Лазаня — Италянча таом

0

Лазаня бу италян ошхонасининг классик таомларидан бири бўлиб, бутун дунёда севиб истеъмол қилинади. У оила даврасида истеъмол қилишда ҳам, байрамларда дастурхонга тортишга ҳам жуда қулай таом ҳисобланади.
Лазаня учун хамирни биз Барилла савдо белгиси остидаги маҳсулотдан ишлатдик. Сиз уларни уйда тайёрлашингиз ёки бешбармоқ таомига мўлжалланган хамирли бўлакчалардан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

 

Пиёз, саримсоқпиёз ва сабзини майда тўғраб оламиз. Помидорларни пўстидан ажратиб, қирғичнинг катта тишидан чиқарамиз.

Каттароқ товага ёғни солиб қиздирамиз, пиёз ва саримсоқпиёзни солиб, қовуриб оламиз.

Қийма ва сабзини солиб бироз қовурамиз, сўнг қизил винони солиб буғи чиқиб, вино қолмагунча яхшилаб қовурамиз.

Помидор ва зираворларни соламиз. Албатта туз, мурч, бир чимдим шакар, розмарин, орегано ва райҳон солинг.

Қопқоғини ёпиб, паст оловда бир соат давомида димлаймиз.Италянларнинг айтишича, қайлани қанчалик узоқ қайнатсангиз, у шунчалик ширин чиқади. Шундай экан, бу таомни эртароқ тайёрлашни бошланг. Вазиятга қараб сув солишингиз ҳам мумкин.

Товага ёғ ва унни солиб қовурамиз. Силлиқ ва тўқ тилларангли масса ҳосил бўлиши керак. Бу тахминан 2-3 дақиқани олади.

Сутни солиб яхшилаб аралаштирамиз. Туз, мурч ва мускат ёнғоғини соламиз.

Мунтазам аралаштириб, 3-4 дақиқа давомида қайнатамиз. Қайла сал қуюқлашади.

Қолипга Болонезе қайласининг бир қисмини текис қилиб соламиз, устидан пастани териб чиқамиз ва бешамел қайласини қуямиз. Бу ҳаракатни тахминан яна бир маротаба қайтарамиз. 180-200 C даражада 25-30 дақиқа давомида пишириб оламиз.

Паста ўрнига бешбармоққа мўлжалланган хамирлар ҳам тўғри келади, улар барча супермаркетларда сотилади ва ҳамёнбоп нархда туради.

Хоҳишга қараб пишишидан 5-10 дақиқа олдин пишлоқ сепиб олишингиз мумкин. Ёқимли иштаҳа!

 

manba: zira.uz