Хаёт давом этаверади…

0

Мана, тўрт йилдирки, қуриб-қақшаган танамни ҳар тарафдан қуртлар кемириб, қумурсқалар уя қурмоқда. Қишда қор, баҳорда ёмғир, барглар тўкилиб, ариқлар тўлиб оққанда, умуман, доим шу ерда, дарвоза ёнида мақсадсиз қўним топганман. Вақт ўтиши билан чириётган танамни кемираётган ҳашаротлар азобига ўргандим, шекилли, энди бу оғриқларни бутунлай сезмай қўйдим. Нолимайман, ҳаётим доим ҳам бунақа азобда кечмаган.

Эсимда, ҳаммаси эсимда. Ёшлик чоғимда «Баракаларинг бўлсин, болам», дея бобом мени бу хонадонга олиб келганди. Аввалига жуда зерикдим, чунки бу ҳувиллаган ҳовлида бирор дарахт, ҳатто қуш қўнадиган шох ҳам йўқ эди. Кунимнинг асосий қисми моли йўқ айвонни кўтариб турган икки устун билан суҳбатда ўтарди. Худди кенг яйловда қолган чўпга ўхшардим. Ҳовлининг эгалари ҳам худди мендек ёш, навқирон, катта ҳаёт учун бир-бирига меҳрдан бошқа берадиган ҳеч нарсаси йўқ инсонлар эди. Токи, томирим сувга етгунча ёз чиллаларида сувсиз қолиб қуриб кетаман, деб қўрқардим. Аммо бобомнинг меҳнатлари (бу инсонни набиралари шунақа деб чақирганидан мен ҳам шунақа атардим) вақт ўтиши билан новдаларим шох бўлиб, бўйим чўзилиб, сўрига соя соладиган даражада дарахт бўлишимга тиргак бўлди. Лекин бўй чўзиб ўсганим сайин «Яна ва яна қачон баҳор келади, қачон мевага кираман?!» дея жуда шошардим.

Куз. Бобом доимгидек тарвақайлаб кетган шохларимни кесиб, худди менинг эшитишимни билгандек, «Эҳ! Бу Ҳаётга сира иш ёқмайди-да, бунга бозор бўлса, бўлди, ҳамма нарсани унутади. Лекин сен хафа бўлма, ҳали мевага кирганингда булар сенинг қанақалигингни бир билиб қўйишсин», дерди. Бобом шунақа оқкўнгил инсон эдики, ҳатто ўз фарзанди жиннига чиқариб қўйганда ҳам унга бирор-бир қаттиқ сўз деганини эшитмаганман. Ўтган йиллар оралиғида Ҳаётнинг ишлари, топиш-тутишлари ҳам анча олдинга силжиди, шекилли, даровозадан кун оша икки қўли тўлган бозор халта билан кириб келадиган бўлди. Ўғли отасининг дарахтлар, ўт-ўланлар билан гаплашишини жиннилик деб ҳисобларди. Бобом айтгандек ҳам бўлди. Ёз келиб, ҳосилга кирганимда Ҳаёт териб сотди, ерга тушиб, эзилган тутларимни шинни қилиб сотди.

Хуллас, бу оилага нафим тега бошлади. Дарахтларга меҳри тушдими ёки фойда яхшилигини билдими, у ёғини билмадим-у, хуллас, Ҳаёт бу хонадонда ёш ниҳоллар сонини кўпайтирди. Худо ҳам унга берди. Шу ёзда хотинининг кўзи ёриди. Бунақа бахтли ёзларнинг бир нечтаси санашга улгурмай ўтиб кетди. Яхши кунлар қанча бўлса, шунча кам туюлар экан. Ўша йили қиш анча тез келди. Инсонларни, ҳатто кузнинг ўзини ҳам шошириб қўйди. Кунлар борган сари қисқариб, табиат қишга тайёргарликни бошлаб юборди. Ҳаво таъсир қилдими ёки чарчадими, билмадим, аммо бобомнинг юзида негадир маъюслик, қадамларида эса ҳорғинлик кўриниб турарди. Совуқ изғирин оппоқ қорни қувиб келди. Минг хил хаёллар билан истамасам-да, кўзларимни юмиб, либоссиз танам жунжикканча уйқуга кетдим. Қиш кунларини инсонлар қандай ўтказади, қандай кайфиятда кутиб олади, билмадим-у, лекин биз дарахтлар учун жуда зерикарли.

