СЎҚИР ҚИЗНИНГ ҚОРА ҚИСМАТИ… (25-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Солиқ идорасида одам гавжум эди. Нортўхта хотини ва кампирни четдаги ўриндиқлардан бирига ўтқазиб қўйди-да, қайси хонага кириш лозимлигини аниқлаштириш билан овора бўлди. Нилуфар эса кўзлари кўрмаса ҳам уёқдан буёққа ўтаётган одамлар томон тинимсиз бош бурар, уларни кўнгил кўзлари кўмагида кузатишга ошифта эди.

Саври кампир унинг бу ҳаракатларини зимдан кузатарди-ю, қалбини ачиниш ҳисси чулғарди. Нимадир деб Нилуфарни чалғитмоқчи бўларди. Аммо сўз топа олмасди.

Ниҳоят Нортўхта уларга яқин келди-да, Нилуфарнинг қўлидан тутди.

— Юр, аниқладим, — деди мулойимлик билан. — Ҳозир ўша хонага кирамиз. Фақат… Йиғлаб юбормагин! Юрагим шундоғам тўкилай деб турибди.

— Хотирингиз жам бўлсин, — деди Нилуфар бир қўли билан соч турмагини тўғрилаб. — Менинг иродам сизникидан минг чандон кучлироқ.

— Баракалла, қизим, — уни алқаб қўйди Саври кампир. — Доим шундай бўлгин! Мени қизим ҳамиша кучли бўлиши керак. Юрақол!..

 

 

* * *

 

 

Кабинет тўрида ўрта яшар, қорачадан келган, калбош эркак ўтирар, қоғозга нималарнидир ёзиш билан банд эди.

Уларни остонада кўрди-ю, биринчи навбатда Нилуфарга разм солди. Лаб тишлаганча норози бош чайқади. Сўнгра барчаларини ўтиришга таклиф этди.

— Қани, мана бу ерга ўтиринглар! Синглим, сиз тўрга ўтаверинг!

Нортўхта Нилуфарни тўрдаги курсига ўтқазиб, ўзи ҳам Саври кампирнинг рўпарасидан жой олди.

— Хўш, хизмат? — сўради эркак босиқлик билан. — Сир бўлмаса, нима иш билан келдингизлар?

— Мен… Кўрман! — деди туйқусдан Нилуфар. — Йўлимни ўзим топиб юролмайман. Лекин бировга қарам бўлишниям истамайман.

— Қ-қизим… — — Нилуфарнинг очиқчасига сўзлаган сўзидан эркак ўзини йўқотди. Нима дейишни билмай каловланди. — Т-тушунаман… Бироқ… Менга нима хизмат демоқчийдим…

— Менга бозорда тиккан ишимни сотиш учун рухсатнома беринг! Ходимларингиз эримни бозордан ҳайдаб солишибди…

— Э, шунақами? — дея беихтиёр ўрнидан туриб кетди эркак. — Сиз чевармисиз ҳали, қизим?

— Ҳа, чеварман. Яхши-яхши кийимлар тикаман. Насиб бўлса, ҳали тиккан ишларимни бутун дунёга кўз-кўз қиламан.

— Баракалла! Баракалла!.. Қойилман сизга! — эркак севинчини яширолмай столни айланиб ўтди-да, Нилуфарнинг тепасига келди. — Шахсан мен сизнинг режангизни юз фоиз қўллаб-қувватлайман, қизим! Қанийди ҳаммаям сиздай жасур бўлса!..

— Хўш, менга рухсатнома берасизларми? Ёки…

— Ие, нега бермас эканмиз? — деди эркак. — Сизга рухсатнома бермасак, бу ерда нима қилиб ўтирибмиз? Ҳозироқ тўғрилаймиз.

— Қанча туради ўша рухсатнома? Пулимиз бор, хавотир олманг, ака!..

— Э, бу нима деганингиз? Қанақа пул? Сиздай чеварга битта рухсатномани текинга берсак, камайиб қолармидик? Пулингизга-чи, қизим, чиройли матолар сотиб олинг. Ўша матолардан кўп-кўп кийимлар тикинг. Айтганча… Паспортингизни беринг-чи!..

Нортўхта шоша-пиша чўнтагидан Нилуфарнинг паспортини чиқарди-ю, эркакка узатди.

— Жуда яхши, — деди эркак ҳужжатга кўз югуртиргач. — Сизлар шу ерда ўтириб туринглар! Мен рухсатномани тўғрилаб чиқай!..

 

 

* * *

 

 

… Нилуфар болалигида «Телбанинг ишини Худо ўнглабди» деган мақолни кўп эшитган. Сўнгги бир йил ичида шу мақол қанчалар тўғрилигига амин бўлди.

Қўллари чаққонлашгани, тикув машинасида ишлашни ўзлаштиргани, ёнига шогирд қизларнинг йиғилгани, бозордан ташқари шаҳар марказига алоҳида дўкон қурилгани Нилуфарни жуда бардамлаштирганди. У энди ҳеч нарсани ўйламас, сиқилмас, тушкунликка тушмас, кўзлари кўрмаслиги ҳам ёдидан кўтарилгандек эди. Шундай пайтлар бўлардики, куннинг қандай елдек учиб ўтганини пайқамай қоларди…

Адашмаса, ўша куни Якшанба эди. Саври кампир шом маҳали Нилуфарнинг шогирд қизларидан икки нафарини ёнига олиб паловга уннай бошлаганди.

Тўсатдан дарвоза қия очилиб Нортўхта ҳовлиққанча кириб келди. Унинг юзлари бўғриққан, кўз қарашлари бежо эди. Аммо лабларидаги табассум шундоқ сезилиб турарди.

Саври кампир барибир қўрқиб кетди. Пилдираганча бориб Нортўхтанинг йўлини тўсди.

— Ҳа-а, тағин нима бўлди, болам? — сўради хавотир аралаш. — Тинчликми?.. Нега безовтасан?

Нортўхта бу саволларга жавобан кулимсираб кампирнинг икки елкасидан тутди.

— Она, қўрқманг, тинчлик! — деди у эҳтиёт шарт атрофга аланглаб. — Ҳаммаси жойида… Нилуфар қани? Хонасидами?

— Ҳ-ҳа, хонасида, — жавоб қилди кампир ҳануз хавотирини сир тута олмай. — Нимайди? Юрагим қинидан чиқай деяпти, болам. Гапирсанг-чи!

— Кейин, — деди Нортўхта Нилуфарнинг хонаси томон қадам ташлаб. — Чиқай, кейин айтаман!..

 

 

* * *

 

 

Нортўхта аста эшикни очди-да, киришга шошилмай, тўрда тикув машинасида кийим тикаётган Нилуфарни кузатди. Хотини машинага анча кўникканди. Энди айтарли пайпасланиб, нималарнидир қидирмас, излайдиганлари ёнида бўлгани боис, сира иккиланмай гоҳ қайчига, гоҳ бошқа бир буюмга қўл чўзарди.

Эшик очилганини шовқин орасида ҳам эшитдими, бирдан тикишдан тўхтади.

— Ким? — сўради у эшик томон юзланиб. — Ойи, сизми?

— Менман, мен! — Нортўхта кулимсираган кўйи Нилуфарга яқин келиб қаршисига чўкди. — Хўш, чарчамадингми?

— Дўконни ёпдингизми? — саволга савол билан жавоб қайтарди Нилуфар. — Бунча эрта ёпмасангиз?

— Хотиринг жам бўлсин! Сотувчи ёлладим бугун. Жуда ақлли, фаросатли аёл экан. Таниш-билишлар тавсия қилишганди. Пича синаб кўргандим, маъқулдай туюлди…

— Шуни айтгани келдингизми? — норозиланди Нилуфар. — Бозордаги «точка»миздан хабардор бўлсангизам…

— Сенга зўр янгилигим бор, — деди Нортўхта тўлқинланиб. — Айтсам ўзингам қотасан.

— Вой, айтинг унда! — деди ҳовлиқиб Нилуфар. — Фақат чўзманг! Биласиз-ку, барибир айтмаганингизга қўймайман!..

Нортўхта чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди-да, шошилмасдан сўз бошлади.

— Кўзларинг қайтадан кўришини хоҳлармидинг? — сўради хотинига синчковлик билан тикилиб. — Айт, жоним, дунёни қайта кўришни истайсанми?

— Эҳ, тағин эски гапни бошладингизми? Қўйинг, ҳозир бунақа гапларнинг мавриди эмас. Ишим бошимдан ошиб ётибди.

— Йўқ, айтишинг шарт. Саволимни жавобсиз қолдиролмайсан. Барибир айтасан.

— Айтганимдан нима фойда?

— Сен айт-чи!..

— Билиб туриб сўраяпсизми? Қайси сўқир банда дунёга қайта тик боқишни хоҳламас экан?

— Унда эшит. Мен бир танишим орқали чет элдан зўр дўхтир топдим. Уминан телефон орқалиям гаплашдим. Кўзингни операция ёрдамида очиш мумкин экан. Дўхтир сўз берди менга, тушунаяпсанми?!.

— Шунақа денг? — бўшашиб юзини терс бурди Нилуфар. — Мен бўлсам ишонмайман. Бу гапларингиз туя ҳаммомни орзу қилганиминан баравар.

— Бекорларни айтибсан! Худога шукр, пулимиз йўқ эмас, бор! Кел, шу имкониятдан фойдаланайлик! Ахир… — Нортўхта сўнгги гапни айтишга чоғланди-ю, негадир тутилиб қолди. Аммо айтди. — Мен бу кунни бир умр орзу қилганман!..

— Пуллардан кўнглингиз тўқ бўлсин, — деди Нилуфар қайсарланиб. — Сизга машина сотволишимиз керак ҳали.

— Керакмас машина! — беихтиёр бақириб берди Нортўхта. — Машина мингандан пиёда юрганим яхши. Сенга… Сенинг кўзларингга сарфласам дейман ўша пулларни!..

Нилуфар индамади. Эрининг сўнгги гапидан азбаройи таъсирланганиданми, тили сўзга айланмади. Нортўхтанинг кейинги гаплари қулоғига ҳам кирмади. У шу онларда ўзи сезмаган ҳолда орзулар уммонида сузар, дунёни очиқ кўзлар билан кўришни бутун вужуди билан хоҳлаётганди. Лекин бу хоҳишларини ошкор қилишга негадир қўрқарди.

 

 

* * *

 

 

Нилуфар қўрқувлар исканжасида тонгга қадар тўлғониб чиқди. Миясига турли хунук хаёллар ўрлаб, кўз юмишга қўймади. Энди у Нортўхтанинг сўнгги қарори ҳаётига ростакамига нуқта қўйиши муқаррарлигини қалбан ҳис этарди. Меҳр берган, ишонган ва суянган кишиси жарроҳлик операцияси баҳонасида уни боқий дунёга жўнатиши, шу йўл билан не машаққатларда жамғарган бойликларига эга чиқишини тасаввур этиб қаттиқ эзиларди. Ёруғ дунёда ҳақиқий муҳаббат ўрнини ёвузлик, шахсий манфаат аллақачон эгаллаб қўйганига куярди.

Умри жуда оз қолганини сезгани сайин машаққат ва ғурбатга йўғрилган яқин ўтмиши кўз олдидан ўтарди. Болалар уйида бирга катта бўлган дугоналари билан хаёлан тиллашар, видолашарди.

«Етимларнинг пешонасига азоб, алданиш, мушкулот ва итдай хорликда ўлиш ёзиларкан-да, — ўйлади Нилуфар эрта тонгда аста ўрнидан қўзғалиб соч турмагини тўғриларкан. — Мана, суянган тоғим, ишонган боғим мени алдаб ўлим сари етакламоқда. Шунинг ўрнига ўзимга аста шипшитса, пулларимни қўш қўллаб топширардим. Жарроҳнинг ажалга элтувчи столига ётқизиш шартмиди? Қизиқ, эркакларнинг ҳаммаси бир гўр экан. Олдинига ялтоқланиб ичингга кирволаркан-да, кейин билган қандини еркан. Унақа десам, Арслон мени қанча хўрламасин, калтаклаб, ит кунига солмасин, ўлдиришга сира бел боғламаганди. Ё тортиб олишга ҳеч вақом йўқлиги учун ўлдирмаганмикан? Ахир, ўшанда ростданам ҳеч нарсасиз етимгина бир қиз эдим… Майли, менга ўлим тиласалар, Худога солдим ҳаммаларини…

 

 

* * *

 

 

Тонг отиб, биргаликда нонушта қилишгач, Нилуфар Нортўхтани ичкари хонага судраклай бошлади.

— Кетишимдан олдин сизга айтиб қўядиган баъзи гапларим бор, — деди қовоқ уйиб. — Фақат йўқ деманг. Кейин пушаймон бўлиб юрманг!

Нортўхта Саври кампирга қараб кулимсиради-ю, эҳтиёткорлик билан Нилуфарни ўрнидан турғазди.

— Хўп, жоним, юрақол! Нима десанг, ҳаммасини бажо қиламан.

Эрининг бу гапи Нилуфарни баттар шубҳага ботирди. Юраги эзилиб, йиғламоқдан, дод солмоқдан бери бўлди. Ҳатто Нортўхтанинг товуши ёвуз душманники каби совуқ туюлиб кетди. Лекин кўнглидагини сездирмади. Нортўхтанинг етагида ётоққа кирди.

— Хўш, асалим, кетишдан олдин иккаламиз холи қоллишимизни хоҳладингми? — сўради Нортўхта мулойимлик билан. — Жуда ақллисан-да ўзингам! Эрингни ҳеч қачон унутиб қўймайсан. Уёқдаям барибир сени ёлғизлатиб қўймайман-ку, жиннивой!.. Қўрқавермагин-да энди!..

Нилуфар жавоб ўрнига ён киссасидан буклоғлик қоғозча чиқариб Нортўхтага узатди.

— Мана шуни олиб қўйинг, — деди юзини терс буриб. — Армонда қолиб кетманг тағин.

Нортўхта шоша-пиша қоғозга кўз югуртирган бўлди-да, беихтиёр қошлари чимирилиб, қоғозчани бурда-бурда қилиб ташлади ва дераза томон улоқтирди.

— Сен жинни бўпсан, — деди аламини аранг ичга ютиб. — Одамларга ишонмайдиган бўлибсан. Ахир, мен сени севаман! Қандай ҳаддинг сиғди мен ҳақимда ёмон хаёлга боришга?.. Майли, майли… Кечир, жоним, кечир!.. Йўл олдидан қизишим кетдим… Ҳали тузалиб олгин, ўшанда ҳақиқий башарамни кўрасан. Севишимга ўзинг амин бўласан.

— Энди бунинг сира аҳамияти йўқ, — деди Нилуфар. — Мана, ниятингизга етиш арафасидасиз. Фақат… Гоҳи-гоҳида бўлсин мениям эслаб туринг. Ҳақимга дуо қилинг. Марҳум, марҳумалар дуо-тиловатга ташна бўлишади. Руҳлар дуодан озиқ олади… Яхши-ёмон гапирган бўлсам, рози бўлиенг! Энди бошланг, тағин самолётга кечикмайлик!..

Нортўхта хотинига жавобан ҳеч нарса демади. Ҳозирги ҳолатида бирор сўз айтиш, овутиш, кўнглига йўл қидириш бефойдалигини англагани сабабли сукут сақлаш билан чекланди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: