Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди

0

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

«жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш

ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш;

ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш;

динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш;

жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;

жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш;

диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш;

диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди.

Марказ Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитни барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш фаолиятини амалга оширадиган ахборот-таҳлилий тузилмаси ҳисобланади.

Шу билан бирга, Фармонга мувофиқ Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси:

Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;

республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги «Зиё» медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилади.

Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда «Зиё» медиа маркази ишини самарали ташкил этиш мақсадида уни алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет тармоғи, замонавий телестудия, телевизион ускуналар жамланмаси, компьютер техникалари, дастурий таъминот ва бошқа техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўриш топширилди.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here