Меъда қайнашида парҳез

0

Зарда овқатланиб бўлгандан кейин тахминан бир соатлардан сўнг қўзғалиши мумкин. Айниқса, агар таом миқдори меъёрдан ошиқ ва овқатга ўткир зираворлар ёки қайла қўшилган бўлса, унинг пайдо бўлиши тезлашади. Шунинг учун зарда(меъда қайнаши)да парҳез ҳавас эмас, балки зарурият юзасидан кўрилган чора ҳисобланади.

Зарда — овқатлангандан кейин кўкрак қафасида юқори томон ҳаракатланадиган ёки томоқда содир бўладиган ёқимсиз ҳиссиёт. У ошқозондан қайнаб чиқаётган иссиқлик ва куйдириш, кекириш ҳамда қорин соҳасида оғриқ ҳис этиш билан кечади. Зарда етарли даражада кенг тарқалган бўлиб, ер юзидаги аҳолининг учдан бир қисми ундан азият чекади.

Зарда ошқозон кислотаси ортиқча бўлган гастритда, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, холециститда тез-тез қўзғалиб туради. Зарда диафрагмаль чурра ва айрим озиқ-овқат қўшимчаларини кўтара олмасликда ҳам ҳосил бўлади. Аёлларнинг ҳомиладорлик даври ҳам зарда пайдо бўлишига хизмат қилади. Стресс, невротик ва ташвишли ҳолат зардани қўзғовчи восита саналади. Тор кийим кийиш, масалан, пояс тақиб юриш, оғир кўтариш ва жисмоний зўриқиш зардани кучайтириб юбориши мумкин.

Зардага нафақат ошқозон-ичак тракти касалликлари, балки юқорида кўрсатилганлар ҳам сабаб бўлади. Ортиқча еб қўйишга мойиллик ва ҳазми оғир таомлар билан нотўғри овқатланиш ҳам зардани қўзғатади. Тўйиб овқатлангандан кейин ётиб олиш одати ошқозонда куйишга ўхшаш ёқимсизликни келтириб чиқариши мумкин. Ортиқча вазн ҳам худди шундай ёқимсиз ҳолат ва ошқозон ширасининг меъёридан ортиқ даражада бўлишига олиб келади. Шунинг учун зардага мўлжалланган парҳезга амал қилиш улардан қутулишнинг самарали чораси ҳисобланади. Агар шифокор кўрсатмаларига амал қилган ҳолда саломатликни тиклашга астойдил ҳаракат қилинса, нафақат саломатликни яхшилаш, балки зардадан бутунлай қутулиш мумкин.

Зарда бўлганда нима истеъмол қилиш мумкин?

Бу зарда бўладиганлар учун энг муҳим савол. Чунки бу ёқимсиз ҳолат ҳар қандай инсонни ўз аҳволини яхшилаш учун овқатланиш тартибини ўзгартиришга мажбур этади. Хуллас, зардада қуйидаги маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин:

* гўштнинг ёғсиз турлари (товуқ, қуён, бузоқ, курка);

* ёғсиз балиқ;

* кучли эзилиб пишган каша — сули, гречка, гуруч;

* ёрма солинган сабзавотли суюқ овқат;

* димланган, буғда ва қўрда пиширилган сабзавотлар;

* қуритилган нон, кепакли нон ва ана шундай нонлардан тайёрланган сухарилар;

* маккажўхорни унидан тайёрланган маҳсулотлар, маккажўхори нони;

* нордон бўлмаган, ёғсиз творог ва тузсиз, ёғсиз пишлоқ;

* қайнатилган тухум;

* хом сабзи ва бошқа клетчаткага бой хом сабзавотлар;

оз миқдорда сариёғ;

* баъзида озгина кефир ичиш мумкин;

* мева ва полиз маҳсулотларидан банан, нок, ширин олма, қовун, тарвуз;

* ичимликлардан газсиз ва таркибида ишқор кам бўлган минерал сув, шакарсиз суюқ дамланган чой, ширин шарбатлар.

«Зардада нима ейиш мумкин?» деган саволга жавоб бериш асносида меъда қайнашида фақат парҳез таомлар танланганини кўрамиз. Чунки ошқозон-ичак тракти ҳолатини яхшиламасдан туриб, зарданинг ёқимсиз аломатларидан қутулиб бўлмайди.

Нима истеъмол қилиш мумкин эмас?

Зардада истеъмол қилиш мумкин бўлмаган маҳсулотлар қуйидагилар:

* спиртли ичимликлар;

* метеоризм чақирувчи маҳсулотлар — сут, карам, ловия, қора нон, бодринг;

* янги ёпилган нон ва пишириқлар, қат-қат хамирдан тайёрланагн егуликлар, торт ва пирожний;

* макарон маҳсулотлари;

* майонез, кетчуп ва бошқа қайлалар;

* ёғли гўшт ва қийма;

* ҳайвонлардан олинадиган ёғлар — сало, сметана, қаймоқ;

* гўшт, балиқ ёки қўзиқорин солиб тайёрланган суюқ овқат;

* ўткир зираворлар, овқатни хушхўр қилувчи нарсалар ва сабзавотлар, масалан, қалампир, хом пиёз, турп ва бошқалар;

* дудланган ва консерваланган маҳсулотлар;

* тузлама ва маринадлар;

* янги цитрус мевалар ва улардан тайёрланган шарбатлар;

* сут-қатиқ маҳсулотлари, нордон творог;

* тузли пишлоқ;

* шакар ва таркибида шакар бўлган, шунингдек, шоколад маҳсулотлари;

* аччиқ дамланган чой, қаҳва ва таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликлар;

* газли ичимликлар, лимонад ва газли минерал сув;

* Нордон ичимликлар, квас;

* нордон сабзавотлар ва кўкатлар, резавор ва мевалар, масалан, шовул, исмалоқ, олма, клюква, олча;

* помидор ва унинг томатидан тайёрланган маҳсулотлар — шарбатлар, пасталар, қайлалар, боршч;

* қўзиқорин ва у қўшиб тайёрланган таомлар;

* фаст-фудлар ва яримфабрикат маҳсулотлар;

* ялпиз, ҳатто сақич ва дори таркибида бўлса ҳам.

«7 Мўъжиза» газетасидан