Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни қонунийлаштириш таклиф этилмоқда

0

Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилди, деб ёзади «Газета.uz».

Ҳужжатда белгиланишича, қонунчиликда фуқароларнинг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида эгалик қилувчи ер участкаларида шахсий турар-жой қуриш ҳуқуқи кафолатланган.

Шу билан бирга, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови шахсий турар-жой қуриш соҳасида асосан қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш борасида тизимли камчиликлар ва жиддий хатоликларга йўл қўйилганлигини кўрсатди.

«Уй-жойни сотиб олиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамай минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ноқонуний шахсий турар-жойларни барпо этган», — дейилади қарор лойиҳасида.

Бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлар биринчи навбатда жойлардаги маҳаллий ижро, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг йўл қўйганликлари сабаб бўлди, дейилади ҳужжатда.

Фуқароларга шахсий турар-жой қуриш учун ноқонуний равишда ер участкаларини муайян тўлов эвазига бериш бўйича фермер ва деҳқон ҳўжаликларининг тил бириктириш фактлари мавжудлиги қайд этилади.

Натижада ушбу муаммо бутун республика бўйича оммавий тус олди ва уй-жойга зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиши ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига фуқароларнинг турар жойига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб 5 мингдан зиёд, депутатлар, сенаторлар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда – 3 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.

Хужжатга мувофиқ, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларда қурилган ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш таклиф қилинмоқда.

Қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини ушбу объэктга ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс қуйидаги шартлар асосида олади:

ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;

ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаса, шунингдек унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.

Қайд этилишича, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорда бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ортиқча қисми захира ерларига олиб қўйилган ҳолда берилади.

Судларга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича даъво киритиш тўхтатиб турилади, судларнинг турар жой сифатида фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисидаги бажарилмаган қарорлари бўйича белгиланган тартибда келишув битимлари тузилади.

Бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар учун жавобгарлик кучайтирилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, бошқа ваколатли органларнинг мансабдор шахслари кейинчалик ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга йўл қўйганликлари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: