Жағ-жағ қон кетишини тўхтатади

0

Халқ табобатида жағ-жағнинг ер устида ўсадиган барча қисмлари ишлатилади. У ўз таркибида олма, лимон, органик кислоталар, эфир мойи, кумарин, флавоноидлар, холин, ацетилхолин, тирамин, фитонцидлар, аскорбин кислотаси, К витамини, рутин, жуда кўп миқдорда калий ҳамда фосфор, макро ҳамда микроэлементлар (темир, мис, хром, марганец, альюминий, кобальт, титан) ва турли моддаларни сақлайди. Жағ-жағ ҳақиқий доривор малҳам сифатида азалдан маълум эди. Жағ-жағ ўтган асрнинг ўрталарида Европага қонни тўхтатувчи восита сифатида кириб келди.

ҚАЙСИ КАСАЛЛИКЛАРГА ДАВО?

Айнан жағ-жағ ички қон кетишни бир зумда қолдиради, айниқса, бачадон (кўп ва узоқ вақт давом этувчи ҳайз, туғруқдан кейинги ва ҳ. з), ўпка, буйрак, ошқозон-ичак, бурундан қон кетиш, бачадон атонияси, гипертония, гастрит, ошқозон яраси, ич кетиши, зотилжам, сийдик йўли, сийдик ва ўт-тош касалликлари, сийдик тута олмаслик, сил, бавосил, аёллар касалликлари, қайт қилиш, шамоллаш, ревматизм каби хасталикларни тузатади.

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Мазкур ўсимлик қон қуюлишини тезлаштиргани боис ҳам гиперкоагуляцияга учраган беморларга тавсия этилмайди. Шу боис ҳам жағ-жағ тромбоз, тромбофлебит; геморройга учраган беморларга берилмаслиги керак. Агар эмизикли аёлга жағ-жағ беришга тўғри келса, болани сунъий овқатлантиришга ўтказиб туриш керак. Ҳомиладорларга эса умуман тавсия этилмайди. Чунки у бачадон қисқаришига сабаб бўлиб, муддатидан олдин туғруқ ва бола тушишига сабаб бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, жағ-жағни рационга қўшишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.

 

ФОЙДАЛИ
ЖИҲАТЛАРИ

яллиғланишни даволайди;

сийдик ҳайдайди;

қон томирларини кенгайтиради;

қонни

тозалайди ва қон кетишини тўхтатади;

яраларни даволайди.

Жағ-жағ, шунингдек, ўпка касалликлари, моддалар алмашинуви бузилиши, атеросклероз, ревматизм ва подагра, дизентерия, холециститни бартараф этишда ҳам фойда беради.

 

ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

Кўпинча даво мақсадида жағ-жағнинг 70 фоизли спиртда эритилган суюқ экстракти ишлатилади. Уни бир кунда 20-25 томчидан 3 маҳал туғруқдан кейинги ва ҳайз давомидаги узоқ муддатли қон кетишларда бемор аёлларга бериш мумкин.

Бачадон аденомасида 1 ош қошиқ майда тўғралган жағ-жағни 200 мл қайнаган сувга солиб, 4 дақиқа давомида қайнатиш лозим ва бироз совигач, дарҳол ичиш керак.

Туғруқдан кейинги бачадон атониясида (қисқармаган бачадон кўп қон йўқотади) 1 ош қошиқ қуруқ кўкат устига 200 мл қайнаган сув қуйиб, 45 дақиқа давомида дамлаб қўйиш лозим. Уни 1 ош қошиқдан уч маҳал овқатдан олдин ичиш керак.

Сийдик пуфаги, буйрак касалликларида 40-50 мл майдаланган кўкатни 1 л қайнаган сувга солиб, 30 дақиқа тиндириб қўйилади. Тайёр бўлган дамламадан 1 ош қошиқдан кунига уч марта ичилади.

Жигар ва ўт пуфаги касалликларида доривор малҳам қуйидагича тайёрланади: 40-50 г кўкатни 1 л қайнаган сувга солиб, қайнатиш керак.

Умуртқа чуррасида 1-2 чой қошиқ жағ-жағ шарбатини асал билан аралаштириб, бир кунда 5-6 марта овқатдан кейин тановул қилиш лозим.

Қорин дам бўлишида 2-3 ош қошиқ қуруқ меваларни 200 мл қайнаган сувга солиб, дамламани кунига 1 ош қошиқдан 3 марта истеъмол қилиш лозим.

Климакс даврида жағ-жағ ўсимлиги шарбатининг 40-50 томчисини 1 ош қошиқ сувга солиб ичилади.

Бурундан қон кетишида (жароҳат ёки бирор касалликнинг асорати бўлиши мумкин) 2-3 чой қошиқ қуруқ ўсимликни 200 мл қайнаган сувга солиб, 10 дақиқа тиндириб қўйилади. Сўнг ундан ҳар куни 400-800 мл истеъмол қилиш лозим.

Туғруқдан кейинги оғриқларда қон тўхтатиш воситаси сифатида 20-30 томчидан кунига 4-5 марта ичилади.

 

Отқулоқ узоқ йиллик ўсимлик бўлиб, пазандачилик ва халқ табобатида кенг ишлатилиб келинади. Ўсимлик таркибида жуда кўп фойдали элементлар сақлангани боис даволашда беназирдир. Кўпинча оғриқ билан кечувчи ҳайз даврида отқулоқни истеъмол қилиш фойдали. Бундан ташқари, отқулоқ белдаги оғриқ ва зангила (цинга)ни ҳам даволайди. Циститда ванна кўринишида қабул қилинади. Отқулоқ замбуруғларга қарши курашадиган, сафро ҳайдайдиган ва қон тўхтатадиган хусусиятга эга.

 

Отқулоқнинг қайнатилгани фурункулёз ва бош териси замбуруғли касалликларини даволайди. Милкларнинг қонаши, ангинада ундан тайёрланган қайнатма билан оғиз чайиш мумкин. Отқулоқ шарбати эса организмдаги иситма, қичима ва ревматизмни даволашда ишлатилади.

Отқулоқ қатор витамин ва органик кислоталарга бойлиги туфайли касаллик билан бирга унинг пайдо бўлишининг ҳам олдини олади.

Отқулоқ моддалар алмашинувини яхшилаш ва ичак касалликларида ҳам фойда беради. Таркибида аскорбин кислотаси кўплиги боис организмдан зарарли холестеринни ҳайдаб чиқаради, баҳорги авитаминозни даволайди. Бундан ташқари, отқулоқ баргларининг заҳар ҳайдаш хусусияти ҳам мавжуд. Колит, бавосил ва ошқозон-ичак касалликларида ҳам яхши самара беради.

 

КИМЛАРГА МУМКИН ЭМАС?

Отқулоқ таркибида жуда кўп фойдали эелементлар бўлгани билан уни ҳар куни еб бўлмайди. Чунки мазкур кўкат организмдан кальцийни ювиб юбориш хусусиятига эга. Ҳомиладорларга ҳам тавсия этилмайди. Кўп миқдордаги отқулоқ кислотаси остеопороз ривожланишига туртки бўлади, буйрак ишига ҳам халал беради.

Отқулоқни қуйидаги ҳолатларда истеъмол қилиб бўлмайди:

ҳомиладорлик даврида;

буйрак билан боғлиқ муаммолар бўлганда;

ошқозон ярасида;

остеопороз, подаграда.

Отқулоқни ёши ўтиб қолган инсонлар тановул қилмагани маъқул, чунки у бўғимларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Отқулоқни кўп ва мунтазам истеъмол қилиш буйракда тош пайдо қилади. Бироқ ўсимликнинг салбий хусусиятини сут маҳсулотлари ёрдамида камайтириш мумкин.

Таркибида кўплаб дармондорилар, шовул кислотаси, айниқса, С витамини талайгина. Кўкламда отқулоқ қўшиб тайёрланган чучвара ва сомсалар қон босими кўтарилиши ҳамда меъда хасталиклари кузатилишида тавсия этилади. Отқулоқнинг 2-3 та баргини муздек сувда чайиб, пешонага қўйилса, бош оғриғини енгиллаштиради. Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилганида энса соҳасига малҳам сифатида қўйилса, танадаги иссиқликни олади.

Агар фолликула етишмаслиги тухумдонлар фаолияти билан боғлиқ бўлса, отқулоқ уруғидан 30 г олиб, устига 2 пиёла қайноқ сув қуйиб дамланади. 5 дақиқа тиндиргач, кунига уч маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин ичиш лозим. Отқулоқ дамламасини ҳайзнинг илк кунларидан бошлаб қабул қилиш мумкин.