Америка ва иттифоқчиларининг Сурияга қарши ракета ҳужумлари дунё муҳокамасида…

0

 

 

— Америка, Англия ва Франция, — деди Россия президенти бугун Сурияга қарши ракета ҳужумлари, бомбардимонларни шарҳлаш доирасида. — Бирлашган миллатлар ташкилоти хавфсизлик кенгашининг санкциясига эга бўлмай туриб, суверен давлат ҳудудига ракета ҳужумларини йўллашди. Бу Халқаро меъёрларга сира тўғри келмайди. Бу ҳужумлар ўз қудратини намойиш этиш, агрессиядан бўлак нарса эмас. Ваҳоланки, Сурия террорга қарши курашда фронтнинг олдинги чизиғини эгаллаб турибди…

Эрон ташқи ишлар вазирлигидагилар ҳам Американинг бу ишини қўллаб-қувватламади. Вазирликдагилар бу тахлит агрессив ҳаракатлар дунё аҳлига салбий натижалар ҳадя этишдан бўлак нарса эмаслигини айтиб огоҳлантирди.

«Анадолу» агентлиги бугун Туркия ташқи ишлар вазирлигининг Сурияда бўлиб ўтган ишларга нисбатан муносабатини эълон қилди. Маълумотда айтилишича, Туркия ташқи ишлар вазирлиги Американинг Сурияга ҳужумларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу мамлакат армияси тарафидан тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўлланилишига арзирли жавобдир.

— АҚШ ва унинг иттифоқчилари ташкил этган ҳужумлар, — дейилади баёнотда. — Одамзоднинг Асад режимига қарши кайфиятини белгилаб берди. Америка дунё аҳлининг инсоф ва виждони уйғонишини таъминлади…

Шу ўринда Германия канцлери Ангела Меркель ҳам Сурияга қарши уюштирилган ҳужумларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. У ҳам Сурияни ўз аҳолисига қарши кимёвий қурол қўллаганликда айблаб, Америка тарафидан амалга оширилган ҳужумлар тўлиқ асосга эга эканини айтиб ўтди.

Хитой раҳбарияти эса Америка ва иттифоқчилари бўлмиш Англия, Францияга мурожаат этиб, Сурия алоҳида суверен, мустақил давлат эканини яна бир бор эслатиб ўтди. Улар Бирлашган миллатлар ташкилоти мутасаддиларини ҳам лоқайдликда айблашди. Бирлашган миллатлар ташкилотининг шарҳи бўлса, қандайдир тушунарсиз кечди. Ташкилотдагилар атиги ҳар бир давлат БМТ Низомига кўра иш тутиши лозимлигини гапириб ўтишди холос.

МИА «Казинформ»

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: