Биз уни қайдадир бор деб эшитдик, Биздан муҳаббатга саломлар бўлсин!

0

Нега бунча йиғлайсан, эркам,
Тийран баҳор эврилди соҳир.
Бахт сўзини тинглашга ўрган,
Сўзларимиз учрашди, ахир.

Не манзиллар, қанча чопгандик,
Чўллар, кўллар куйламиш тахир.
Қотиб қолган нуқта топгандек
Кўзларимиз учрашди, ахир.

Оҳ, қанчалар синовдан ўтдик,
Куйиб кетди юрагу бағир.
Орзуларнинг қўлидан тутдик,
Ҳисларимиз учрашди, ахир.

Ўқилди тонг, илоҳий оят,
Музликларга сингди тошқаҳр.
Вақт бизларни топди ниҳоят,
Кезларимиз учрашди, ахир.

Кўчамизда эски тантана,
Эртак гўзал тугади охир.
Турибмиз-ку ёнма-ён яна…
Изларимиз учрашди, ахир.

***

Тааммул қўйнида илоҳий мактаб
Таҳсиллар беражак. Дилга нур тўлсин.
Ҳаққуш қанотида жўнатсак мактуб,
Биздан муҳаббатга саломлар бўлсин!

Қалбнинг қалқонлиги ҳечдир, энди ҳеч,
Лайлининг нигоҳи адабий тилсим.
Мажнун саҳросида тунасак бу кеч,
Биздан муҳаббатга саломлар бўлсин!

Булбул забонида ёзсак изҳорни,
Форсий дилдор энди не қилса қилсин.
Тўксак пойига-да қайсар баҳорни…
Биздан муҳаббатга саломлар бўлсин!

Олисда кўринса сап-сариқ байроқ,
Сап-сариқ орзулар бизни зўр билсин.
Бошқа қайтолмаймиз, болалик йироқ…
Биздан муҳаббатга саломлар бўлсин!

Майли, таърифимиз мунгли қўшиқдек
Янграсин. Рақиблар эринмай кулсин.
Биз уни қайдадир бор деб эшитдик,
Биздан муҳаббатга саломлар бўлсин!

ТЕРСИЯТ

Осмонларга узатдик қўлни,
Юракларга қўнди бир сурур.
Танлагандик энг мушкул йўлни,
Охир бизни ўлдирди ғурур.

Бизга қарши жанг қилди само,
Бошимиздан ёғилди қорлар.
Қишдан омон чиққандик, аммо
Бизни қатл этди баҳорлар.

ИККИ КАРРА ИШҚ

Осмонга боқаман, сизга боқаман,
Ичимга сиғдира олмай туйғуни.
Сиз орқали яна севиб бораман
Уни.

Нақадар гўзалдир ишқда хотима,
Юракка қайтариб бергай ҳаётни.
Ўйлаблар, очиғи, қўрқиб кетаман
Сиздек чиройлини яратган Зотни!

Хайрула Ҳамидов

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: