Америка коалицияси Суриядаги ҳарбий объектларга қарши ракета ҳужумларини бошлади…

0

 

 

Ҳужумлар бугун маҳаллий вақт билан соат 04: 00 да бошланган. Ҳужумларда Англия ва Франция қирувчи самолётлари фаол иштирок этмоқда. Ҳозирга қадар денгиздан туриб ҳавога учирилган қанотли ракеталар сони юзтадан ошиб кетган. Гувоҳлар Дамашқ шаҳрида кетма-кет 10 та кучли портлаш кузатилганини баён қилишди. Америка президенти Дональд Трампнинг гапига кўра, бу ҳужумлар Сурия армиясининг тинч аҳолига нисбатан қўллаган кимёвий қуроллар ёрдамидаги ҳужумларига арзирли жавоб бўлади. Аммо кимёвий қуроллар қўлланилишига аниқ далиллар йўқ.

Франция ҳам бугун тунда бир неча қирувчи самолётларини Сурияга учирган. Мамлакат президенти Эммануэль Макрон ушбу ҳаракатларни жуда қисқа сатрларда баён этди холос.

Россия тарафи негадир ҳозирча жим. Мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳар соатда Суриядаги аҳвол ҳақида президент Путинга ахборот бермоқда. Унинг айтишича, Америка, Англия, Франция иштирокидаги коалиция уюштирган ракета ҳужумлари Россия қўшинлари жойлашган объектларга зиён етказмаган.

Эрон тарафи эса Исроилнинг Сурияга қарши тез-тез ҳужумлар уюштираётгани масаласига тўхталиб, бу мамлакат раҳбариятини жиддий огоҳлантирди. Эрон тарафи таъкидлаб ўтдики, агар Сурияга қарши ҳужумлар тўхтатилмаса, жавоб зарбалари яқин вақтларда албатта йўлланади. Сабаби, Исроил Сурияга зарбалар йўллаш билан Эроннинг чегара ҳудудларига ҳам жиддий хавф солмоқда. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Россия президенти Владимир Путин Америка коалициясининг бугунги ҳаракатларини баҳоларкан, Трамп бу иши билан дунё хавфсизлигига раҳна солаётганини айтиб ўтди. Шу билан бир қаторда Путин хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисини чақириш ҳақида фармон берди.

Американинг Сурияга йўллаган ракета ҳужумларини америкаликлар ҳам қоралаётгани тайин. Масалан, бугун эрталаб Вашингтонда юзлаб америкаликлар норозилик намойиши уюштириб, Трампдан зудлик билан Сурияга қарши ҳужумлар тўхтатилишини талаб қилишган.

Эслатиб ўтамиз, Суриядаги ҳукумат армияси объектларига йўлланган ракеталар сони юзтадан ошиб кетган. Сурия ракета ҳужумларига қарши ускуналари жами 12 та ракетани ҳаводаёқ уриб туширган.

eadaily. com