Жодугар қай йўл билан бировнинг ақлини ўғирлайди?

0

Барчага маълум, қадим-қадимдан одамлар орасида, албатта, жодугарлар яшаган. Қадимий корчалонлар, давлатлар, қабилалар етакчилари эса жодугарларни ўлимнинг энг даҳшатли кўринишларига ҳукм этишган. Лекин жоду яшайверган, тарқалаверган, жодугарлар ўзгаларга руҳий таъсир, босим ўтказишдан тийилишмаган. Айниқса, қадимда жодугарлик Ҳиндистон, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Австралияда кенг тарқалган. Ажабланарлиси, жоду қанчалик тақиқланмасин, одамлар, барибир, унга мурожаат этаверган. Кимнингдир яқин кишиси касал бўлса ёки кимдир эри билан жанжаллашган бўлса, эри биров билан юриб кетган бўлса, пулини йўқотса, уйига номаълум кимсалар ўғирликка тушса, албатта, жодугар ҳузурига боришган. Жодугар ўзи танлаган, яхши ўзлаштирган усул ёрдамида кимнидир турмуш ўртоғидан совитган ёки аксинча иситган, кимнингдир пулини топиб берган. Аммо мижозлар жоду усулининг маънисига етишмаган. Иш битдими, тамом, ҳақини беришган-у, кетаверишган.

Қадим-қадимдан Вуду жодуси халқлар орасида жуда машҳур бўлган. Шу жоду ёрдамида жодугарлар эр-хотинни бир-бирига иситган ёки, аксинча, бир-биридан совитган. Ажабланарлиси, хотинидан совиган эркак жоду таъсирида уйига келган-у, умрида қайрилиб қарамаган аёлни ёнига олиб, уйдан чиқиб кетаверган.

Хўш, жодугар, азалдан қарғишларга қолиб, найзалар устига ўтқазилиб ўлдирилган, тошбўронлар қилинган, қораланган, сургун қилинган, бадарға қилинган жоду устаси қай йўл билан ўзининг ҳаром ишларини амалга оширади? Маълум бўлишича, кучли жодугарлар махсус иблисона «дуо»лар кўмагида ўзга тафаккур ичкарисига олға кириб боради. Шу аснода жодугар ўзи кириб бораётган тафаккур эгасининг энергетик қобиғини алмаштиришга улгуради. Натижада бу одам жоду таъсирига тушади. Ҳис-туйғуларини, ҳаракатларини, гап-сўзларини назорат этиш бахтидан маҳрум бўлади. Ана ундан кейин хотинини, ҳасми ҳалолини жондан суйган шу эркак уйга келади-ю, хайр-маъзурни-да насия қилиб, боши оққан тарафга жўнайди.

Жодунинг яна бир салбий жиҳатини айтиб ўтмасак бўлмайди. Бизнинг кунимизда ҳам эрининг хотинида кўнгли йўқлик ё аксинча, хотиннинг эрида кўнгли йўқлик ҳолатлари жуда кўп учрайди. Ана шунда бу бахтсизларнинг яқинлари, ота-она, опа-сингиллари сира тап тортмай жодугар ҳузурига келишади ва уларни «иситиб» беришини илтимос қилишади. «Иситиш» ибораси илмий тилда мажбурий муҳаббат деган маънони англатади. Жодугарга нима, у ўз ишининг устаси. Иблисдай нодон ва маҳлуқсифат нусха уни бошқармоқда, шайтоний дуоларни, гипноз, жоду усули ёрдамида бировлар онгини эгаллаш ва яна шу каби бошқа сирларни ўргатмоқда, уни олдинга бошламоқда. Халқ тилида «иситиш» оқ жоду сифатида тилга олинса ҳам, барибир, жоду-да! Халқда бекорга «Оқ ит, қора ит, бари бир гўр ит» деган ҳикмат тилга олинмайди. Жодугар кимнидир кимгадир иситиб бергани эвазига отнинг калласидай ҳақ ундиради, бундан ташқари, обрўси ортади. Негаки, у масофадан туриб ўша иситилиши зарур одамнинг онгига кириб борди, уни жодусига бўйсундирди. Энди у хотини ё эридан совиганини, севмай қўйганини унутади. Оила яна аҳилликда яшай бошлайди. Надоматлар бўлсинки, бу аҳиллик жуда қисқа вақт давом этади. Негаки, жодугарнинг жодуси узоқ муддат ўз кучида қолмайди.

Бундан ташқари, жодугарлар одам аураси, яъни энергетика қобиғини ўзига бўйсундиришга ҳам устаси фаранг. Лекин бу жабрдийда учун кўнгилсизлик билан тугаши ҳеч гап эмас. Сабаби, жодугар унинг энергетик қобиғига кириб боргач, уни юпқадан юпқа ҳолатга келтириб қўяди. Оқибатда жабрдийда арзимаган, жуда кучсиз аура эгалари бир пуфласа учиб тушадиган даражада ожизлашиб кетади. Оддий вируслар қулига айланиб, натижада оғир хасталик туфайли ҳалок бўлади. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз жодугарларни хушлашмаган, улардан нафратланишган, подшолар эса жодугарларни ўлимнинг энг аянчли турларига ҳукм қилишган.

Олимлар Вуду жодусининг «оқ»и ҳам, «қора»си ҳам инсон ҳаёти учун ўта хавфли эканини илмий жиҳатдан исботлашган. Улар одамни оқибатда фожиага етаклайди.

Вуду жодуси билан шуғулланадиган жодугарлар оддий латтадан ёки лойдан ўз руҳиятига, энергетика қобиғига кирмоқчи бўлган одамнинг қиёфадош қўғирчоғини ясашади. Кейин шу қўғирчоққа жоду йўли билан таъсир ўтказиш орқали ҳақиқий жабрдийданинг энергетик майдонини ўзи хоҳлаган тарафга ўзгартиради. Шу йўл билан жабрдийдага зиён етказиш, аниқроғи, оғир хасталикка дучор этиш, ёки уни ҳис-туйғудан маҳрум этиш мумкин. Аксар ҳолларда Вуду жодуси ёрдамида таъсир ўтказилган кимсалар ҳаёти ўлим билан тугаши кузатилган.

Вуду жодуси қадимдан энг хавфли жоду сифатида қораланган. Айнан унинг ёрдамида иблис етагидаги жодугарлар одамларни ҳақиқий зомбига айлантиришган, кейинчалик улар хизматидан баҳраманд бўлишган. Зомбига айланган одамни ўзлари истаган кўйга солишган. Вуду жодуси усталари нафақат иблисона дуодан, балки Фуду деб номланган балиқ териси ва жигаридан махсус тайёрланган кукунлардан ҳам ишлатишган. Бу балиқ организмидаги ёки аниқроқ айтганда, тери ва жигари таркибидаги заҳарли модда ҳар қандай одамни шол бўлиш даражасигача етказади. Жодугарлар эса балиқ кукуни ёрдамида одамлар туйғуларини ўзига бўйсундириш, уларни ҳис-туйғудан буткул маҳрум этиш мақсадларида фойдаланишади. Бунинг учун олдин танланган одамга иблисона дуолар, гипноз кўмагида кучли таъсир ўтказишади. Ана шундан кейин кукуннинг белгиланган миқдорини беришади. Кўрибсизки, бу одам жодугарнинг нақ қулига айланади-қолади. Худо кўрсатмасин, жодугар кукунни кўпроқ миқдорда берса, одам олдин кома ҳолатига тушади ва шу кўйи рихлат қилади. Маълум миқдорни қабул қилган эркак ё аёл эса зомби қиёфасига киради. Жодугар кимнидир ўлдиришни буюрса, сира иккиланмасдан, бир туки сесканмасдан ўлдиради.

Азизлар, бу мақолани эътиборингизга ҳавола этишдан асосий мақсад шуки, сизлар ҳеч қачон адашманг. Жодуга муккангиздан кетманг. Оқибатини ўйланг. Худо берган бахтни, бахтсизликни шукроналик билан қабул қилинг. Ишонинг, жодугар ёрдамисиз ҳам Яратган эгам ҳар бир бандасига яхшилик-у ёмонликни бирдай тақсимлайди.

tainy. net

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: