Шоирларнинг маъшуқаларига!

0

Йигит интиқ ташлади назар,

Қиз хўрсиниб қўйди оҳиста.
Болта эди йигитнинг исми,
Қизнинг исми эса Шоҳиста…

Болта шоир шеърлар ўқийди,
Ҳеч кимсага боқмасдан қиё.
Ўртанади қизнинг юраги,
Бўлиб унга буткул маҳлиё…

Шоир эса оҳ чекар тинмай
Бор йўғидан мангу жудодай.
Талпинади шоирга сулув,
Сиғинади худди худодай.

Ғазалми ё, шеърми ўқиди,
Илғайолмай қолдимда ўзим.
Шўрлик қизча хаста инграниб,
Тиз чўкдию, айлади таъзим…

Шоир гўё, бир мағрур қоя,
Шивирлайди жим хаёл билан,
Сирлашади қиз четда қолиб,
Хаёлида бир аёл билан…

Савол бердим чидолмай сира,
Кўзлари тун, қора сочликка.
Хотин бўлсанг шоирга синглим,
Чидайсанми гўзал очликка?

Шоирларнинг хотинларидир,
Дунёдаги энг шўрлик аёл!
Шу сўзимни қулоғингда тут,
Қайтиб мендан сўрама савол.

Ишлолмайди бирон бир жойда,
Тупурганман дейди бойликка.
Чидолмайсан эй, соҳибжамол,
Яшаб бўлмас ахир ойликка?

Ойлиги ҳам асли омонат,
Сенга етмай бўлгайдир тамом.
Мухлисидан улфатлари кўп,
Шоир бой деб ўйлайди авом.

Битта узук олиб беролмас,
Йиллаб ёзган достонларига.
Қовоғингни сал уяр бўлсанг
Кетиб қолар осмонларига…

Чор атрофи тумонат душман,
Шароб ичар гадойлар билан.
Дон Ки Хотдай олишар тинмай,
Саройдаги худойлар билан.

Бу қавмнинг феъли кўп ғалат,
Йўқчиликни бойлик деб билар.
Ўз боласи йиғлаб турганда,
Бегонанинг бошини силар.

Унга тегсанг ажрашинг тайин,
Худо берган ҳусни кўркингдан.
Озодликни куйлайди лекин,
Жудо қилар сени эркингдан…

Билганимча айладим баён,
Энди бошқа сўрама савол.
Дунёдаги энг бахтли инсон –
Шоир қалбин англаган аёл!

Болта эди йигитнинг исми,
Қизнинг исми эса Шоҳиста…

Хамроқул Асқар