ЭГИЗАКЛАР… (7-қисм)

0

 

 

***

 

Фотима Мишага яқин бориб елкасидан қучди ва каравот ёнига олиб келди. Бамайлахотир ўзининг кийимларини ечиб бир четга ирғитгач, йигитни ечинтиришга тушди…

Ўн тўрт ёшидаёқ жувонга айланиб улгурган бу қиз умри давомида жуда кўплаб эркакларни кўриб юборган. Шунинг учунми, эркак зотини эркалаш, кўнглига йўл топиш бобида унга тенг келадигани йўқ эди…

Икки кун улар бирга бўлишди. Кўчага ҳам чиқишмади. Фақат Миша баъзан дўконга чиқиб егулик келтирар, улар тағин бир-бирларини ялаб-юлқашда давом этишарди.

Ниҳоят икки кун ўтиб Тангиз ўзи ваъда қилган янги паспортни олиб келди. Ўн дақиқа ўтиб Фотима тайёр бўлди.

— Москвадаги танишларинг билан гаплашдингми? — сўради Фотима лабларини бўяркан.

— Гарик деган йигит. Домодедоводан қўнғироқ қиласан. Сени кутиб олишади.

— Раҳмат, Тангиз… Айтганча, паспорт қалбаки эмасми?

— Хафа қиляпсан, опоқ қиз.

— Унда зўр бўпти.

— Раҳматдан бўлак менга ҳеч нарса ҳадя қилмайсанми?

— Ижара учун берган юз долларим чўнтагингдадир? — киноя аралаш сўради Фотима машинадаги кичик кўзгу орқали Тангизга боқиб.

— Сенга нима фарқи бор? Миша танишим. У билан ўзимизнинг ҳисоб-китобларимиз бор. Менимча, сен керагидан ортиқроқ ҳақ тўладинг шекилли унга?

— Бу сенинг ишинг эмас. Биз бир-биримизни ёқтириб қолдик. Биласанми, дунёда шундай нарсалар борки, пулга сотиб ололмайсан…

***

 

Сева Кроткин катта йўл четида туриб олганча Лондонга қўнғироқ қиларди. Мана, ёрдамчиси Фоня Михеев иккинчи кун бедарак. Сева уни яхши кўрарди. Чунки, Фоня у еча олмайдиган муаммоларни жуда осонлик билан ҳал қилиб ташлай олади. Шу сабабли ҳам Сева ўзи бошқараётган фонд ҳисобидан уни юридик институтда ўқитди. Америкага юборди. Сўнгра Лондондаги “Бейкер-стрит” кўчасидан кичкинагина квартирани ижарага олди.

Фоня у ерга уч кун аввал етиб келганди. Бир марта қўнғироқ қилди-ю, шу кўйи йўқолди…

Вера ва Любалар тушлик тайёрлашарди. Май ойи анча иссиқ келгани сабабли ташқарида овқатланишга аҳд қилишди.

Люба Нахабинодаги бу дала ҳовлига тез-тез келиб турар, Сева эса, дастлабки пайтларда ҳар сафар бир-бирларига қуйиб қўйгандек ўхшайдиган хотини ва қайнсинглисини адаштириб қўявериб хуноб бўларди. Хайрият, орадан олти ой ўтиб ҳар ҳолда уларни ажратиб ола биладиган бўлди. Барибир, опа-сингил баъзан ҳазиллашиб уни адаштиришса, қўлга тушиб қолаверади…

Бугун тушликка Надя ҳам келишни ваъда қилганди. Бундан ташқари, сева Австрия доришунослик компанияси Ганс Крюгерни, белоруссиялик жуҳуд дўсти Бодровични ҳам меҳмонга таклиф этган.

Сева бир стакан минерал сув ичди-да, стол устидаги сочиққа пешонасидаги терларни артиб курсига ўтирди.

— Мазали ҳидлар келяпти. — деди у опа-сингиллар патнисда газакларни олиб чиқиб стол устига қўйишгач.

— Азизим, — Вера эрининг елкасига қўлини қўйиб эркаланган оҳангда сўз қотди. — Атайин сиз учун Лида крапивали шўрва тайёрлади. Иккинчи овқатга қовурилган шампиньон ейсиз.

— Торт-чи? — сўради Сева норозиланган кўйи.

— Йўқ, торт ўрнига асал бор. Эсингиздами, Фоня қишлоқдан олиб келганди.

