Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари раҳбарлари учрашуви нима билан тугади?

0

9 апрель куни Наманган вилоятининг Заркент қишлоғида Қирғизистон Республикаси давлат чегара хизмати раиси полковник Уларбек Шаршеев ва Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари қўмондонлиги хизмати раиси ўринбосари генерал-майор Руслан Мирзаев ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида Қирғизистон Республикаси давлат чегара хизмати сайтида хабар берилди.

Учрашув икки давлат бош вазири кўрсатмасига мувофиқ жорий йилнинг 7 апрелида бўлиб ўтган воқеани чуқур ўрганиш мақсадида ўтказилган. Музокаралар давомида чегара идоралари раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасида рўй берган воқеани муҳокама қилишди. Томонлар икки томоннинг бунга қадар эришилган протокол қарорлари тўлиқ ижро этилмаётгани ва ҳужжат Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон муносабатларининг янги босқичини инобатга олган ҳолда қўшимча ишланмаларни талаб қилишига доир хулосага келишди.

Шундан сўнг икки республика чегара идоралари делегациялари воқеа содир бўлган жойга – Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Оқсой тумани, Мамай қишлоғига ташриф буюришди. Бу ерда давлат маъмурияти раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан 7 апрель куни рўй берган воқеа жойини кўздан кечиришди.

Қирғизистон томон Ўзбекистон делегацияси вакилларининг эътиборини 2018 йилнинг бошидан буён чегарада рўй берган ўзбекистонлик ҳарбийларнинг қуролни қўллаши билан боғлиқ икки воқеага қаратган.

Учрашув давомида томонлар чегара қўшинлари томонидан қуролни қўллаш фавқулодда чора ҳисобланиши, шу боис давлат чегарасидан ўтишда қоидалар қасддан бузилмаган тақдирда, ҳарбийларнинг қуролни ишга солиши қатъиян ман этилди.

Фото: gps.gov.kg
Фото: gps.gov.kg

7 апрель куни қайд қилинган воқеани ҳар томонлама ўрганиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилди.

2018 йил апрелининг учинчи декадасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида кенгайтирилган йиғилиш ўтказиш режалаштирилди, унда чегара масалалари атрофлича муҳокама қилинади.