Ўлимдан кейинги фокус

0

У ҳар қандай ёпиқ бино ичига кира олар, ўзидан бирортаям из қолдирмасди. Қўли кишанбанд ҳолда музли сувга шунғир, қуш учиб чиқмас истехкомлардан чиқар, қабрда эса соатлаб ётишга қодир эди. Шу билан бирга ҳар сафар янги мўъжизага тайёр турарди. У болалигидан фокус билан шуғулланганди. Онаси егуликларни шкафда сақлар, бу ширинликлар сирли равишда йўқолар, шкаф эса қулфланган ҳолда турарди. Кучма цирк директори унинг иқтидори билан қизиқиб қолди. Қул-оёғи чандиб боғланган бу болакай бемалол исканжадан халос бўлишини намоён этди. Чангалзорда қўлга олинган ёввойи одамнинг ҳаракатларини ижро этиш сўралганида эса у қичқириб, барчанинг кўз ўнгида хом гўштни паққос туширарди. Бу инсон кейинчалик машхур кўзбойлоғич Гарри Гудини номи билан танилди…

Қутида йЎҚолган одам

Гарри Гудини 1874 йилнинг 24 мартида туғилган. Маълумотларга кўра, бўлажак фокусчи Будапештда яхудий рухонийлари оиласида таваллуд топган. Гудинининг ўзи эса Американинг Висконсин штатида туғилганини таъкидлаб келарди. 1878 йилнинг 3 июлида ота-онаси АҚШга кўчиб ўтишди, ўшанда у тўрт ёшда эди. Дастлаб оила Эпплтон шаҳарчаси (Висконсин штати) дан қўним топди.

Бўлажак фокусчи олти ёшидан сеҳргарлик билан қизиқа бошлади. Бу дастлаб шунчаки машғулот эди. Кейинчалик болакай жиддий равишда кўзбойлоғичликка берилди. Тўғри, у чилангар, пойафзал тозаловчи, газета тарқатувчи бўлиб ҳам ишлади, бироқ қайси юмуш билан шуғулланмасин, бўш вақтини фақат фокусчиликка бағишларди.

1887 йилда Гудини отаси Семюел Вайс билан Нью-Йоркка кетди. Бироз вақтдан кейин онаси Сесилия Штайнер ва олти нафар ака-ука ва синглиси улар сафига қўшилишди.

Гарри йил мобайнида кўнгилочар масканларда қарталар билан фокус кўрсатиб келди. 1892 йилда у француз фокусчиси Робер Гуден шарафига Гудини тахаллусини қабул қилди. Кейинроқ унинг Гарри Келларга ҳурмат-эҳтироми ўлароқ ушбу фамилияга Гарри исми қўшилди. Болалигида эса унга Эри деб мурожаат қилишарди.

Гарри Гудини дастлаб акаси билан гастролларда юрган. Бундай томошаларда қўл кишанларидан халос бўлиш ва сув солинган идишдан чиқиш трюклари намойиш этиларди. Бир гал Гудини осмонўпар бино пештоқидаги қопга солиниб, кейин муваффақиятли равишда оғзи боғланган қопдан чиқиб олди. Кейинги сафар эса у ғиштин деворнинг нариги тарафида ғойиб бўлиб, бу томонида пайдо бўлди. Энг самарали чиқишлар реклама мақсадида анқов томошабинлардан иборат оломон кўз ўнгида намойиш қилинарди.

Ака-ука Гудинларнинг асосий фокуси «Метаморфоза» (бошқа тусга айланиш) деб номланиб, томошабинлар орасида «Сандиқ мўъжизаси» ибораси билан машхур эди. Бу 1864 йилда Жон Маскелин намойиш этган томошанинг янги варианти эди. Гарри Гудинининг оғзаки изоҳлари остида акаси Теонинг қўли боғланар, кейин у ёғоч қутига солинарди. Гарри эса мазкур қутининг устида турарди. Шундан сўнг уларнинг чор тарафидан парда кўтарилар, учгача саналиб, дархол тушириларди. Томошабинларнинг кўз ўнгида қути устида энди Тео турарди. Ёғоч қути очилганида эса унда қўл-оёги боғланган Гарри Гудини ётган бўларди.

Ўша замон учун нақадар шов-шувли томоша кўрсатганларига қарамай, ака-укаларнинг ишлаб топгани харажатларни мутлақо қопламасди. Гарри ва Тео маҳаллий клубда томоша кўрсатиш, гастролга чиқиш борасида ҳар қандай таклифни қабул қилишса-да, бироқ агентлар билан келишувлар, хатарли томошалар, барибир, даромад келтирмасди. 1892 йилда Гаррининг шавқ-завқи янада сўнди. Бунга отасининг оғир хасталикка учрагани ҳам сабаб бўлди. Оила бошлиги Ребби Вейс ўша йилнинг октябрида оламдан ўтди. Оилани боқиш 18 ёшли Гудини зиммасига тушди.

Энди ака-ука иш излаб, Чикагонинг Иллинойс штатигача бордилар. Улар деярли ҳар бир саҳнада «Метаморфоза»ни намойиш этиб, бор маҳоратларини намойиш қилишарди. Ҳафтасига 10 доллардан пул ишлай бошлаган Гарри маҳаллий одамларнинг биридан қулфларни очиш санъатини яхшилаб ўрганди ва ушбу тажрибани қандай қилиб ўз томошаларида қўллаш ҳақида ўйлай бошлади. Дастлаб у полициянинг қўл кишанларидан фойдаланди. У махаллий полициячилардан биридан қўлини кишанлашини илтимос қилар, кейин эса бундай исканжадан осонгина халос бўларди.

КИШАН ҚУЛФИНИНГ СИРИ

1894 йилда Нью-Йоркдаги томошаси чоғида Гудини Бесс исмли қиз билан танишиб қолди. Кейинроқ у бу қизга уйланди. Орадан кўп ўтмай, Тео ўзи алоҳида томоша кўрсатадиган бўлди. Гарри эса Бесс билан чиқиш қила бошлади. Ушбу дуэт «Эр-хотин Гудинилар» деб номланди.

1898 йилда Гудини ўзининг томошаларини реклама қиладиган газета маъмурияти билан жанжаллашиб қолди. Шу боис бир йил ўтар-ўтмас, унинг нуфузи туша бошлади. Эр-хотин теплоходда Европага отланишди. Европа ҳали бундай томошаларни кўрмаганди. Бутун халқ ҳайратга тушди. Томошалар асосини «Метаморфоза» ташкил этарди. Кейинчалик Гудинининг тоби қочди. У ҳар галгидек оғриққа эътибор бермади, зарбалар эса куричакнинг ёрилишига олиб келди. Кейин гўё у сандиқдан чиқа олмаган ва ҳаётдан кўз юмган. Гудинидан зурриёд қолмади. Унинг ҳаёти ҳақида кўплаб афсоналар қолган, бунга фокусчи ўзи замин яратганди. Гарри Гудини, бошқа ҳамкасбларидан фарқ қилиб, шов-шувли чиқишлар қилар, янада кенг халқ оммаси томошаларга келишини, газеталарда кўпроқ ўзи ҳақида ёритишларини истар эди.

Ўтган асрнинг дастлабки йигирма йили давомида хасадгўй фокусчилар вайсақилиги туфайли матбуотда Гудини ҳақида турли-туман мақолалар чоп этилиб турди. У эса мардонавор ҳолда бу каби миш-мишларнинг ҳар бирига жавоб берарди. Дунё миқёсида миллионлаб одамлар матбуотда уқийдиган Гудини шу қадар танилдики, натижада у ҳатто луғатга киритилди. Гарри Гудини кишанлардан халос бўладиган ва шу каби қобилиятга эга инсон сифатида қайд этилганди.

Гудини ҳаётининг турли босқичлари экранлаштирилган. 1999 йилда унинг таржимаи холи асосида мюзикл намойиш этилганди, 2007 йилда эса «Ўлим томошаси» фильми экранларга чиқди (бош ролларни австралиялик актёр Гай Пирс ва Голливуд юлдузи Кетрин Зета-Жонс ижро этган).

Вафотидан сўнг Гудинининг жасади бир пайт­лар унинг ўзи томошаларида қўллаган тобутга солиниб, Нью-Йоркка юборилди.

«7 Мўъжиза» газетасидан