Россия мудофаа вазирлигидагилар АҚШ коалицияси тарафидан Сурияга қарши ҳарбий ҳаракатлар қандай қуроллар ёрдамида амалга оширилганини баён қилишди…

0

 

 

Маълумотларга кўра, Америка, Англия, Франция Суриядаги ҳарбий объектларга мўлжални жуда аниқ олувчи ракета-бомбалар ёрдамида ҳужумларни амалга оширган. Шу ҳақда Россия қуролли кучлари бош штаби тезкор бош бошқармаси раҳбари генерал-полковник Сергей Рудской маҳаллий ва хориж журналистлари учун ташкил этилган брифингда алоҳида тўхталиб ўтди.

Демак, Американинг «В-1B», «F-15», «F-16» қирувчи самолётлари, Англиянинг «Торнадо» самолётлари, АҚШ ҳарбий денгиз флотига қарашли «Лабун» ва «Монтерей» кемалари Ўрта ер денгизи ҳамда Қизил денгиздан туриб ҳужумларни амалга оширган.

Америкага тегишли «В-1В» стратегик бомбардимончи самолётлари эса «Эт-Танф» ҳудудидаги ҳужумларда иштирок этган.

Ракета-бомба ҳужумлари Сурия ҳарбий аэродромлари, саноат ва илмий-тадқиқот объектларига йўналтирилди. Баъзи тасдиқланмаган хабарларга қараганда, зарбалар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Сўнгги хабарларда Сурияга қарши жами 103 та қанотли ракета ҳавога учирилгани айтиб ўтилди. Бундан ташқари, шу объектларга «В-1В» самолётларидан бошқарувга мослаштирилган авиабомбалар ташланган. «F-15», «F-16» самолётлари ракета ҳужумларида фаол иштирок этган. Англиянинг «Торнадо» самолётларидан жами 8 та «Scalp EG» қанотли ракеталари ташланган.

Бу ҳужумлар яна қанча вақт давом этиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча маълумот берилмаяпти.

Россия президенти Владимир Путин коалициянинг бу ҳужумлари Бирлашган миллатлар ташкилоти санкциясига эга бўлмай туриб амалга оширилгани, шубҳасиз, шу нарса халқаро меъёрлар қўпол равишда бузилишига сабаб бўлганини айтиб ўтди. Яна шуни таъкидлаб ўтдики, Америка ва унинг иттифоқчилари қонуний тарзда террорга қарши кураш олиб бораётган суверен давлат ҳисобланмиш Сурияга нисбатан адолатсизларча муносабатда бўлишган. Ачинарлиси, айнан бугун Сурияда Шарқий Гутадаги террорга қарши жанглар давомида ҳукумат армияси тарафидан кимёвий қурол қўлланилган-қўлланилмаганини текширувдан ўтказиш, таҳлил этиш учун халқаро экспертлар гуруҳи иш бошлаши лозим эди. Бундан чиқди, Америка ўзининг Башар Асад ҳукумат армияси шаънига ёғдирган бўҳтонлари ошкор бўлмаслиги учун ҳужумларни фавқулодда бошлашга қарор қилган бўлиши мумкин.

tvzvezda. ru