Англия ҳарбий ҳаво кучлари Сурияга зарба бериш учун жанговар ҳолатга келтириб қўйилди…

0

 

Шу ҳақда Англия бош вазири Тереза Мэй расман маълум қилди. Бош вазирнинг айтишига кўра, Кипрда жойлашган Англия қирувчи самолётлари учиш майдончасига келтирилган. Учувчилар буйруқни кутишмоқда. Шу билан бир қаторда Ўрта ер денгизига бу мамлакатнинг сувости кемалари ҳам олиб келинди. Улар Сурия ҳарбий объектларига қарши ракета ҳужумлари уюштиришга мўлжалланган.

Сўнгги хабарларга кўра, Англиянинг Суриядаги ҳарбий операцияси доирасида энг замонавий самолётлар ва ракеталардан фойдаланилади.

Ҳарбий экспертлар эса инглизларнинг бу ҳаракатини яқинда Россия билан ораларида юзага келган келишмовчиликлар интиҳоси сифатида баҳолашди. Улар ишонч билан айтишмоқдаки, Англия бу қадар шитоб билан ҳужумга шайланишида Американинг роли беқиёс. Бу икки давлат иттифоқчи сифатида Сурия армиясига ҳужумлар уюштириб, Россия совуқ уруш бошлашини тезлаштиришни мўлжаллаган бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча Россия инглизларнинг ҳужумга ўтиш ҳаракатларига ҳеч қандай фикр билдирганича йўқ.

ИТАР ТАСС