Шу тобда ташқарида машинанинг сигнали эшитилди. Сева югурганча бориб дарвозани очди. Надя келибди. У машинадан тушибоқ югурганча келиб Севанинг бўйнига осилди ва қорнини қитиқлаб қўйди.

— Мен ёлғиз эмасман. — кулди Надя машина тарафга ишора қилиб. — Дўстим билан келганман. Шундай экан, тушлигингизнинг ярмини беришингизга тўғри келади…

Сева кулиб меҳмон томонга ўгирилди. Бу йигит қирқ ёшларда, қомати спортчиларга хос, истарали эди. Сева дарров эслади. У уйланганда тўйга келганди. Бошлиғи генерал Грижин билан бирга эди. Сева генерал билан икки йил аввал самолётда танишган…

— Петр Ерожин. — Севага жилмайиб чап қўлини узатди меҳмон.

— Сева. — Кроткин унинг қўлини қисиб сўради. — Яра ҳали битиб кетмадими дейман.

— Сиз қаердан биласиз? — ҳайрон бўлди Ерожин. — Йўқ. Битиб кетган. Аммо даволаниб юрган пайтимда чап қўлимни узатавериб, шунга ўрганиб қолибман шекилли…

Танишувдан сўнг уччовлари биргаликда ичкарига киришди ва курсиларни эгаллашди.

— Умуман айтганда, қорним тўқ. — деди Ерожин. — Агар нозик меҳмонларни кутаётган бўлсангиз, мен кўчаларни айланиб келишим мумкин. Анчадан бери бундай жойларда бўлмагандим. Гольф майдонларини томоша қилардим.

— Йўқ, — жавоб қилди Сева. — Мен учун ҳамма баравар. Меҳмон атойи Худо дейишади. Сизлар ҳаммангиз менинг дўстларимсиз.

— Раҳмат… Сиз ҳам гольф ўйнаб турасизми?

— Албатта. Гольф жони дилим.

— Азизим, кийимларингизни алмаштириб олсангиз бўларди. — шивирлади Вера эрининг майкани туртиб чиққан қорнига назар ташлаб.

— Вера, ахир, мен дала ҳовлидаман!..

— Биламан. Лекин майка ҳўл бўлиб кетибди.

— Шунақами? Майли, алмаштирсам алмаштира қолай…

Сева меҳмонлардан узр сўраб ичкарига йўл олди.

 

***

 

Крюгердан негадир дарак йўқ эди. Сева асабийлаша бошлади.

— Яна йигирма дақиқалар кутиб турайликми? — сўради Вера эрининг ҳолатини пайқагандек.

— Йўқ. — жавоб қилди Сева. — Кутдириш қиролларга ярашади. Гансик эса, қирол эмас. Ўзидан кўрсин. Қани, сузаверинглар!..

Опа-сингиллар барча юмушларни бажариб бўлишгач, стол атрофига ўтиришди. Надя Ерожиннинг ёнига чўкиб меҳрибонларча товоғига турли газаклардан солиб қўярди. Люба бўлса, табассум билан ўтирарди-ю, чеҳрасидаги ташвиш аломати кўриниб турарди. Сева тушунди. Фонядан хавотир оляпти. Тўғри-да, тўрт кун аввал Любанинг қўлини сўраган одам бир бор қўнғироқ қилиб қўйишга ярамаса…

Сева қадаҳга ароқ қуйиб кўтарди.

— Меҳмонлар, — бир ўзи ҳеч кимга индамасдан ичганидан хижолат  тортди шекилли, қадаҳни жойига қўйиш асносида ўтирганларга юзланди. — Биз оддий одамлармиз. Кимнинг ичгиси келса, бемалол ўзи қуйиб ичаверсин. Қадаҳ сўзлари, ясама илтифотлар бизда ўтмайди. Тортинманглар!..

Ерожин индамади. У ҳар қандай даврада ҳам ўзини қандай тутишни билади. Шу сабабли ўзидан ўн беш ёшлар чамаси кичик бўлган Севанинг сўзидан ажабланмади. Ҳатто, Вера узатган шампан виносини олишдан бош тортди.

— Кечирасиз, хизматдаман. — деди кулимсираб. — Яна… Рулдаман.

— Тушунмадим. — Кроткин ҳайрат аралаш Ерожинга тикилиб қаради. — Сиз меҳмон бўлиб келдингизми, ё Надяга тансоқчилик қилиш учунми?

— Тансоқчиларнинг ҳам ўз сирлари бўлиши мумкин. — жавоб қилди Ерожин.

— Мен Петяни севаман. — Надя очиғини айтиб қўя қолди. — Агар кимдир қизиқаётган бўлса, билиб қўйсин.

— Унда нега ичмаяпмиз?.. Айтганча, янги меҳмонимиз Надянинг бу гапига қандай муносабат билдираркин?

Ерожин секин Надянинг қўлидан тутиб бошини кўтарди.

— Тўғриси, умримда биринчи марта ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман.

Ҳамма қарсак чалди.

— Шундай қувончли кунда менинг севимли овқатимни тайёрлаб берасизларми-йўқми? — кулди Сева.

— Эҳ, айёр, — дея унинг елкасига шапатилади Вера. — Бўпти, ҳой Лида, Ганснинг бифштексини эримга келтириб бер!..

Сўнгра Вера Любага юзланди.

— Менга қара, сингилжон, бир нарса эсимга тушиб кетди. Нега Останкинонинг ичида мени кўриб ҳам саломлашмадинг? Эсингдами, кутилмаганда тўқнашиб кетгандик?

— Йўғ-э, — елка қисди Люба. — Бунақасини билмайман. Сен мени биров билан адаштиряпсан.

— Мен адаштиряпманми? Худога шукр, кўзим яхши кўради ҳозирча. Мен ўшанда пастга тушиб келаётгандим. Қарасам, сен турибсан. Ўзинг ҳам кўрдинг мени. Мен журналдаги йигитлар билан бирга эдим.

— Қачон?

— Ўтган куни уч яримда.

— Вера, томинг кетиб қолибди. Мен Останкинога охирги марта бир ой аввал  борганман. Ўтган куни журналдан ташқарига чиқмадим. Пашка кун бўйи эзиб юборди. Рекламани суратга олаётгандик.

— Қизиқ. — ўйчан оҳангда шивирлаб қўйди Вера. — Аниқ сени кўргандим-ку!..

— Люба, мен индамоқчи эмасдим-у, — кутилмаганда гапга аралашди Надя. — Лекин чидолмадим. Сен мен билан ҳам саломлашмай ўтиб кетувдинг.

— Ие, вей қизлар, нима бўлган ўзи сизларга? Қаранглар, Надя билан ҳам саломлашмай ўтиб кетганмишман. Ҳойнаҳой, ўтган куни ва соат уч яримдадир-а?

— Йўқ, Уч кун бўлди. Бувимни кўришга боргандим. Ҳовлига чиқдим. Сен уйинг томонга келаётган экансан. Кулдим. Индамай ўтиб кетдинг. Бақирдим. Барибир қайрилиб қарамадинг.

— Вера, — куйиниб синглисига ўгирилди Люба. — Айтгин Надяга биз уч кун олдин далада эдик деб. Ўша ерда тунаб ҳам қолганман.

— Бўлди, бас! — Сева уларнинг сўзини бўлиб ўрнидан турди. — Биз Ерожин билан бир айланиб келайлик. Йўқса, сизларнинг тортишувларингизни эшитавериб…

Сева давомини айтмади. Аксинча, Ерожиннинг елкасига қоқиб туришга ундади.

 

***

 

Бир соатлар ўтиб Ганс келди. Яна ўтиришди, ичишди, чақчақлашишди…

Меҳмондорчилик тугагач, Надя ва Ерожин ёлғиз қолишди. Улар дарахт панасига бориб ўтиришгандан сўнг Надя сўраб қолди:

— Петя, илгари ҳам бошқа аёллар билан учрашганмисиз?

— Нимайди? — деди Ерожин Надяни елкасидан қучиб.

— Қизиқ-да! Айта қолинг! Ахир, сиз тўғрингизда деярли ҳеч нарса билмайман. Биламанки, оилали бўлгансиз. Хўш, нега ажрашгансиз?.. Бугун менга севги изҳор қилдингиз. Аниқроғи, сизни мажбур қилишди.

— Ўша мажбур қилганлардан жуда мамнунман. Чунки, ўзим юрак ютиб айта олмасдим.

— Отамдан қўрқасизми? Йўқ, унақаларга ўхшамайсиз… Уйингизга мени таклиф этмаяпсиз. Нега? Биласиз-ку, сизга ҳеч қачон йўқ демайман!

— Биласизми, Надя, буни тушунтиришим қийин. Лекин ҳаракат қилиб кўраман. Тўғриси, сиз менга биринчи кўрганимдаёқ ёқиб қолдингиз.

— Ўша тўйдами? — Надя Ерожиннинг юзларини оҳиста силаб қўйди. — Мен ҳам ўшанда сизни ёқтириб қолгандим. Бир марта мен билан рақс тушганингиздаёқ ўлиб қолай деганман. Сизни излайвериб кўзларим толиққан. Сиз бўлсангиз, қайтиб олдимга келмадингиз.

— Мен ҳам сиздан кўз узолганим йўқ. Аммо қайтиб сизга яқинлашишга журъат тополмадим. Қари одамга кўзи учиб турибдими бу қизнинг деб ўйладим. Ўзимга ўзим жимгина ўтиришга буйруқ бердим.

— Отам Ерожин яраланиб касалхонада ётибди деганда, дарров ўша сиз эканингизни пайқадим.

— Мен бўлсам, ҳушимга келганимда ҳеч нарсани эслай олмасдим. Фақат сизнинг чеҳрангиз кўз олдимда айланарди. Кейин… Биз рақс тушган мусиқани эсладим.

— Касалхонага келганимда мени таниганингиздан хурсанд бўлиб кетгандим. Кўзларингиз ҳаммасини айтиб турарди… Ўша куни жуда бахтиёр эдим. Кун бўйи рақсга тушдим, отамнинг бўйнига осилиб эркаландим. Хурсандлигимни яшира олмадим. У кишига бор гапни айтгим келарди. Бироқ ўйлаб қолдим. Оилали бўлсангиз-чи? Отамдан секин-секин суриштира бошладим.

— Ҳа, кейин яна касалхонага келдингиз. Менга пирожний олиб келдингиз. Рости, пирожнийни ёмон кўрардим. Сиз олиб келган пирожний эса, мўъжизадай кўриниб кетди. Ҳар куни сизни кутадиган бўлдим.

— Оҳ, мен ҳар куни келардим касалхонага. Бироқ ичкарига киришга юрагим дов бермасди. Атрофда айланиб вақт ўтказардим… — Надя ўрнидан туриб Ерожиннинг бошини қучди. — Жонингизга тегиб қолишдан қўрқардим.

— Жинниман-да!.. Отасини асраб қолганим учун менга миннатдорчилик билдирмоқчи деб хаёл қилибман. Ярадорга раҳми келяпти деб ўйлабман.

— Энди сизни севишимни биласиз-ку! Нимадан қўрқасиз?

Ерожин ҳам ўрнидан қўзғалиб Надядан бўса олди. Қўлтиқлашганча боғ томон кета бошлашди.

— Надя, — деди Ерожин. — Мен биронтаям аёлга бундай муносабатда бўлмаганман. Сиз илгари бошқа аёллар билан ҳам учрашганмисиз деб сўрадингиз. Очиғи, санамаганман. Аёлларни севардим. Бошқа эркаклар каби. Сизга эса, муносабатим буткул бошқача. Сизни кўргим, эркалагим келади доимо. Мана шу чиройли кўзларингизга узоқ-узоқ термулиб ўтиргим келаверади. Лекин… Тўшакка ётишга қўрқаман. Сизга ёқмай қолишдан қўрқаман.

— Аҳмоққинам!.. Шундай катта, йирик одам аҳмоқ бўлса… Ахир, мен сизники бўлишни орзу қиламан! Кучли қўлларингиз, лабларингиз тушларимга кириб чиқади. Ҳар тун фақат сизгина етишмайсиз менга. Илтимос, менга уйланинг! Мен жуда яхши, меҳрибон хотин бўламан. Сизни ҳеч қачон ташлаб кетмайман…

Ерожин қотиб қолди. Наҳотки, шу ёшгина қизга?..

— Ёшим нечадалигини биласиз-ку! — деди ниҳоят ўзида куч тўплаб. — Отангиздан тўрт ёшгина кичикман холос.

— Нима бўпти? Мен учун ёшнинг фарқи йўқ…

Ерожин кулиб қўйди.

— Бўпти, агар сентябргача мендан айниб қолмасангиз, ёки бошқа ёшроғини учратмасангиз…

***

 

Михеев божхонадан чиққач, тўхтаб турган таксилардан бирининг орқа ўриндиғига ўзини ташлади.

— Плюшчихага ҳайда!

— Юз сўм бўлади.

Михеев индамади. Ҳозир савдолашадиган аҳволда эмасди. Бугун у пора олиб қўйди. Чўнтагида ўн минг доллар яхшилаб тахланган ҳолда ётибди. Бу қандай содир бўлди, сира ақли етмайди. Худди тушдагидек…

Ҳа, Лондонга келгач, Москвага қўнғироқ қилди. Кроткин билан гаплашди. Сўнгра… Вилли Смитнинг ҳузурига борди. Таниш ҳуқуқшунос унга иккита фирманинг техник ва молиявий аҳволи ҳақида маълумотнома “ясаб” берди. Иккала фирма ҳам бир хил.

Фоня маълумотномани олгач, кетишга чоғланди. Бироқ Вилли қўймади. Уни яқин таниши билан таништириб қўймоқчи эканини айтди. Қаршилик қилишга имкон йўқ эди. Виллининг кетидан кабинетга кирди. У ерда башанг кийинган бир йигит ўтирарди. Фоня унинг эгнидаги костюмига қараб ҳайрон қолди. Жуда қиммат. Саккиз юз фунтларга тортади. Йигит ўзини пан Стаховский дея таништирди. Фонянинг эндигина самолётдан тушганини эшитгач, жонланди.

— Мен сизни ресторанга таклиф этмоқчиман. — деди у майин жилмайиб.

— Рози бўлавер. — гапга қўшилди Вилли. — Барон Лондондаги ресторанларни яхши кўради…

Фоня қаршилик билдириб ўтирмади. Уччовлашиб обрўли ресторанлардан бирига кириб ўтиришди.

— Энди иш юзасидан гаплашсак. — гапни узоқдан бошлади Стаховский. — Мен сизга поляклар фирмаси билан ҳамкорлик қилишни таклиф этаман. Улар сизнинг буюртмаларингизни аъло даражада бажара олишади. Биз Минскдаги комбинатни японлардан кам жиҳозламаймиз. Энг асосийси, шу ишни битириб берсангиз, шахсан ўзингизга “ҳақ” бераман. Бу ҳақда ҳеч ким ҳеч қачон билмайди.

— Йўқ, жаноб Стаховский, — жавоб қилди Фоня. — Мен бундай масалаларни ечиш даражасида эмасман. Кроткин унчалик машҳур бўлмаган фирма билан сира битим тузмайди. Мен уни яхши биламан…

Бу жавоб Стаховскийни ажаблантирмади. У суҳбат орасида фирмасининг катта имкониятларга эга эканини исботлашга уринар, Михеев эса, кайфи тобора ошиб кўзларини юмганча уни эшитишда давом этарди…

У эрталаб меҳмонхонада уйғонди. Ёнида Стаховский йўқ эди. Стол устида ёзиб қолдирилган хат ва ўн минг доллар пул турарди.

— “Мен Варшавага учиб кетяпман. — деб ёзибди у хатида. — Битимни кучга киритиш ҳаракатини қиламан…”

Фоня шошиб стол устидаги битимни қўлига олди. Пастида ўзининг имзоси.

Тезда ваннахонага кириб соқолини олди-да, Севага қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Кейин ўйлаб қолди…

Йўқ, яхшиси, қўнғироқ қилиб ўтирмайди. Кроткиннинг ўзи билан учрашади…

 

***

 

Такси билан ҳисоб-китоб қилгач, у подьездга кирди. Лифт қоровули Савелий Лукич исмли қария экан.

— Ў, қайси шамоллар учирди? — хурсанд бўлиб унга қўл узатди қария.

— Лондондан учиб келдим. — жавоб қилди Фоня.

— Сева хотини билан қаёққадир кетди. Лекин Люба ичкарида. Кир, сени соғингандир!..

Фоня секин ичкарига кириб меҳмонхонага қараб юрди. Шунда орқадан яқинлашиб келган Люба уни маҳкам қучди. Фоня ўгирилиб улгурмай, уни диванга ётқизди-да, юз-кўзларидан ўпа кетди…

Улар шу кўйи ярим соатча бир-бирларини эркалаб ётишди…

Савелий Лукич эшикка яқин келганда эса, Фоня ҳам, Люба ҳам уйда йўқ эди.

 — Кутишга тоқатлари етмабди чоғи. — сўзланди қария. — Ишқилиб омон бўлишсин!..

Қария смена топширишга тайёргарлик кўра бошлади. Унинг ўрнини бугун Зина кампир эгаллаши керак эди.

(давоми бор)

Андрей АНИСИМОВ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: