СЎҚИР ҚИЗНИНГ ҚОРА ҚИСМАТИ… (17-қисм)

0

 

 

* * *

 

Нортўхта пешонасига тиралган милтиқдан заррача ҳайиқмаётганди. У ўзига ўқ узилишидан эмас, Нилуфарни бир гап қилиб қўйишларидан чўчирди. Лекин икки барзанги севгилисини эскитдан танигандек пойинтар-сойинтар гапларни гапириши тобора ғашига тегди. Тез фурсатда нимадир қилиш, икки босқинчининг адабини бериш муҳимлигини тушуниб етди.

Бироқ қандай қилиб? Бири пешонасига милтиқ тираб турибди. Иккинчиси Нилуфарнинг тепасига келиб нуқул ҳирингламоқда. Нима қилсин? Қандай йўл тутса, булар даф бўлади. Тинч қўяди?

Жуда қисқа фурсат ичида Нортўхта ниҳоят топди. Айёрлик қилишни, икковини чалғитишни маъқул билди.

— Иҳ! — деди-ю, кутилмаганда ерга энгашди. — Вой қорни-им!.. Кўричаги-им!.. Кўричаги-им!.. Ўлиб қоламан!..

Биларди. Иккинчи босқинчининг қўлида ҳеч вақо йўқ. Чайладаги пичоқ ёки бирор темир буюмгача етиб боролмайди. Демак, милтиқлисини қулатиб олса, униси чўт эмас.

Энгашган маҳали милтиқли барзанги бир муддатга бўлсин барибир чалғиди. Милтиғини Нортўхтанинг пешонасидан нари олиб нима бўлаётганини англашга тутинди.

Пайтдан фойдаланган Нортўхта эса барзангининг чоти аралаш мушт туширди.

То шериги шайланиб, уни ҳимоя қилишга интилгунча ўзи ҳам кўзига келиб тушган икки-уч мушт зарбидан ерга чалқанча қулади.

Нортўхта бу билан ҳам тўхтаб қолмади. Икковини кетма-кет тепкилайверди.

Ҳушдан кетиб жим бўлишгачгина уришдан тўхтади ва уст-бошини қоқа-қоқа Нилуфарнинг тепасида ҳозир бўлди.

— Ҳаммаси тугади, меҳрибоним, — деди уни қўлтиғидан тутиб аста турғазаркан. — Турақол! Мени гўл деб ўйлашган шекилли.

— Н-нима қилдингиз? — қўрқа-писа сўради Нилуфар титраб. — Нега улар индамай қолишди? Ўлдириб қўйдингизми?

— Йўқ, ўлдирмадим, — жавоб қилди Нортўхта мулойимлик билан. — Сен қўрқма! Ҳушдан кетишди холос зўравонлар. Ярим соатсиз ўзига келмайди.

— Қаттиқ урдингизми?

— Унчаликмас. Қаттиқ урсам, ўлиб қолишарди. Зарил кептими қаёқдаги қаланғи-қасанғилар дастидан қамалиб? Юр, ўтовга етиб олайлик!

Нилуфар пича эркаланган оҳангда сўз қотиб секин Нортўхтанинг биқинига туртиб қўйди.

— Жудаям баджаҳл экансиз!..

 

* * *

 

Ўтов ёнида бир неча ўнлаб қўни-қўшнилар йиғилишганди. Улар ўртасида кекса отаси кўзларидан дув-дув ёш тўкилган кўйи бош эгиб турар, кимлардир қарияни астойдил овутиш билан банд эди.

Шу маҳал барчанинг кўзи шошилмасдан Нилуфарни етаклаб келаётган Нортўхтага тушди.

Тенгқурлар бир-бирларига гал бермай жонҳолатда улар томон чопди.

Қария эса барибир ўрнидан жилмади.

Нортўхтага узоқдан аламли боққанча тек тураверди.

Ич-ичидан отилаёзган фарёдни аранг жиловлаб елка силкита-силкита унсиз йиғлаш билан чекланди.

Бошига қатма-қат дурра танғиган ўрта яшар аёллар аллақачон Маржон кампирни икки қўлтиғидан олиб ўғлининг истиқболига олиб чиқишди.

— Хумпар, кекса одамларни адо қилаёздинг-ку! — Нортўхтага йўл-йўлакай танбеҳ берарди тенгқурлардан бири. — Энанг бир ўлимдан қолди. Кечасиминан қўшни аёллар тепасида ўтириб чиқишаяпти. Раҳм-шафқатинг борми ўзи?..

— Сен ниманиям тушунардинг? — унга бақириб берди Нортўхта қўл силтаб. — Мен-чи?.. Менга осон бўлибдими?..

Шундай деди-ю, Нилуфарни қўйиб юбориб, отасига яқиинлашди.

Аввал онасини қучиб елкасига бош қўйган кўйи сукут сақлаб олди-да, яна ота томон юзланди.

— Бизга оқ фотиҳа беринглар, ота! — деди у совуққонлик билан. — Мени яхши биласизлар. Гапидан қайтадиган боламасман. Нилуфар менинг жуфтим. Уни қайтадан топдим. Худонинг ўзи менга уни қайтиб берди. Ундан иккинчи марта айрила олмайман! Биз… Янгитдан никоҳ ўқитдик…

— С-сен… Бағритошсан, — дея базўр шивирлади Маржон кампир ўғлининг очиқча ёлғонидан ранжиганини сир тута олмай. — Ота-она сенга бир пул. Ўлим кетгандаям ишинг йўқ.

Нортўхта айни паллада кинояларга эътибор қиладиган аҳволда эмасди.

Оғир хўрсиниб олди-да, давом этди.

— Ота, нега жим турибсиз? Бахтим қаро бўлишини хоҳлайсизми?

Қария ўғлининг сўнгги сўзларидан таъсирландими, ё қайтиб келгани учун мамнунлик устун келдими, икки қўлини баланд кўтариб дуо қилди.

— Илоё, қўшганингминан қўша қари, болам!.. Данғиллама тўй мендан!..

Қариянинг дуоси аранг оёқда турган Маржон кампирнинг кўнглини ларзага келтирди.

У қўлтиғидан тутган аёлларни нари суришга уриниб, қарғанди:

— Қариб миянгиз суюлмай ўлсин, чол!.. Энди бир камим кўр келин олишми? Нимага рози бўлдинги-из?..

 

* * *

 

Тақдир бир бўлса ҳеч ким қарши бора олмас экан. Нилуфар тез кунда тўй бўлиб чимилдиққа кирди. Ёлғиз қолганлари ҳамоно қалбини турли ҳислар, хавотир эгаллади. Бир кўнгли тотли ҳисларга ошно бўлиб, висол лаззатига ташналигини ошкор этса, бир кўнгли эртами-кечми очилажак азалий сирларни рўкач қилиб, Нилуфарни безовталанишга, қўрқишга, сиқилишга, ўртанишга мажбур этаверди.

Аммо висолга ташналик, Нортўхтадек норғул йигитга ёр бўлиш истаги ҳаммасидан устун эди. Нилуфар ширин титроқлар оғушида қалбида ғалаён кўтаришга тайёр турган ўша ёқимсиз туйғуларни ҳайдай олди.

«Ишқилиб кўрган билганим шу бўлсин, — ўйлади куёв бўлмишнинг унсиз эркалашларидан сархуш бўлиб. — Умрим бино бўлибдики, бу қадар ҳаяжон-у таҳликага қул бўлмагандим. Ёр бўлишнинг бу қадар ёқимли эканини вужудимда туйиб кўрмагандим. Телбагинам! Кўрлигимга ҳам қараб ўтирмади-я шўрлик! Ҳеч кимга тилини бермади. Фақат мени деди. Худойим, қанийди кўз нуримни қайтариб берсанг-у, Нортўхтамнинг чеҳрасини кўрсам! Унга чақноқ нигоҳларим билан тўйиб тикилсам! Тилим узун, юзим ёруғ бўлса! Ҳар куни ўз қўлларим билан унга жудаям мазали таомлар пишириб берсам! Атрофида куймаланиб айланганча хизматини қилсам! Хотинлик вазифамни адо этсам! Афсус! Шу бахтни мендан дариғ тутмоқдасан-да! Ҳозирги ҳолатим уйқудаги ширин тушдан бўлак нарса эмасдек туюлади. Зулмат қўйнидаман-у, кимдир, жуда-жуда таниш овоз мени эркалаш билан банд. Таниш ва қадрдон бўлиб қолган қўл сочларим устида ўрмалайди. Мен бўлсам, бу манзарани кўра олмайман. Кўра олмай туриб завқланишга, қувонишга маҳкумман!..»

Нилуфар қувонч ва оғриқли дард исканжасида тўлғонганча Нортўхтанинг елкасига бош қўйди.

 

* * *

 

Ҳафталар ўтиб борарди. Афсуски, Нилуфар тунги эҳтирослар, ширин эркалашлар сеҳридан сархуш бўлса-да, кундузлари Маржон кампирнинг узуқ-юлуқ саннашлари, эшитилар-эшитилмас ҳақорат, дийдиёларини тинглашга, чидашга, сархушлик лаззатини аччиқ кўз ёшларга алмашишга мажбур эди.

— Худоё ўғил туғмай мен ўлай, — ҳар Нилуфарнинг олдидан ўтганда саннарди кампир. — Кўр, нотавон келинни пешонамга опкелиб қўйди-я! Бу нотавон на овқат қила олади, на супур-сидир қила олади. Оғиримни енгил қилсаям гўргайди. Нуқул овқат ейди, ухлайди, ўзича шеърлар айтворадими-ей!.. Миясиям сал айниб қолган шекилли. Ўзи бунақалар жиннироқ бўлади деб эшитардим. Рост экан… Худоё еганларинг тешиб чиқсин!..

Бу қарғиш, ҳақоратларни Нилуфар эшитарди. Аммо тек ўтираверарди. Ҳатто қилт этмасди. Чунки биларди, Маржон кампир ҳали аламидан чиқмади. Бир кун келар, бошида сув ўгириб ичади шу кампир. Фақат чидаса, бардош қилса, Яратгандан сўраб чарчамаса бас.

«Еган-ичганим қонга айлансаям майли, — ўйларди Нилуфар Маржон кампир йўқ чоғларда йиғлаб. — Ҳарқалай, тиланчилик қилмаяпман. Аллакимлар тепамда туриб мени уёқдан буёққа судракламаяпти. Ҳадемай, яна оламга тун чўкади. Нортўхтадай меҳрибоним тағин ёнимга келади. Қўлларимдан тутиб турғазади-ю, хонамизга олиб киради. Ўшанда онасининг қарғишлари, турткилари бағримни эзмайди, вақтинча бўлсаям йиғлашдан, оҳ чекишдан тийиламан. Лекин… Лекин Нортўхтага кампирнинг сўзларини айтмайман. Она-бола тескари бўлиб қолса, гуноҳга ботаман. Ундан кўра чидайман, ёруғ кунларни йиғлаб-йиғлаб кутаман. Илойим, кўзларимнинг нури қайтмаса-да, юзларим ёруғ бўлсин!..»

Ниҳоят кутилган дақиқалар эшик қоқди. Нилуфар эрининг ичкарига кирганини сезиб майин жилмайиш қилганча ғойибона эшик томонга боқди.

— Яхши ўтирибсанми, жоним? — сўради Нортўхта энгашиб Нилуфарнинг юзидан бўса оларкан. — Зерикмадингми?

— Зериксам дарров сизни ўйлай бошлайман, — деди Нилуфар. — Бирпасда ўтиб кетади.

— Э-энам-чи? Хафа қилмаяптими?..

— Вой, қизиқсиз-а! Одам ёлғиз келининиям хафа қиларканми?

Шу тобда ташқаридан Маржон кампирнинг шанғиллаши, сал ўтиб дод-войи ўтовни бузаёзди.

— Вой-до-од! Энди нима қилама-ан? Шўрим қуриб қолди-ку!..

Кампирнинг қичқириғини эшитиб, Нилуфар ҳам безовталаниб қолди. Кампир бу гал катта жанжал бошлаш арафасида эканини кўнгли сезиб, юраги сиқилди.

— Ҳа-а, нима бўлди, эна-а? — Нортўхта ташқарига чиқиб улгурмай, Маржон кампирнинг ўзи ўтов ичкарисида ҳозир бўлди.

— Нимага касофат келинни пешонамга опкелди-инг? — ўғлини бор овозда уриша кетди кампир. — Шўримга шўрва тўкилди-ку-у!..

— Эна, ўзингизни босинг! Нима бўлганини айтинг-да бақиравермай!

— Ўл бўлди! Дард бўлди!

— Уф-ф! Эзвордингиз-ку одамни! Қани, манави ерга ўтинг!.. Мана, сувдан ичинг! Ўзингизни босинг, эна!..

Маржон кампир танасидаги титроқларни боса олмай, қалтираган кўйи пиёладаги сувдан ҳўплади. Шундан кейин сал ўзини йиғиштириб, Нилуфар тарафга бир ўқрайиб олди.

— Туядай бақувват ола ҳўкизим сойга оқи-иб кетди, балам! — деди пулкиллаб кампир. — Арслондай ҳўкизимдан айрилиб қолдим, яшшамагур!..

— Н-нимага оқади? — бу хабарни эшитган Нортўхта ҳам асаби қўзғаб қошларини чимирди. — С-сойдан анча узоққа бойламабмидингиз?..

— Бойлагандим. Ўша қиррали тошга бойлагандим. Тош-пошиминан судраб кетибди ҳўкиз.

— Ана холос, — энди ўтов ичини айлана бошлади Нортўхта. — Сизга айтгандим, эна ўша тошга бойламанг деб! Тағин ўз билганингиздан қолмабсиз-ку!..

— Ҳаммасига манави кўр хотининг айбдор! — Маржон кампир кутилмаганда Нилуфарга ўгирилиб қўлини бигиз қилди. — Шу уйимга келди-ю, бошимдан бало аримай қолди. Касофат хотининг, касофат!..

— Э, бўлди-да энди, эна!.. Ўзингиз чала иш қилиб, айбни хотинимга тўнкайсизми?..

Нилуфар ғиқ этмади. Боягина ўйлаган ўйлари ўзига қанот бўлиб тишини тишига қўйди.

Нима бўлмасин, бошига қандай ғурбат ёғилмасин, барибир бир кунмас бир кун яхши кунлар келишига, дунёси ою қуёш нури қуршовида қолишига қаттиқ ишонди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