ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИНИНГ КЕНЖА МАШРАБИ…

0

 

 

Уни Машрабга ўхшатгим келади. Чунки, у Машрабдек куйиб яшайди. Машрабдек суйиб яшайди. Машрабдек зулматнинг кўзларини ўйиб яшайди.

Қуйида шоирнинг энг сара шеърларидан бир жуфтини сиз азизларга илингим келди. Қабул қиласиз!

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

ҚЎҚОНЖОНГА ҚИЗ УЗАТИНГ

 

Муҳаббатга кўп ишонманг, муҳаббатга,

Туркман қиз ҳам ёр бўлмади Муҳаммадга.

Опажонлар, орзу ҳавас тиласангиз,

Қўқонжонга қиз узатинг, Қўқонжонга.

Қизингизнинг маликадай бахти бўлар,

Муҳаббатда унинг тилло тахти бўлар,

Беш вақт намоз ўқишга ҳам вақти бўлар,

Қўқонжонга қиз узатинг, Қўқонжонга.

Ҳар ҳовлининг ўртасида гулзори бор,

Момолари суйиб чалган дутори бор,

Кўнгилда куй эшитмоқнинг хумори бор,

Қўқонжонга қиз узатинг, Қўқонжонга.

Гарчи сўзим ёлғон эмас, сўзим бўлай,

Заҳмат чеккан жонингизга тўзим бўлай,

Истасангиз куёвингиз ўзим бўлай,

Қўқонжонга қиз узатинг, Қўқонжонга.

 

ОЙЧЕҲРА ҚИЗ

 

Бекободда тонглар отади,

Бекободда кунлар ботади.

Шу қишлоққа келин бўлолмай,

Ойчеҳра қиз йиғлаб ётади.

Юлдузларга сўзлайди арзин,

Тошбағирлар тузлайди бағрин.,

Қиз кўнглини тушунмас ҳар ким,

Ойчеҳра қиз йиғлаб ётади.

Муҳаббатнинг хўрлиги шуми?

Шум тақдирнинг зўрлиги шуми?

Юпатолмас ҳеч кимса уни,

Ойчеҳра қиз йиғлаб ётади.

Олисларга узалди Ойхон,

Тўйларида сочилди райҳон,

Аммо Мирзо қалбида ҳамон,

Ойчеҳра қиз йиғлаб ётади.

МИРЗО КАРИМ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: