Нургул Яшилчой. У Кўсемнинг ўрнида бўлишни истармиди? (Эксклюзив)

0

“Кўсем” сериалининг иккинчи фасли сюрпризларга бой. Энг каттаси албатта, Кўсем султон ролини актриса Берен Саат ўрнига Нургул Яшилчой ижро этаётгани бўлди… Ўзбек томошабинига “Ишкомли уй”, “Келин” сериаллари орқали яхши таниш бўлган театр ва кино актрисаси Нургул Яшилчой билан бўлган энг сўнгги суҳбатни Даракчи нашри эълон қилди.

— “Асоратлар” лойиҳасини тарк этганингиздан сўнг ТВда келажак режаларингиз бўлганмиди?

— Аниқ режам йўқ эди. Кўнглимга ёқадиган лойиҳа бўлса, иштирок этаман, деган ниятда юргандим. Тимур Савжи менинг дўстим, у билан учрашиб қолганимизда “Кўсем”да роль ўйнайсанми?” деб қолди ва бу лойиҳа менда қизиқиш уйғотди.

— Давом этаётган лойиҳада бошқа актрисанинг ўрнини эгаллаш иккиланиш туғдирмаганми?

— Асло! Хуррам султон ролини ижро этган Марямk Узерли ўрнига Вахиде Перчин танланганини таваккал, деса бўлади. Берен Саат бир йилга шартнома тузганди. Унинг қаҳрамони эса улғайди, актриса алмашиши аниқ эди. Шу боис “Кўсем”да иш бошлаганим таваккал бўлмаган.

— Ролга тасдиқланганингизда Кўсем султон ҳақида маълумотга эгамидингиз?

— Ҳукумат тепасида турган шахс эканини билардим. Бошқаларнинг олдида кимдир бўлган, масалан, турмуш ўртоғи. Кўсем эса ёлғиз ўзи. 11 ёшли ҳукмдор ўғли балоғатга етгач, бошқарувни ўз қўлига олади ва албатта онаси билан тўқнаш келади. Кўсем эса ўғлини таърифлаб бўлмас даражада яхши кўради. Боиси Муроднинг феъл-атвори Кўсемникига жуда яқин.

— Кўсем ўз қудратидан завқ оладиган аёл. Шу билан бирга, набирасининг қотили сифатида лаънатланади…

— Кўсем қай даражада соф қалб эгаси эканини тасаввур қилолмайсиз. Халқ уни жуда севади. Бу муҳаббатга ночорларни тўйдириб, ёрдам қўлини чўзгани орқали эришган. Балки сиёсий мажбурият сабаб шундай йўл тутгандир?! Лекин зарурият туғилса, яқинларини қатл қилиши ҳам мумкин.

— Охир-оқибат ўзининг ҳам қатл навбати келади. Ниҳояси маълум сериални нега катта қизиқиш билан кўришяпти деб ўйлайсиз?

— Томошабин Кўсем султонни тарихий қаҳрамон сифатида кузатмайди. Унинг кўз қарашлари, кулгисини севади, Кўсем бутунлай бошқа персонаж. Аслида унинг ташқи кўринишини ёқтиришади. Борди-ю Кўсемга тарихий қаҳрамонга қарагандек боқсак, унга меҳр қўймаймиз. Мен эса Кўсем султоннинг “юзи”ман.

— Кўсемнинг ўрнида бўлишни истармидингиз?

— Бу ҳақда ўйламаганман. Лекин саройда туриб, мутлақ ҳукмрон бўлиш ёқимли, албатта.

— Бироқ у кўплаб инсоний хислатлардан йироқ. Ҳатто фарзандлари билан ҳам самимий муносабат ўрната олмайди…
— Бу имконсиз, у гўё “рок-юлдузи”дек. Бу аёл қалбга қўл солганида, ўз услуби ва вазифасига кўра ёндашади. Қолаверса, у оддийгина Кўсем эмас, балки Кўсем султон! У шундай кийинишга, сериалда кўрсатилганидек яшашга мажбур. Лекин қалбан у оддий Кўсем.

— Кўсем ҳаётингизда қандай ўрин эгаллайди? — Кўсем ҳаёт йўлимдаги устозим бўлди. Қийин кунда унинг ёнига бориб, “Нима қилай?” деб сўрасам, “Ҳозироқ бошини ол”, дея жавоб қайтарган бўларди. Айтганини қилмасдим, албатта. Лекин биргина шу жавобнинг ўзидан енгил тортардим.

— “Асоратлар” сериалида иштирок этдингиз, сўнг “Кўсем”. Қандай аёл қаҳрамонлар ролини ўйнашни афзал биласиз?

— Ҳамма феъл-атвордаги аёллар ролини ижро этишни. Продюсер Кўсем ролини таклиф қилганида бир сония ҳам ўйлаб ўтирганим йўқ, дарҳол рози бўлганман.


Нургул 1976 йилнинг 26 мартида Афьон-Карахисарда туғилган. Болалиги Измирда ўтган.