СЎҚИР ҚИЗНИНГ ҚОРА ҚИСМАТИ… (8-қисм)

0

 

 

* * *

 

Нилуфар тонгга яқин чарчоқ енгиб, ухлаб қолган экан. Бош врачнинг овозидан уйғониб кетди. Нима қилса ҳам, эркак киши. Дарров оёқларини кўрпа остига олди.

— Асал қизим, яхши дам олдингми? — мулойим оҳангда сўради бош врач наридаги каравотда ётган Замира билан бош ирғаб сўрашаркан. — Ҳеч ким безовта қилмаяптими? Яхши қарашяптими?

— Нега келдингиз? — сўради Нилуфар жавоб бериш ўрнига. — Овора бўласиз, ўша айтган уйингизга бормайман, барибир!

— Ие, қизим, бу нима деганинг? — кулди бош врач. — Бу сафар сенга ён бериб келдим, қизим. Ўйлаб кўрсам, ҳақиқатан у ер сенга тўғри келмас экан. Шунинг учун энди сенинг кўнглингга қарайман. Нима десанг, шу бўлади. Хоҳласанг, касалхонамизда қолишинг мумкин.

— Йўқ, — деди хиёл чеҳраси очилиб Нилуфар, — Касалхонангиз зиндонга ўхшайди.

— Оббо сен-эй! — хохолаб кулди бош врач. — Зиндон, дегин? Майли-майли. Зиндон бўлмасаям, ҳар қалай, ёқимсиз жой-да! Буни биламан. Хўш, нима дейсан? Кўнглинг қаерни тусайди, Нилуфархон?

Нилуфар беихтиёр кулимсиради.

— Хоҳлаган жойимга оборасизми? — сўради эркаланиброқ. — Алдамайсизми?

— Қизиқсан-а, асалим! — жиддий тортди бош врач қор қўнган сочларини силаб. — Сендай гўзал, сарвқомат қизни алдарканмизми? Айтган ерингга олиб борамиз. Ана ундан кейин орқага қайтамиз. Сенинг бир оғиз гапинг кифоя.

— Унда шаҳардаги бирор ер ости йўлига обориб ташлайсизлар!

— Ер ости йўлида яшамоқчимисан? Ахир…

— Сўз бердингиз-ку, дўхтир! — тўсатдан йиғламсиради Нилуфар. — Энди бўлса…

— Йўқ-йўқ, сўздан қайтиш йўқ. Ер ости йўли бўлса, ер ости йўли-да! Ўша ерда кун кўришни ихтиёр қилибсан, нимаям дердим? Хўш, жўнай қолайлик унда.

Нилуфар шошиб қолди. Худди узоқ муддат қафасда яшаб, тўсатдан озодликка чиққан қушча каби типирчилаган кўйи тимирскиланганча майда-чуйда буюмларини қидира бошлади. Айни чоғда уни сира таниб бўлмасди. Орзулари ушалиш, ҳеч кимга боқиманда бўлмаслик, эркинлик ҳисси бу сўқир қизни бир неча дақиқа ичидаёқ гўё дунёдаги энг бахтли инсонга айлантириб қўйганди. «Мен кўр бўлсам ҳам, ҳеч бирингдан кам эмасман, эй, бандалар! — ўйларди тараддудланиш асносида ўзича. — Ҳали кўрасанлар, барчангни доғда қолдираман! Бажарган буюк ишларимни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсанлар! Ҳой, Арслон, сенам эшитиб қўй, мендай мард, довюрак, меҳрибон, маъсума хотинни ўлгунингча топа олмайсан! Чунки мендақаси ҳали туғилмаган, туғилмайди ҳам!..»

Шундай ўйларни миясида кечираркан, Нилуфар бирдан қаддини кўтарди-да, хаёлан палата билан видолашди: «Биламан, сен зиндон каби қўрқинчлисан. Аммо сендан ранжимадим. Мени зулмат ихтиёрига буткул топшириб қўймадинг. Замира, Ойсулув опани бағрингга олдинг. Ҳамширалар, врачлар, келиб-кетувчи кимсаларни қошингга чорлаб, мени чалғитдинг, дардимни аритдинг! Алвидо энди, хонажон! Илойим қайтиб қучоғингга мендайин нотавонлар сингмасин!..»

Бу орада икки ҳамшира бош врач етагида палатага кириб келди ва улар Нилуфарни қўлтиғидан олиб, ташқарига бошлашди.

 

* * *

 

Машина чайқала-чайқала кўп қаватли уйлардан бири рўпарасида тўхтади.

Ташқаридан аллакимларнинг товуши қулоққа чалинарди. Нилуфар товушларни илғашга, шу йўл билан қаерга олиб келишганини аниқлашга уринди.

Адашмаса, ўзи яшаган уй атрофида шундай ҳайқириқлар, овозлар зоҳир эди.

Шундай ўй миясига урилди-ю, қўрқиб кетди. Пайпасланиб ёнида ўтирган бегона аёлнинг билагини топди ва маҳкам ушлаб олди.

— Мени қаерга олиб келдиларингиз? — аёлни силтай бошлади у важоҳат билан. — Алдадиларингиз! Мени бошқа жойга опкелдингиз! Қайтаринг мени, қайтаринг!

— Вой, синглим, ўзингизни босинг! Тинчланинг! — дея Нилуфарни қучоқлаганча юпатишга тутинди аёл. — Сиз менинг уйимга келдингиз, асалим! Ўзим қарайман сизга.

Шундан кейингина Нилуфар сал ўзига келгандек бўшашди. Бироқ шубҳалари ҳамон тарқамаганди. Аёлга юзланиб савол ёғдиришда давом этди:

— Сиз кимсиз ўзи? Нега мени қарамоғингизга олмоқчисиз? Ниятингиз нима?

— Вой, қизим-эй, қийнавордингиз-ку мени! — оғир хўрсинди аёл. — Исмим Маърифат. Кўзи ожизлар жамиятини бошқараман. Сизни даволаган врач яқин танишим эди. Бир куни сиз ҳақингизда куйиниб гапириб қолди. Яширмайман, ачиниб кетдим. Айниқса, сизни кўрганимдан кейин шундай гўзал, сарвқомат қизнинг хор бўлишини тасаввур қилдим-у, ваҳимага тушиб қолдим. Нилуфархон, келинг, бир-биримизга ишонайлик. Меникида хоҳлаганингизча яшанг, ўзингизга келинг, жароҳатларнинг ўрни битсин. Ана ундан кейин гаплашаверамиз. Нима дейсиз?

— Мен барибир сизникида узоқ қололмайман, — деди Нилуфар йиғламсираб. — Мени ерости йўлига оборамиз деб алдадиларингиз. Ишонмайман ҳеч бирингизга.

— Бўпти, бўпти, қани тушайлик-чи, — гапни кесди Маърифат опа. — Ичкарига кирволайлик, ҳаммасини тушунтираман ўзингизга. Яхши қиз бўлинг-да энди!

Нилуфар қаршилик кўрсатмади. Маърифат опанинг кўмагида машинадан тушди-да, пайпасланиб олдинга қадам ташлади.

Бу хонадон сокин ва шинам эди. Гарчи кўзлари кўрмаса-да, Нилуфар бу уйга кирибоқ енгил тортди. Хона ичидан таралаётган ёқимли ифор кўнглини яйратди. Қалбини хотиржамлик ҳисси эгаллади. Бунга Маърифат опанинг куйиб-пишишлари, мулойим сўзлашлари, қайноқ меҳри, парвариши, ширин забони қўшилиб, ҳаётдан умидлари сўна бошлаган Нилуфарга янги умид, ният, мақсад, ишонч берди. Энди у ўтган кунлар ҳақида деярли эсламасди. Фақат эртанги ҳаёт ҳақида ўйларди.

Биларди, ҳис этарди, барибир яқин орада бу файзли хонадонни тарк этишга мажбур бўлади. Нилуфар нимаики бўлмасин, қандай аҳволда қолмасин, бировга қарам бўлмаслиги, кимнингдир қош-қабоғига мўлтираб қолмаслиги зарур. У шундай ҳаётга ўрганган.

Катта кўчада туртиниб-суртиниб бўлса-да, ўз йўлини топиши шарт. Нонини ўзи пешона тери эвазига ишлаб топган пулига сотиб олиши керак. Шунда тинч бўлади, ҳайиқмайди, талвасага тушмайди, хаёлан, руҳан хорланмайди, тушкунлик ботқоғидан нари бўлади. Хўш, кўр бўлса нима қилибди? Кўнгил кўзи очиқ-ку! Ҳануз оламни сезмоқда, дунё гўзаллиги тасаввурида чарх урмоқда. Қолаверса, кўчада ҳам Маърифат опа каби меҳрли инсонлар топилади. Улар Нилуфар йўлини тополмай хуноб бўлганда, қўлтиқлаганча тўғри йўлга солишади. Кўмаклашишади, кўнглини кўтаришади…

Эҳ, нима қилсин? Умри сўқирликда ўтиши пешонасига ёзилган экан-да! Чидайди, бардош қилади, севади, улуғ мақсадлар сари қадам ташлайди…

Орадан икки ҳафтача вақт ўтгач, Нилуфар ниҳоят ёрилди. Жилмайган кўйи Маърифат опага бор гапни тушунтирди.

— Мен текинтомоқликка ўргана олмайман, — деди у жиддий оҳангда. — Сиз тўғри тушунинг. Бир умр етимликнинг қотган нонини кемириб яшадим. Ўзим йиғладим, ўзим юпандим. Аммо бировга ортмоқланмадим. Бундан кейин ҳам шундай қилсам тўғрироқ бўлади, опажон.

— Сизни тушунаман, — деди Маърифат опа уф тортиб. — Эркинликни соғинасиз. Ўзгаларга ўхшаб ишлагингиз, ўз уйингизда яйраб яшагингиз келади. Лекин ҳозирги аҳволингизда бу мумкин эмас-ку! Нима қилайлик? Фалокат экан. Ҳозир кўчага чиқсангиз-у, бирор ярамас, бадбахтнинг қўлига тушсангиз. Ҳар ҳолда гўзал, ёш, навқирон қизсиз. Буёғини ўйладингизми, қизим?

— Ўйладим, — деди қайсарларча Нилуфар. — Барибир кетишим керак.

— Йў-ўқ, нима десангиз денг, аммо сизни ҳозирги аҳволингизда қўйиб юборолмайман. Ҳали эсимни еб қўйганимча йўқ.

Маърифат опа шундай деди-ю, гап-сўз кўпаймаслиги учун даст ўрнидан турди-да, балконга чиқиб кетди.

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча вақт хуфтондан ошди. Нилуфар ҳамон ўй сурарди. Эркин ҳаётга қайтиш, бировга боқиманда бўлмаслик йўлларини қидирарди.

Ўйлагани сайин юраги сиқилар, муштдек кўкси чўғ каби ёнарди. Бағрини армон, андуҳлар тоши эзарди. Ҳар бир ўйлаб топган йўли сароб эканига амин бўлгач, бор овозда додлагиси, жар солиб ёруғ дунёни қарғагиси келарди.

Шундай маҳзунликда кўзи илинди. Уйқуга кетди-ю, ўзини кенг далада кўрди.

Дала ўртасида теваракни чанг-тўзонга тўлдириб трактор тариллар, бир четда ўн-ўн беш чоғли аёл кетмон билан астойдил ер текисларди.

Умрида қишлоққа келиб кўрмаган Нилуфар ҳайрон эди. Дала ўртасида қотиб турганча нуқул атрофга аланглар, қай томонга юришни билмасди.

Кўз очиб юмгунча сочлари, кийимлари чангга ботди. Уст-бошини қанча қоқмасин, баттар чанг ёпишаверди.

Шу тобда кетмон чопаётган аёллар орасидан қорамағиз, паст бўйли, дўмбоққина аёл ажралиб чиқди-да, Нилуфар томон кела бошлади.

Бу аёл Нилуфарнинг кўзига жуда-жуда иссиқ кўринарди-ю, аммо таний олмасди.

Аёл яқин келди-да, тўсатдан тўхтаб, унга масхараомуз разм солди. Негадир сўзлашга шошилмади. Нилуфарни обдон кузатди.

— Келибсан-да, — деди ниҳоят киноя аралаш. — Қишлоқни ёмон кўрардинг-ку! Чанглардан дарров зада бўлганингдан сездим ҳаммасини. Ўзингга қолса келмасдинг. Бир дардинг бордир-да! Гапир, жувонмарг!

Нилуфар ҳеч нарсани тушунмади. Аёл нимани назарда тутгани, не мақсадда қарғанганини англай олмай ҳалак бўлди. Ахир, ким ўзи бу аёл? Нега томдан тараша тушгандек қарғанмоқда?

— Сиз ўзи кимсиз? — сўради ҳадиксираб. — Кўзимга жуда иссиқ кўриндингиз-у, барибир таний олмадим сизни, опажон.

— Нима? — тутоқиб кетди аёл. — Опажон? Вой мен ўлиб қўя қолай-й! Ҳали шунчаликка бордингми? Шунақа ёмон бўп кетдингми? Ваҳшийлашиб қолдингми?

— Сизга нима ёмонлик қилдим? Нега мени уришаверасиз? Қишлоғингизга биринчи марта келиб турган бўлсам..

— Ҳой, ер юткур! — аёл беихтиёр титраб бир неча сония икки ёнига ўгирилиб нимадир қидирди. Сўнгра икки кафтини тупроққа тўлдирди-да, даст қаддини кўтарди. — Ўз онангни танимайсанми? Туққан онангни-я? Ифлос, сени мен дунёга келтиргандим-ку! Энди ахлатинг ариб, катта қиз бўлдингми? Онанг сенга керак бўлмай қолдими?

Шундай деди-ю, аёл қўлидаги тупроқни Нилуфарнинг юзига сочди.

Нилуфар қум тўлган кўзларини кафтлари билан тўсганча ерга энгашди ва додлаб юборди.

— Вой кўзи-им! Ойижо-он! Бу нима қилганингиз?..

— Сизга нима бўлди, қизим? Ёмон туш кўрдингизми? — Маърифат опа чопа келиб Нилуфарнинг тепасида ҳозир бўлди. — Қани, турволинг-чи! Жуда яхши. Нима бўлди? Босинқирабсизми?

Нилуфар Маърифат опа тутқазган қора кўзойнакни тақди-да, оғир хўрсинди. Шу кўйи бирпас тургч, пайпасланиб ниманидир қидирган бўлди.

— Тушимга ойим кирибди, — деди сўнг кўрпасини чангаллаб. — Кўзимга тупроқ сепди. Мени қарғади.

— Э, тушга нималар кирмайди, — уни тинчлантира бошлади Маърифат опа. — Бошингизга тушган кулфатларни ўйлаган бўлсангиз керак. Шунга қўрққандирсиз. Ўтиб кетади. Сира сиқилманг! Арзимаган тушни деб сиқилаверсангиз, касал бўп қоласиз. Туринг, аллақачон тонг отган. Ҳозир ўзим сизга асалли чой дамлаб бераман. Қани, туринг-чи!

Нилуфар итоаткорона ўрнидан туриб, Маърифат опанинг қўлтиғига кирди.

Биргалашиб нонушта қилишди. Бу орада рўпарадаги қўшнининг Мафтуна деган саккиз яшар қизчаси кириб қолди.

Нилуфар шу қизчани жуда яхши кўриб қолганди. Ёш бўлишига қарамай, ширинсухан қиз. Ҳар гал Маърифат опа ишдалигида Нилуфарга мана шу қизча ҳамроҳлик қилади. Кўнглига қарайди, нимани хоҳласа, дарров муҳайё қилади.

— Мен ишга кетдим энди, — ўрнидан турди Маърифат опа Мафтунага кўз қисиб. — Қизалоғим, Нилуфар опангни зериктириб қўймайсан-а?

— Ҳа-а, — деди эркаланиб Мафтуна. — Зўр мр-3 диск опчиқдим, Нилуфар опамга қўйиб бераман.

Қизалоқнинг бу гапи Нилуфарни эритиб, мийиғида кулиб қўйди ва уни қучоқлаб олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: