ЭГИЗАКЛАР… (13-қисм)

0

 

 

***

 

 

Аэропортда уни Носиров кутиб олди.

— Ие, Петржон, нега огоҳлантириб қўймадингиз? — кулиб Ерожинни бағрига босди у. — Ярим соат аввал Холиджон қўнғироқ қилиб қолди.

— Хавотир олиш керак эмасди.

Ўзининг вақтинчалик кабинетига келгач, ичкарида Россиядаги манзил билан жўнатилган Шуранинг факсига кўзи тушди. У иккинчи маротаба турмушга чиқибди. Фамилияси ҳам ўзгарган. Волга дарёсига яқин жойда яшаётган экан. Тезда Носировнинг ёрдамчисини чақириб Самарага тез борадиган самолёт рейсини суриштирди. Бахтга қарши, самолёт ҳафтада бир марта учаркан. Кечагина кетибди. Ерожиннинг яна бир ҳафта кутишга тоқати йўқ эди. Поездда жўнашга қарор қилди. Аввал Самарага факс юбориб, кутиб олишларини сўради.

 

***

 

 

Ерожин бир нарсани сира тушунмасди. Нега Москвага бориб Фотиманинг кетидан тушиш ўрнига Шурани қидириб боришга аҳд қилди?.. Ҳа, у кўпинча юрагига қулоқ солишни афзал кўради. Кўп ҳолларда юраги тўғри йўл кўрсатади. Ҳақиқатан, Москвада у қизни бекордан-бекорга қидириб юриши ғирт аҳмоқлик. Агар Шура билан боғланса иш осонроқ кўчишини кўнгли сезиб турибди. Фотима унинг манзилини бекорга олмагандир…

Шундай хаёллар билан таваккал поездга ўтирди. Купе кузатувчиси Носиров берган катта сумкани унинг ёнига қўйиб кетди. Ерожин раҳмат айтиб сумкани очди. Ичига гилос тўлдириб қўйишибди. Бунақанги гилосларни Осиё бозорларида сира учратмаганди. Ҳам мазали, ҳам чиройли. Ерожин гилослардан бир-иккитасини татиб кўрган бўлди-да, сумканинг бир четига жойланган коньякни олди. Шишани очиб пиёлага тўлдириб қуйди ва ичди.

Чарчаганди. Иккинчи пиёла бошини айлантириб, уйқусини келтирди. У овқатланмасдан ҳам ётиб олди…

Самарага етиб келганда Ерожин анча дам олиб, ўзига келганди.

Перронда уни кутиб туришган экан. Бошқарма ошхонасида овқатланиб олгач, машина ва вилоят картасини беришларини илтимос қилди. Мақсад битта эди. Шуранинг уйини қидириб топиш ва у билан гаплашиш…

Йўл жуда текис эди. Машина сира қийналмасдан катта тезликда кетиб борарди. Орадан бир соатлар ўтиб Ерожин кўзлаган манзилига яқинлашди. Кичкинагина шаҳарча. Марказда ўрнатилган ҳайкал тез кўзга ташланади. Ҳайкал оёқлари остида бир неча аёллар туриб олганча картошка, тухум каби егуликлар сотиш билан банд. Машина кўп қаватли уйларни ортда қолдириб маҳаллаларга кириб борди.

Ерожин йўл-йўлакай тўхтаб бир кампирдан Шуранинг уйи қаердалигини сўради. Кампир ҳам ҳушёрга ўхшайди. Қўлидаги челакни ерга шошилмасдан қўйди-да, бир неча маротаба уни сўроққа тутган бўлди. Шундан кейингина Шуранинг уйини кўрсатди.

Уйнинг атрофи мевали дарахтлар билан ўралган эди. Ҳовлининг тахтадан ясалган деворлари, томига қараган одам бу уй эгаси анчагина рўзғорга эътиборли эканини дарров тушуниб олиши мумкин.

Ерожин секин эшикдан ичкарига мўралаб, ҳовлида Шурани кўрди. У курсига ўтириб олганча қаршисидаги болалар аравачасини тебратиш билан банд эди. Ерожин Шурани бир кўришдаёқ таниди. Анча ўзгарибди. Йиллар ўтиб юзларига ажин оралабди. Фақат семириб кетмабди. Ихчамлиги ўша-ўшалигича қолибди.

Ҳовлига кириб келган Ерожинга кўзи тушган Шура ўрнидан сапчиб туриб кетди. Ит кутилмаган меҳмон томон аста юра бошлади.

— Шура!.. — қичқирди эшик олдида турган Ерожин. Лекин аёл индамай тураверди. Бундай ҳолатни кутмаганди. Ерожин иккиланиб қолди. Нега кутиб олмаяпти? Ё танимадими? Бўлиши мумкинмас. Таниган. Фақат… Эри уйида йўқлиги туфайли қўрқиб кетганга ўхшайди.

Ерожин аёлни ваҳимага солмаслик учун эри келишини кутишга аҳд қилди. Ва секин кўчага чиқиб кетди.

Билмайди. Орадан ўтган бўлса ўн дақиқалар вақт ўтди. Бир маҳал узоқдан қандайдир машина ўқдай учиб келиб Ерожиннинг рўпарасида тўхтади. Кўрдики, милиция кийимидагилар келишибди. Қўлларида автомат. Уч киши. Улар тезлик билан машинадан тушиб қуролларини Ерожинга ўқталишди.

— Қўлингни кўтар! Оёқларингни кер!..

Ерожин ортиқча қаршилик қилиб ўтирмади. Чўнтакларини бир зумда пайпаслаб чиқишди. Йигитлардан бири унинг чўнтагидаги тўппончани кўргач, таппа ерга босмоқчи бўлганди. Бахтига бошқаси ҳужжатини қўлига олиб ўқиб қолди.

— Кечиринг, ўртоқ подполковник! — дея узр сўради йигит шундан сўнг.

— Нима қиляпсан? — сўради Ерожиннинг қорнига қурол тираб тургани. — Аввал текшириб кўриш лозим.

— Машинада уяли телефон турибди. — деди Ерожин. — Самарадаги бошқармага қўнғироқ қилиб кўринглар, айтиб беришади.

— Бизни уй бекаси чақиртирди. — жавоб қилди йигит.

— Нега бунчалик қўрқиб кетди экан? — қизиқсиниб сўради Ерожин чўнтагига ҳужжат ва тўппончани қайтадан жойларкан. — Илгари ҳам уйига босқинчилар кириб кўришганмикан?

— Йўқ, бу қишлоқ жуда тинч жой. Танишайлик, взвод командири кичик лейтенант Петров.

— Отинг нима, кичик лейтенант? — сўради Ерожин кулимсираб.

— Саня.

— Саня, қулоқ сол. Мен олисдан келганман. Мана шу уй бекаси билан гаплашиб олишим керак. У ҳеч қандай жиноят содир этгани йўқ. Лекин ўзим учун фойдали хабарни айтиб бериши мумкин. Негадир мени кўрди-ю, ичкарига беркиниб олди. Агар сизларни чақирган бўлса, демак, ростдан ҳам нимадандир қўрққан. Аёлни тинчлантириб бу ёққа олиб чиқинглар. Қолганини ўзим амаллайман.

Ерожин ташқарида қолди. Йигитлар эса, ичкарига йўл олишди. Беш дақиқалардан сўнг улар Шура билан биргаликда чиқиб келишди. Аёлнинг кўзларида ғам ва қўрқув зоҳир эди.

— Шура, бу мен, Петр Ерожинман. — деди у. — Эсингдами, биз Воҳид билан бирга икки ҳафта сайр қилгандик.

Шура бу гапдан сўнг қаршисидаги Ерожинга синчковлик билан боқди.

— Ҳа, Петя, эсладим энди. — У ниҳоят хиёл кулимсираган бўлди.

— Биз кетаверсак бўладими? — сўради Петров хижолат тортгандек.

— Ҳа, кетаверинглар, Саня. Раҳмат. — жилмайди Ерожин.

Йигитлар ўз машиналарига ўтириб жўнаб кетишди. Ерожин ва Шура бир муддат бир-бирларига тикилганча сўзсиз туриб қолишди.

— Вой, туришимни қаранг. — Шура беихтиёр ҳушёр тортиб Ерожинни уйга таклиф этди. — Ичкарига кирайлик.

У меҳмонхонага кириб уй ичини кўздан кечирди. Ҳамма нарса бор. Демак, уй эгаси ўзига тўқ. Бу орада Шура карам шўрва сузиб келди.

— Шура, сенга Осиёдан мевалар олиб келдим. — Ерожин катта сумкани очиб ичидагиларга ишора қилди. — Яхшиям анави йигитлар сумкага ёпишиб қолишмади. Йўқса, уларга тарқатишга тўғри келарди.

— Сиз мени кечиринг. — деди Шура. — Асабларим жойида эмас. Шунинг учунми, шошиб милицияга хабар бериб юборибман.

Шу пайт бошқа бир хонадан бола йиғиси эшитилди-ю, Шура югурганча чиқиб миттигина болакай билан ортга қайтди.

— Ўзингникими? — сўради Ерожин. — Кечроқ туғмадингмикан?

— Йўғ-э, неварам. — жавоб қилди Шура.

— Ие, буви бўлдингми аллақачон? Ўхшамайсан.

Шура аста-секин ўзига кела бошлаганди. Бояги қўрқув ўрнини табассум эгаллади. Айниқса, Ерожиннинг гапидан кейин янада очилди. Болани каравотга қайтадан ётқизди-да, қовурилган товуқ, сигирнинг тили, балиқ, турли колбасалар келтириб столга қўйди.

— Нима, мен аждаҳомидим? — ҳазиллашди Ерожин. — Шунча нарсани қандай еб тугатаман?

— Боримни қўйдим-да! Ош бўлсин, олаверинг! Мана, ароқни очинг!

Бир қадаҳдан ичишди.

— Воҳид бериб юбордими? — сўради Шура гилосларга ишора қилиб.

— Мен ҳозир Тошкентдан келдим. Бу ҳақда кейин гаплашамиз. Яхшиси, ўзинг ҳақингда гапириб бер. Ёмон яшамаётганга ўхшайсан.

Ерожин атайин гапни узоқдан бошлаганди. Аёлга тинчланиб олиши учун имкон яратиб бермоқчи бўлганди. Чунки, томдан тараша тушгандек Воҳиднинг ўлими тўғрисида сўз бошласа, иш бошқа томонга бурилиб кетишини яхши биларди.

— Ниманиям гапирай? — бош эгиб сўз бошлади Шура. — Турмушга чиқдим. Худди сенга ўхшайди. Исми Алексей.

— Балиқ қаерники? — сўради Ерожин.

— Ана, деворнинг нариёғи дарё.

— Ким тутади? Эрингми?

— Йўқ, ўғлимиз Антон. Жуда яхши тутади балиқни. Ҳеч қачон қуруқ қўл билан қайтмайди.

— Ёши нечада?

— Мартда йигирма бирга тўлди.

Шура товуқдан кесиб Ерожиннинг товоғига солди ва қадаҳларни ароққа тўлдирди.

— Уйланган бўлса керак?

— Ҳа, танлагани яхши қиз экан. Мана, фарзандли бўлишди. Бунақа келинни ҳар доим ҳам топиб бўлмайди. Жудаям ақлли, рўзғор тутишни яхши билади. Ўқийди. Мен неварамга қараб ўтирибман. Биласизми, ҳозир улар шаҳарда яшашади. Қийналади-да бола билан. Антон бўлса, отаси билан бирга ишлайди. Фирмамиз бор. Эҳ, солиғи эзиб юборади одамни. Лекин Алексейим жуда ишбилармон. Амаллаяпти.

Ерожин сездики, Шура анча ўзига келди. Энди аста-секинлик билан асосий ишга ўтавериш мумкин.

— Сен Ўзбекистондаги ишинг тўғрисида ҳеч нарса айтишни хоҳламайсанми? — эҳтиёткорлик билан гап бошлади у.

Шура бу гапни эшитиб бирдан ўзгарди. Ерожиннинг кўзларига диққат билан термулиб тургач, сўради:

— Билгандим. Сиз менинг гуноҳимдан хабардорсиз. Хўш, қамайсизми?

— Мен сени қамамоқчи эмасман. Орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Шундай экан, ҳеч қандай жиноий жазога тортилмайсан. Москвадаги иш бўйича юрибман. Сенинг олдингга ҳам худди шу сабабдан келдим. Ёрдаминг зарур бўп қолди.

— Бўпти, эшитинг, — деди Шура бош эгиб. — Воҳиднинг боласини мен алмаштириб қўйганман. Қасос олмоқчи бўлганман. Унда ёш эдим. Алам қилган. Ўзингиз ўйланг, менинг болам йўқ эди. Ҳозир ҳам. Антон эримники. Олдинги хотинидан. Хуллас, қизини рус қизига алмаштириб қўйсам, Воҳид хотинидан шубҳа қила бошлайди. Кўрибсизки, улар бахтли бўлишмайди деб хаёл қилганман ўшанда. Жинни эканман. Шу гуноҳимдан кейин бир кун ҳам тинч, хотиржам яшаганим йўқ…

Ерожин тушунди. Бу ерга беҳуда йўл босиб келмабди. У аёлнинг сўзини бўлмай жим ўтириб эшитаверди.

— Икки ой бўлди. — давом этди Шура. — Пайшанба куни эди. Эрта турдим. Неварамни врачга олиб боришим лозим эди. Шаҳарга жўнадим. Ҳамма поликлиникаларга кирдим. Дўхтирларнинг ҳаммасидан ўтдик. Хурсанд бўлиб аравачани етаклаганча машинам томон юриб кетаётгандим. Бир қиз чақириб қолди.

— Сиз кабинетда тиббий картани унутиб қолдирибсиз. — деди у. — Тез олиб рўйхатхонага топширинг.

Ҳайрон бўлиб неварамни аравачада қолдирганча югуриб ичкарига кирдим. Карта-парта йўқ. Шундан кейин юрагим ғаш тортиб орқага қайтдим. Ҳаво совуқлиги учун неварамни иссиқ кийимларга ўраб ташлагандим. Қўлимга олдим-у, аравачани юкхонага жойладим. Уйга жўнадик. Етиб келиб машинани гаражга қўйдим-да, неварамни ечинтириш ниятида стол устига ётқиздим. Очиб… Не кўз билан кўрайки, неварамнинг ўрнида қоп-қора негр боласи ётибди.

— Қ-қанақасига? — сўради Ерожин баттар қизиқиши ортиб.

— Ҳа, қоп-қора негр чақалоқ. Тирик, Қўлларини қимирлатиб-қимирлатиб қўярди. Очганимдан сўнг бақириб йиғлай бошлади. Нима қилишни билмасдим. Уйда ҳеч зоғ йўқ. Қайтадан йўргакладим. Шунда телефон жиринглади. Чопиб бориб гўшакни кўтардим. Гўшакдан бегона эркакнинг товуши келди.

— Хўш, неварангни қайтариб олишни истайсанми? — сўради мендан у.

— Ҳа, — дедим йиғлагудек бўлиб. — Нима хоҳласангиз сўранг, фақат неварагинамни қайтариб беринг!

Эркак бир муддат жимиб қолгач, давом этди.

— Бундан  йигирма икки йил олдин кимнинг боласини алмаштириб қўйганингни эсла. Ўшаларнинг тўлиқ исми-шарифи ва қаерда яшаётганлигини айтасан. Айтмасанг, негр боласини катта қилиб юраверасан.

— Мен фамилияни айтдим. Елена Аксенова. Лекин ҳозир қаерда яшайди, билмасдим. Бир нарсадан хабардор эдимки, унинг эрини Ўзбекистондан Германияга жўнатишган. Ҳарбий эди. Исмини ҳам билардим, айтдим. Иван Вячеславович. Яна уларнинг бувиси москвалик эканини эсладим. Хуллас, нималарни билсам, ҳаммасини гапирдим. Шунда бирдан гўшакдан аёл кишининг товуши эшитилди.

— Тезда касалхонага кел, — деди у. — Негр боланинг ўрнига ўз болангни олиб кетасан. Шуни яхши билгинки, сен қотилсан! Воҳиднинг қўллари билан Райҳонни сен ўлдиргансан. Ҳа, Воҳид Райҳонни бўғиб ўлдирди. Энди бемалол, хотиржам ухлашинг мумкин. Боплаб қасос олдинг. Мана шу ишинг учун сени кечираман. Чунки, яхши ишларни ҳурматлайман.

Шу гапни айтди-ю, гўшакни жойига қўйди…

Билмайман. Қандай шаҳарга етиб бордим. Поликлиника ичкарисида одам кўп эди. Ҳаммаси устимдан кулиб мени қўллари билан кўрсата бошлашди. Негрни дарҳол онасига бердим. Аёл рус экан. Алёшагинамни қўлимга олдим-у, ура қочдим. Шу сабабли ҳам бугун бегона эркакни остонада кўрганимда қўрқиб кетдим.

— Қишлоғингизда телефон кўпми? — сўради Ерожин.

— Йўқ, фақат бизникида бор холос. Фирма очганимиздан кейин Алексей катта пул тўлаб телефон туширтирганди…

Шура йиғлашдан тўхтади. У Ерожинга ҳаммасини — ҳали Алексейдан бўлак ҳеч ким билмаган, эшитмаган сирларини сўзлаб берди. Айтишга айтиб қаршисидаги подполковникнинг ҳукмини кута бошлади. Ерожин эса, буткул бошқа нарсалар ҳақида ўйларди. Жомадонини очиб, ичидан Фотиманинг суратини олди-да, Шурага кўрсатди.

— Поликлиника ёнидаги қиз шумиди? — сўради ҳушёрлик билан.

Шура суратни синчков кузатиб чиққач, бош чайқади.

— Аниқ бир нарса деёлмайман. У қиз рўмолга ўралиб олганди. Фақат бурнигина очиқ эди. Балки шудир.

Ерожин Шурага раҳмат айтиб кетишга чоғланди.

— Вой, нега кетасиз? — ҳайрон бўлди Шура. — Бирпас ўтирсангиз, Алексей ҳам келиб қоларди.

— Балки яна кўришармиз. Ҳозир мен туман марказига боришим зарур. Негр боласи сенинг қўлингга қандай тушиб қолганини аниқламасам бўлмайди. Ахир, онаси алмаштириб қўймайди-ку!..

Туман марказида негр боланинг онасини ярим соатга қолмай қидириб топишди. Бу бола шаҳарда ягона экан. Бунинг устига уни деярли бутун шаҳар биларкан. Онаси басавлат аёл бўлиб, бошқалардан унчалик фарқ қилмасди. Отаси эса, эфиопиялик муҳандис уларни ташлаб ватанига жўнаб кетган. Ўзини Светлана деб таништирган бу аёл Ерожинга бир муддат сирли тикилиб тургач, тилга кирди.

— Икки ой бурун бир йигит боламни икки кунга деб олиб кетганди. Қанақадир киноми-ей, ё шунга ўхшаш нарсами, ишқилиб суратга оламиз деб айтди. Эвазига икки юз минг берди. Аммо ўша куниёқ қўнғироқ қилиб, болани поликлиникадан қайтариб олишим мумкинлигини айтди. Ҳайрон бўлдим…

Ерожин аёлдан бошқа нарсани аниқлай олмади. Фотимани ҳам танимади. Шундан сўнг Ерожин Шурага қўнғироқ қилиб нега ўша куни неварасини поликлиникага олиб борганини сўради.

— Врачлар менга қўнғироқ қилишганди. — жавоб қилди Шура бироз ўйлаб тургач. — Албатта ўша куни уларнинг қабулида бўлиб текширувдан ўтишимиз шарт бўлган экан..

Ерожин поликлиникага борди. Аниқлашга ҳаракат қилиб кўрди. Бола икки ёшга етгунча ҳақиқатан врач назорати остида бўлиши лозим. Бунга ишонса бўлади. Ҳатто, Шураникига ҳамширалар тез-тез бориб ҳам туришаркан. Лекин рўйхатхонадаги қоғозларни титкилаб ўтириб Шуранинг қишлоқдаги уй телефони бу ерга ёзилмаганини билди. Фақат шаҳардагисигина бор эди. Шундан кейин Ерожин бошқачасига иш тутишга аҳд қилди. ДАН бошқармасига борди-да, икки ой ичида шаҳарда Москва рақами билан кезиб юрган машиналар ҳақида суриштирди. Аслида машина шаҳарда бир неча кун айланиб юриши керак. Негаки, Шуранинг кетидан кузатиш, невараси тўғрисида маълумот олиш, поликлиникага чақириш ҳамда негр бола билан қўрқитиш учун вақт керак бўлади. Ниҳоят омади чопди. Инспекторлардан бири шундай машинани тезликни оширгани учун жаримага тортганини эслаб қолди. Машинада ҳайдовчидан ташқари бир аёл ҳам ўтирган экан. Ерожин ҳар эҳтимолга қарши Фотиманинг суратини кўрсатди. Инспектор уни дарров таниди. Квитанцияларни ковлаштириб ётиб бошқармадагилар машинанинг давлат рақами ва эгасининг исми шарифини беришди. Машина маркаси “Хонда” бўлиб чиқди. У москвалик Гарик Ашотович Саркисовга тегишли эди. Ерожин Петровкага қўнғироқ қилиб “Хонда” ҳақида маълумот берди. Агар топишса, машина эгасига қўшиб Фотимани ҳам қўлга олишларини илтимос қилди. Ҳозирча машина эгаси ягона гувоҳлигини биларди. Унинг иш жойи, яшаш манзилини, шахсий ҳаётини аниқлаш подполковникка сув ва ҳаводек зарур эди.

(давоми бор)

Андрей АНИСИМОВ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси