учун мени бошқа аёл билан учрашишимни истаяптими?» дея ҳайрон қолдим.

— Мен сени яхши кўраман. Менга бошқа аёлнинг кераги йўқ! Эсингни еганмисан? — дедим жаҳлимни зўрға босиб.

— Аммо бу жуда зарур. У сизни тинимсиз йўқлаётган экан.

Мени тинимсиз йўқлаётган аёл кимлигини сўрагандим, хотиним йўқловчи онам эканлигини айтди. Она! Бу сўзни эшитиб, оёғимга қадар музлаб қолдим. Ўн тўққиз йил аввалги воқеалар хотирамда тикланди…

Онам феъли жуда оғир аёл эди. Мен онамнинг биринчи турмушиданман. Отам онамни ташлаб кетган. Шунинг учун онам бирор шўхлик қилсам, «Отангдан кун кўрдим, сендан нима кўрардим?!» дея мени калтакларди. Баъзан «Онам ўз онам эмас, ўгаймикин?!» деб ўйлаб қолардим. Онам иккинчи марта турмуш қураётганида мен тўққиз ёшда эдим. У мени ўзи билан олиб кетишни истамади. Хуллас, у мени меҳрибонлик уйига топширди. Орадан тўрт йил ўтди. Бир кун онам йиғлаб меҳрибонлик уйига келди. Кўзларидаги ёшни кўриб, онамнинг ўзгарганига ишонибман. Онамнинг эри ўлибди. Бева қолгач, мени йўқлаб келибди. «Онамни меҳр етаклаб келган», деб ўйлабман. Йўқ, ундай бўлмаган экан. У боқувчига муҳтож бўлибди. Чунки иккинчи оиласидан қиз фарзандли бўлган, эрининг биринчи турмушидан қолган уч боласига ҳам боқувчи керак эди. Онамга қолганда уларни аллақачон меҳрибонлик уйига топшириб юборарди, бироқ яқинлари унинг қўлидан уйни тортиб олишларидан қўрқарди. Шунинг учун уларга кун бермаса-да, уйдан ҳайдамасди. Хуллас, уйга қайтишим билан онам мени бир қўшни амакига қўшиб, Россияга ишлагани жўнатди. Бола ҳолимга оғир ишларни бажарардим ва уйга пул жўнатардим. Бир кетишда ўн беш йил уйга пул жўнатиб турдим. Онам бу орада болаларини уйли-жойли қилди. Ўзим уйланганимда ўттиз иккига киргандим. Худога шукрки, хотиним оқила аёл чиқди. Бироқ биз фарзандли бўлганимиздан кейин онам буткул ёвуз аёлга айланди. Бир куни эр-хотин иккимизни уйдан ҳайдади. Уйга эса синглим кўчиб келди. Мен тағин оғир юкни елкамга олиб, бетиним меҳнат қилдим. Худо мени кўпдан кам қилмади. Мен яна давлат топдим. Ҳашаматли иморатлар солдим. Мен шу чоққача тинч яшадим. Онам мени нега йўқлатганига ҳайрон эдим. «Унга яна нимага керак бўлиб қолган эканман», деб ўйладим. Аммо «Нима қилганда ҳам онам, у мени дунёга келтирган», дедим-у, онамни йўқлагани бордим. Сўрида оёғини чўзиб ўтирган бир кампирни кўрдим. У тақдирга анча тан бериб қўйган экан.

— Ишқилиб, соғлиғинг жойидами, тинчмисан, ўғлим? — дея сўради онам.

Умримда ундан бундай ширин гапни эшитмаганим учун кўнглим ғалати бўлиб кетдим. Шу тобда уни бағримга босгим келди, бироқ яқинлашгани қўрқардим. У мени итариб ташлаши мумкинлигидан қўрқардим.

— Сизни кўргани келдим, — дедим мен.

Онам ўйланиб қолди ва деди:

— Келганингдан хурсандман, болам.

Мен эса бахтиёр эдим. Бу сафар бу сўзлар ёқимли эшитилаётганди. Узоқ йўлда қийналиб онамнинг уйига бироз асабий ҳолатда бордим. У ҳам эшик олдида кута-кута бироз ҳориган эди.

Онам билан бироз гаплашиб ўтиргач:

— Ойи, келинг, сизни айлантириб келаман, — дедим.

У менга жилмайди ва дарҳол рози бўлди. Онам уйга кириб кетди ва ёшлик йилларидаги каби безаниб чиқди.

— Синглингга сен билан сайрга кетаётганимни айтгандим, оғзи очилиб қолди, — деди онам машинага ўтиргач. — У сени мени ҳеч қачон кўргани келмайди, деб ўйлаганди.

Биз шинам емакхонага кирдик. Онам билагимдан ушлаб зиналардан оҳиста кўтарилди. Шундагина унинг қариганини ҳис қилдим.

Овқат пайтида ўз ҳаётимиз ҳақида сўзлашиб ўтирдик. Гапга берилиб кетганимиздан вақт ўтганини ҳам сезмабман. Алламаҳалда онамни уйига кузатиб қўйдим.

— Кейинги сафар мен таклиф қиламан, — деди онам.

Мен рози бўлдим.

Уйимга келгач, хотиним учрашув қандай ўтганини сўради.

— Жуда яхши. Кутганимдан ҳам аъло! — дедим ва бу гапни жуда енгиллик билан айтдим. Чунки онам ҳақида ўйлаганимда юрагимда оғирлик пайдо бўларди. Ўша ҳозир буткул йўқолган эди. Мен онамни кечиргандим. У табиатан бемеҳр бўлганини тушундим. У айбларини кеч бўлса-да, англаган эди.

Бир неча кундан сўнг онам юрак хуружидан вафот этди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, онам учун бирор нарса қилишга ҳам улгурмадим. Бироз вақтдан кейин эса уйимга почтадан хат келди. Конвертни очмасимдан юрагим дукиллаб ура бошлади. Хат онамдан эди: «Мени кечир, ўғлим, сен учун мен она бўлиб ҳеч нарса қилмадим. Мен умр бўйи меҳрни, болалигингни, ёшлигингни, ҳамма-ҳамма завқни сендан тортиб олибман. Ўша куни ресторанда бўламанми-йўқми, буни билмайман. Шунинг учун буюртма берилган жойга хотининг билан бирга боришингни истардим. Сен билан учрашган куним жуда бахтли эдим. Сени яхши кўраман, ўғлим».

Ўша лаҳзада «сени яхши кўраман» сўзининг нақадар буюк куч эканлигини англадим. Кўзимга ёш келди. Инсоннинг ҳаётида онанинг ўрнини ҳеч ким эгаллай олмаслигини тушундим. Мен онамни чин юракдан севишимни, унга умр бўйи интилганим ҳам шу меҳр туфайли эканлигини англадим. Онадан ранжиб бўлмайди. Онанинг жонини жабборга беришга рози бўлиб сени дунёга келтиришининг ўзи бир бахт! Мени дунёга келтирганингиздан мингдан-минг розиман, онажон, мен ҳам сизни яхши кўраман.

БОБУР, Самарқанд

«Ҳордиқ плюс» газетасидан