Бир кун тонг саҳар қушларнинг шохларим устида қилган ўйинидан танам яйраб, ўзгача ҳаво, ўзгача тетиклик билан уйғондим. Мен бу кайфиятни биламан, бу — баҳор кайфияти, устимда у шохдан-бу шохга сакраб ўйнаётган қушлар эса қалдирғочлар. Яна бир қишдан ўтиб олганим учун Яратганга шукрлар келтирдим. Аммо негадир ҳар гал баҳордагидек бобом келиб: «Мана, яна бир ёшга улғайдинг», демади. Кутдим, анча кунлар кутдим. Кўнглим ғаш.

Шундай кунларнинг бирида дарвоза ёнига аллақандай бир машина тўхтаб, унинг ичидан оқ кийим кийган одам тушди. Ҳаёт эса югуриб чиқиб, унинг қўлидаги темир қутичасини олиб, уйга етаклаб кириб кетди. Аввалига бу инсон ким, нега келди, ҳеч тушунмадим. Лекин кўп ўтмай бу инсон ҳовлига чиқиб Ҳаётга қараб, бошини маъюс силкитдию дарвозадан чиқиб кетди. Шунда тушуниб етдим-ки, бу лаънати қишнинг қаҳри бекорга кетмабди. Бобомнинг аҳволи оғир. Биз дарахтлар ҳамма нарсани биламиз, сезамиз, аммо гапиришга забонимиз йўқ. Орадан уч кун ўтиб, тонг саҳар  «Отам-ай, отам!» деган овоздан устимдаги қушлар учиб, шошиб қолдим. Мен учун бу ҳолат, бу туйғу умуман тушунарсиз, аммо билганим шуки, ўқ томирим узилгандек бўлди. Қуёш қоқ тепага келгунча ҳовли дўппили одамлар билан тўлди. Бобомни бундан кўп йиллар илгари қийшиқ шохларимдан кесиб, рандалаб ясаган нарвонда кўтариб олиб кетишди. Шу йили мен учун жуда оғир кечди. Шохларим бошқа куртак чиқармади.

Аммо вақт даво экан…

* * *

Яна баҳор, яна қушлар, яна куртакларим ниш урган. Ҳаёт молхонасига икки мол боғлабди. Бундан анча хурсанд бўлдим. Атрофимдаги ниҳоллар: ўрик, гилос, олмалар ҳам бўй чўзибди. Ҳаётнинг қизчаси ҳам анча улғайибди. Бир куни икки қулоч арқон олиб келиб, шохларимдан ўтказиб арғимчоқ ясади. Мен эса кун бўйи у билан худди бобоси елкасига кўтариб эркалагандек роса ўйнадим. Бундан ўзим ҳам мароқ олдим. Ана-мана дегунча қизчаси мактабга борадиган бўлди. Ҳаётнинг ишлари ҳам жойида, яқинда янги машина олди. Уйини ҳам қайтадан бузиб қурмоқчи. Энди Ҳаёт аввалига бозорга мева-чева олиб чиқиб сотадиган оддий деҳқон эмас, балки шаҳарнинг бир нечта жойида катта-катта дўконлари бор тадбиркор.

Мен бу хонадонда ўзимни кераксиздек ҳис эта бошладим. Негаки маржон-маржон тутларим ейилмай ер билан битта бўлмоқда. Кунлардан бирида Ҳаётнинг қандайдир бир новча одам билан суҳбатини кўриб қолдим. Ҳаёт унга қўллари билан узоқдан мени кўрсатиб алланималар деди. Бу одам ҳам Ҳаётнинг фикрини тасдиқлагандек бошини ирғади. Кейин эса тарқалишди. Эртаси куни тонгда ўша одам қўлида арраси билан келиб, белимдан кеса бошлади. Азоб, қандай айтай? Ахир тирик жонман-ку, бақирай десам, тилим, қочай десам, оёғим йўқ! Ниқтаб-ниқтаб кесарди. Жонимни биров суғуриб оляпти. Кўп эмас, ўн дақиқада томиримдан узилиб ерга қуладим ва шуни билдимки, энди ҳеч қачон кўкка бўй чўзиб, мовий осмонда эркин сузган булутларни кўрмайман, энди ҳеч қачон тонг шабадаси баргларимни силамайди. Шамол-ку, майли, ҳатто қуш ҳам қўнмас тўнка бўлиб қолдим. Ёш кўчатларни увол бўлмасин, деб ҳовлининг бошқа жойига кўчиришди. Аммо менинг отасига тобуткаш, боласига арғамчи бўлган шохларимни битта-битта чоптирди. Баргларимни молига бериб, шохларимни  ёқиш учун тайёрлаб, кундамни эса ҳеч нарсага арзимас, деб ўтирғич қилиб, ташқарига чиқариб қўйди. Бундан ортиқ азоб борми?! Лекин нега, нима учун? Бу саволларга умуман жавоб топа олмадим. Кейин билдим, бу дарвоза ёнида ётиб, кўп нарсани билдим. Ўша куни келган новча одам уста бўлиб, Ҳаёт унга менинг жойимда янги уйни қуришни буюрган экан. Мана, пулнинг кучи билан қисқа фурсатда ўзи хоҳлаганидек янги уйни қуриб, ичига ҳам кириб олди. Ҳамма нарса у хоҳлагандек, ҳамма нарса у билан ҳисоблашадигандек эди гўё. Аммо энди уйдан аввал эр-хотиннинг қаттиқ-қаттиқ жанжал овози, кейин эса хотинининг йиғи аралаш бақириши шундоқ кўча томондаги деразадан эшитилиб турарди. Кўп ўтмай, шундай жанжанли кунларнинг бирида Ҳаёт хотинига «Учталоқ қилдим!» деган сўзни айтгандан сўнг хотини йиғлаб кетганча қайтиб бу дарвозадан кирмади. Ҳайронман, инсонларга бахтли яшаши учун яна қанча молу давлат керак экан-а?! Катта, ҳувиллаган ҳовлида ота билан боланинг ёлғиз яшаши менга ёшлик чоғларимни эсга соларди. «Тез ёрдам» машинаси ҳам кўп қатнайдиган бўлиб қолди. Бу оилада бир-бирига меҳр-муҳаббатдан бошқа ҳамма нарса бор эди. Энг ёмони, қизи ҳам қандайдир касалга чалиниб, касалхонага тушди. Қизчасининг аҳволи оғирлашашиб бораётганини Ҳаётнинг касалхонага тез-тез қатнаётганидан билиш қийин эмас эди. Қизини даволатиш учун, аввал молларини, кейин эса машинасини сотди. Лекин бўлмади, шекилли, қизчасини уйига оғир аҳволда олиб келди. Ҳаётнинг ишлари қисқа муддатда сезиларли даражада орқага кетди. «Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади», деганларидек Ҳаёт давони эскиликдан излаб, уйга қушночу ромчини олиб келди. Ичкарида нима деган билмайман, аммо бу фолбин деганлари дарвозадан чиқа туриб: «Ишонаверинг, акаси, сизга яна бир марта тайинлайман, уйингиздан барака кўтарилган, отангизнинг руҳини чирқиратгансиз, бу муаммони ҳал қилиш учун ўша баракани яна хонадонинга қайтаришингиз керак!» дедию чиқиб кетди. Ҳаёт эса дарвоза ёнида тош қотганча қилт этмай туриб қолди. Бироздан сўнг устимга чўкиб, ўйга толди. Мана, яна инсон боласиниг хаёлларини, ўй-фикрларини ҳис қила бошлагандим. Унинг хаёлларида фолбин аёл айтган фикрлару отасининг сўзлари чарх уриб айланарди. Ҳақиқатан ҳам, отасининг ўлимидан сўнг уни умуман ёдидан чиқариб юборганди. У бу ерда ўтирганча узоқ, жуда узоқ хаёл сурди ва муаммоларининг ечимини топди. Эртасига тонг саҳарлаб бошига дўппи кийиб, қабристон томон йўл олди. Тушга қадар тилла топган тентакдек юзида қувонч билан икки қучоқ тут кўчати олиб келди. Дарвозадан киргач, отаси ҳақига дуо ўқиб, ишга тушди. Ҳовлининг ҳар бир очиқ бурчагини кавлар, кўчат ўтқазар, сув қуяр эди. Қизчаси эса отасига қараганча маъюс тортиб, аравачасида ўтирарди. Ҳаёт кўчатларни кун ботгунча экиб бўлди. Сабр билан кўчатларга ҳар кун сув қуяр, қизини тиббий кўрикка олиб борар, бозорга чиқиб келарди. Мана шу кетма-кетликда ҳафталар, кетидан ойлар ўта бошлади. Зўр иштиёқ билан Ҳаётнинг ҳаракатларини кузатар эканман, вақти-вақти билан бобомнинг менга қилган ғамхўрликлари эсимга тушиб кетарди. Шу алфозда орадан бир йил ўтди. Бу орада қизини кўргани бир неча бор хотини келди. Аммо Ҳаёт уни остонадан киритмади. Ҳақиқий меҳнат ўз самарасини берди. Кўчатлар бехато, битта ҳам қолмай ҳаммаси тутди. Аммо қизчанинг соғлиғию Ҳаётинг аҳволи бу вақт оралиғида ёмонлашса, ёмонлашди-ю, аммо яхшиланмади. Бир кун кечқурун Ҳаёт қўлида шиша билан дарвозани тепиб, ўзига-ўзи гапириб, кулиб: «Аҳмоқман, аҳмоқман, аҳмоқ. Аҳмоқ бўлмасам, бир девонанинг аллақанақа гапига ишониб, докторнинг қўлидан келмаган ишни дарахт экиб, даво топаман, деб ишонармидим. Тўйдим ҳаммасидан, тўйдим!» дея куртак чиқарган дарахтлар томон бостириб борарди. Бирдан кўзида ёш билан ниҳолларни ердан узиб, ҳар тарафга улоқтира бошлади. Қани энди қўл-оёғим бўлсаю югуриб бориб, уни бу ишдан ушлаб қолсам. Битти ҳам қолмади. Ҳамма-ҳаммасини илдизидан суғурди, синдирди.

