Ўзбекнинг муаллими!

0

Етти кунки юракда алам ўти сўнмайди,
Етмиш йил ўтса ҳамки, кўнгил энди кўнмайди.
Қисмат экан, на чора, деманг, ўв биродарим,
Муаллимни хор қилган миллат борки – унмайди.

Алжабрдан дунёга сабоқ берганимиз рост,
Устурлобда самодан юлдуз терганимиз рост,
Бироқ боболар билан ифтихор қилдик, холос,
Муаллимни хор қилган миллат борки – унмайди.

Ойни ишғол этганлар Миррих – Марс умидида,
Коинотга кўз тикар, тирик сас умидида,
Бизчи яшаймиз ҳамон тўлиқ дарс умидида,
Муаллимни хор қилган миллат борки – унмайди.

Бизнингчалик қайдадир урфон уфурганмикан,
Ё бизнинг муаллимдек кимдир “уф” урганмикан,
Навоийнинг устози кўча супирганмикан,
Муаллимни хор қилган миллат борки – унмайди.

Илиммас, иш қидириб хорижда юрса ўзбек,
Ҳаёсини сидириб, хорижда юрса ўзбек,
Улуғ номин синдириб, хорижда юрса ўзбек,
Муаллимни хор қилган миллат борки – унмайди.

Дўст бўлсангиз алдаманг, рост сўзланг, дер Юртбоши,
Орли бўлинг, ўзбекка хос сўзланг, дер Юртбоши,
Афсус, тўхтамас ҳамон мансаб, амал талоши,
Муаллимни хор қилган миллат борки – унмайди.

Наврўзда тилак қилдим – синфлар бўш қолмасин,
Мактабларни тўлдирсин муаллимлар илими.
Бирор бир ўқитувчига кўчада иш қолмасин,
Дунёга донг таратсин ўзбекнинг муаллими!

Воҳид ЛУҚМОН