Сен кетганинг шу бўлди, эй Дўст

0

Шоир, ёзувчи ва адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат 1961 йил 31 августда Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги Қирқлар қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Адабий-танқидий мақолалар, кузатишлар ва шеърлардан иборат “Дала гуллари”, «Адабиётдан чиқиш» ва шеърий “Хасталик дафтари” номли китоби чоп этилган.

ЭЙ ДЎСТ

Сен кетганинг шу бўлди, эй дўст,
Нохос ерга тўкилиб кетди
Қўлимдаги бир коса қаймоқ.
Сен кетганинг шу бўлди, эй дўст,
Ҳал қилувчи шахмат баҳсида
Фарзинимни олдириб қўйдим.
Теккани йўқ курагим ерга,
Фақат ҳолим жуда ҳам хароб,
Сен кетганинг шу бўлди, эй дўст.
Сен кетганинг шу бўлди, эй дўст,
Бир қозон ош, гурунчи тирик,
Ўти учиб қолди қозоннинг.
Сен кетганинг шу бўлди, эй дўст,
Мен туғилган кунни ҳар йили
Ҳамма байрам қилар,севинар,
Лекин мени танимас биров,
Сен кетганинг шу бўлди, эй дўст.

Баҳор шамоли

Эсгин баҳор шамоли,
Гул қўндир ҳар бутоққа.
Бўй етган қизларни ҳам
Учир қўшни қишлоққа.

Эсгин баҳор шамоли,
Қушларни жўр сайратгин.
Йигитларнинг кўзини
Гулдан гулга сакратгин.

Эсгин баҳор шамоли,
Ошиб кел кўк, тоғлардан.
Боғларни халос айла
Қарға, қузғун, зоғлардан.

Эсгин баҳор шамоли,
Сен – ҳар қандай дард дармони.
Баланд-баланд кўтаргин
Тунд, қоронғу осмонни.

Тўда, тўда қушларни
Элдан элга кўчиргин.
Қиш зулми ва қийноқни
Йўқ жойларга учиргин.

Қора қиш деб аталган
Тор, қоронғу қафасни
(Бунда ҳамма хаста,сил)
Синдир, парча-парча қил.

Эсгин баҳор шамоли,
Дармон келтир менга ҳам.
Билсанг, хаста кўнглимда
Роҳат деган туйғу кам.

Эсгин баҳор шамоли…

ҒУССА БОСАР

Ғусcа босар баъзан кўнглимни,
Жонга тегар бу ҳаёт, она,
Билолмайман душман, дўстимни,
Икковин ҳам Худоси таъма.
Оқ толага тўлдириб бошим
Ўтиб кетди муҳаббат ёшим,
Осмонимда ёнган қуёшим
Булутлардан ортмади лекин.
Севгига дуч келган ондан мен
Одамларни таний бошладим,
Ҳар кимга ҳам дўст деб топинмоқ
Ёмон одат экан – ташладим.
Чўнг зулматнинг дастида танҳо
Титраб турган юлдуз мисоли,
Ёлғизликдан чарчадим, она,
Серғуссадир бу кун хаёлим.
Туюлади гоҳида шундай:
Шошқин дарё ўртасида ман
Эшкаксиз қайиқда беимкон
Тургандекман ожиз, нотавон.
Кўздан йироқ кетар тобора
Кўнгил қушим чорлаб турган ёқ.
Тақдирга тан бергим йўқ, нетай,
Измидаман тўлқиннинг бу чоқ.
Кимдир деди: Чиндан севган зот
Ишқда бахтли бўлмас ҳеч маҳал.
Мен Гўзални севган онданоқ
Қисматим ҳам бўлган экан ҳал.
Бардошимнинг боши берк экан,
Тўлмай туриб ботди-ку ойим.
Аллақандай дард бор қалбимда,
Ёлғиз қолсам йиғлайман доим.
Умид айтар: «Бахтинг бор ҳали,
Чўктирмагин руҳингни, Раҳмат».
«Муҳаббатинг поймол бўлди-ку»!-
Висолига чорлайди узлат.
Ўлим айтар: «Дардинг мунча чўнг,
Яхшиси кел, қўй менга ихлос,
Мен руҳингни кулфат зотидан
Бир лаҳзада айлайман халос».
Агар ёрга етиш истагим
Дилдан юлиб ташлаганим он
Менга ёрдам бермасанг ҳамки
Ором топар танимдаги жон.
Ғусса босар баъзан кўнглимни..

Баҳор

Қизғалдоқлар кўкарар қувноқ,
Курк булутлар қирларга қўнди.
Майсалар ҳидига дуч келиб
Қаҳратоннинг қиличи синди.

Ерга амал кирибди дея
Бойчечак шод чалар қўнғироқ.
Осмонлардан тушиб келди тез
Юлдузларнинг илдизи – чақмоқ.

Ёпинволиб илиқ кўрпани
Уйланмаган ёш йигит мисол,
Илдизлар ҳам сал-пал қимирлаб
Сураётир бир ширин хаёл.

Осмон мисли улкан бир тандир,
Қуёш нондай пишади қизиб.
Сўнаётган чўғлар – юлдузлар,
Ой – узилган патирнинг изи.

Баҳосини билмоқчи бўлган
Гўзал қиздай алдамчи баҳор.
Майли, мени ташлаб кет, лекин
Борлиғингда тенгсиз чирой бор.

Муножот

Яраганим, Аллоҳим,
Бир дард бердинг бедаво.
Машҳар куни айтарсан,
Раҳматингми ё жазо.

Яратганим, Аллоҳим,
Мен бандангман, қулингман.
Бу дунёда баҳор йўқ,
Очилмаган гулингман.

Яратганим, Аллоҳим,
Дунё менинг душманим.
Ҳақгўй эдим, сўз айтдим,
Золим эди нишоним.

Бу дунё ҳам ўзига
Мени душман билдими.
Сен яратган бир золим
Жонимга қасд қилдими.

Эй Аллоҳим, бу тошни
Атай менга отдингми.
Ҳақгўйга жазо бер деб
Золимга сен айтдингми.

Эй Аллоҳим, ҳикматинг
Кашфига ақлим ожиз.
Мен ғофилман, шу боис
Қаршингда чўкадирман тиз.

Менга отган тошларинг
Энг лаззатли ошимдир.
Кўнглимда ишқ, гуноҳим
Кўзимдаги ёшимдир.

Бу дунёда қалб сирим
Бир гулга аён этдим.
«Аёл, сени сени севдим» деб
Ишқимни баён этдим.

Мажнун бўлдим, дунё тор,
Кетдим дашту саҳрога.
Ишқ-муҳаббат йўлида
Дуч келдим минг балога.

Дунё золим, жаллод деб
Мен дунёга отдим ўқ.
Дунё билан бир жойда
Яшашга ҳеч илож йўқ.

Ўтинаман, Аллоҳим,
Қудратингни билдиргин.
Ё дунёни вайрон қил.
Ёки мени ўлдиргин.

Яратганим, Аллоҳим,
Бир дард бердинг бедаво.
Машҳар куни куни айтарсан
Раҳматингми ё жазо.

Ҳалол бўламан

Лаҳадга қўйишар мурдамни – бадбўй,
Бир йилда топ-тоза тупроқ бўламан.
Бир йилни ўтказиб, келгуси баҳор
Дарахтнинг шохида япроқ бўламан.

Қуёшни соғинмай бўларми, ахир,
Адирнинг безаги – чечак бўламан.
Атиги етти йил, бошим осмонда,
Қишлоқда энг баланд терак бўламан.

Айрилиқ узоққа чўзилмас, гулим,
Бир ойдир, қирқ кунда жилға бўламан.
Озгина сабр қил, яна биргамиз,
Сен учун аталган сирға бўламан.

Қуш тилин унутиб қўйма, севгилим,
Юрагим бир йилда булбул бўлади.
Мен сени севаман, дейман ҳар саҳар,
Яна қалбинг қувонч, завққа тўлади.

Вужуд қафасидан қутилган соғинч –
Сочингни силаган шамол бўламан.
Бу дунё севгини гуноҳ деб атар,
Бир ўлиб, сен учун ҳалол бўламан.

***
Дўстларнинг уруғи қуриди ҳисоб,
Душман ҳам тинч қўйди, ариди ҳисоб.
Бировга фойда-ю зиёним тегмас,
Раҳимжон Раҳмат ҳам қариди ҳисоб.