* * *

Бу воқеадан сўнг бир ҳафта остона ҳатлаб кўчага чиқмади. Бир ҳафтадан сўнг, ниҳоят, кимдир дарвоза уриб, уни чақириб келди. Бу дарвозани Ҳаётнинг мол дунёси кетгандан сўнг тақиллатадиган одамлар камайиб қолган. «Хўжайин, хўжайин. Ҳаёт ака, уйдамисиз?» дея чақираётган бу ўспирин мени кўрдию худди нимадир топгандек термилиб қолди. Шу пайт дарвоза очилиб: «Нима дейсан, кел, Салим. Қандай топдинг уйимни?» дея кўзлари уйқудан шишган, соқоли ўсиб кетган Ҳаёт чиқди. Улар дарвоза ёнида узоқ гаплашди ва бу шогирд кетар чоғида мени бир мушти билан уриб, роса айланиб кўриб: «Хўжайин, мана шу тўнкани менга берсангиз?!» деди. Бир ҳайратда қолган бўлсам, яна мени нималар кутяпти, деб бир қўрқувда эдим. «Нима қиласан бу чириган тўнкани?» соқолини қашлаб деди Ҳаёт. «Керак-да, хўжайин, илтимос!». «Ол, нима ҳам қилардим уни. Қозон қайнатишдан бошқа нарсага ярамайди. Менда эса қайнатадиган қозоннинг ўзи қолмаган». Шу куни кечгача бу бола келиб мени аравага ортиб, олиб кетди. Мени яна қанақа саргузаштлар кутарди, билмадим. Яна қайтиб бу ҳовлини кўраманми, йўқми, билмайман.

Бу бола мени бир қоронғи хонага олиб кириб чироқ ёруғида арралади, тозалади, ускуналари билан силлиқлади, хуллас, нима қилди билмадим-у, лекин ўзи роса завқ билан ишлади. Мен эса ҳамма нарсага тайёр бўлиб ётавердим. Ниҳоят, уч кун деганда мендан нимадир ясаб худди мени кўрмасин дегандек устимга мато ташлаб, яна ўша аравасига солиб қаёққадир олиб кетди. Бориб, кимнингдир дарвозасини тақиллатиб: «Хўжайин, хўжайин!» дея чақирди. Дарвоза очилди. Роса қизиқдим қаерга келиб қолдим деб. Салом-аликдан сўнг устимдаги матони олиб: «Хўжайин, бу сизга. Менга қилган арзимас ёрдамларингиз учун!» деди. Не кўз билан кўрайки, мени яна қайтариб Ҳаётнинг қўлига тутқазди. «Йўқ, йўқ, бормайман, бунинг қўлига бергандан кўра мени ёқиб юбор!» Лекин ким ҳам бир кунданинг гапига қулоқ соларди. Ҳаёт ҳам ҳайрон бўлганча «А! раҳмат, раҳмат, қўлинг гул боласан-да!» дея шогирдининг қўлидан мени олиб, ўша менинг жойимга қурилган уйига олиб кириб, хонанинг ўртасига ўрнатди. Мен умрим бино бўлиб уйни биринчи марта ичидан кўриб тургандим. Қанақа буюмман ва қанча ой бу хонада турдим, билмайман. Аммо вақт ўтиши билан ҳар куни устим нозу неъматга тўла катта дастурхон ёзилиб, унинг атрофида Ҳаёт ва унинг аёли олдида, ота-онасининг бахтидан кулиб турган жажжи қизалоқни кўриб турардим.

Обиджон РЎЗИБОЕВ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси