Шавкат Мирзиёев янги фармонни имзолади

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатда билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилганлиги ва тергов олиб борилаётганлиги айтилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади: 

биринчидан, божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, шунингдек, божхона органлари марказий ва ҳудудий маҳкамаларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкил қилишда соҳавий тузилмаларнинг мувофиқлаштирувчи роли ва услубий кўмагини кучайтириш;

иккинчидан, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;

учинчидан, Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини, юқори профессионал кўникмага, маънавий-ахлоқий сифатларга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга бўлган кадрларни тайёрлаш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизимини тубдан такомиллаштириш;

тўртинчидан, товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемалари ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, ўрганиш ва умумлаштириш орқали божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш, бюджетнинг даромад қисмини ошириш;

бешинчидан, “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини берувчи хавфни бошқариш тизимига ўтиш;

олтинчидан, божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш;

еттинчидан, божхона органлари барча таркибий тузилмаларининг фаолияти ва идоралараро ахборот алмашинуви самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

саккизинчидан, хорижий давлатларнинг божхона органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, божхона иши соҳасида илғор тажрибани, халқаро норма ва стандартларни тизимли ўрганиш ва жорий қилиш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқланди:

божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш;

божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш.

Вазирлик ва идоралар, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгиланди.

2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгиланадики, унга мувофиқ:

товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади;

бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;

айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;

бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;

импорт товарлари амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади;

божхона органлари солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари билан биргаликда устав капиталида давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади;

божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилади ёки йўқ қилинади;

божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади;

божхона органлари томонидан етакчи халқаро ташкилотлар услубиёти асосида мунтазам равишда товарлар божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти тизимли ўрганиб борилади, уларнинг натижалари эълон қилинади, шунингдек, ушбу соҳадаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: