ИФТИХОР ХОНХЎЖАЕВ. Сенга яхши кўринаман деб, Кўйлак кийдим эгнимга оппоқ…

0

“ҚАЙРОҚ”

Адабиёт журналида

Босилибди шеърларим.

Ўқиб кўрсам тамом қайта

Ёзилибди шеърларим.

Нима дердим, дунё бир кам,

Муҳаррир зоти қайроқ.

Аммо турар суратим ҳам

Ўзимга ўхшамайроқ.

Ўзгартириб исмимни денг,

Таҳаллус ҳам солибди.

Дод девордим, Ифтихорнинг

Фақат ХОРи қолибди.

Хат битибди муҳарририм:

“Омонмисиз, биродар…

Келиб кетинг, қўл ҳаққига

Ёздик фал-о-о-н ганарар”.

Минг ташаккур дея ёздим,

Керак эмас қўл ҳаққи.

Нима қилай қиммат бўлса

Қўл ҳаққидан йўл ҳаққи.

ЮРАГИМДА ЁНСА-ДА ОЛОВ…

Сенга яхши кўринаман деб,

Кўйлак кийдим эгнимга оппоқ.

Бўғилса ҳам ҳатто нафасим

Тақиб олдим қалин бўйинбоғ.

Йўлга чиқдим кўксим ҳапқириб,

Оёғимда ялтироқ туфли.

Кийиб олдим қоп-қора кастюм,

Бўлгим келди ҳаммадан кўҳлик.

Сенга яхши кўринаман деб,

Сочимни минг турда тарадим.

Ўз-ўзимдан кўнглим тўлмайин,

Кўзгуга минг бора қарадим.

Сезмагандек ўтдим бепарво,

Сулув қизлар лабин бурганда.

Юрагимда ёнса-да олов,

Кулиб турдим сени кўрганда.

Менга яхши кўринаман деб,

Оппоқ кўйлак кийдингми сен ҳам.

Бўлибсан-ку ҳаммадан кўҳлик,

Ё мен каби куйдингми сен ҳам.

Қанот ёзиб тушдим ўйинга,

Менга қараб кулишинг учун.

Тўйиб-тўйиб ичдим тўйингда,

Сенинг бахтли бўлишинг учун.

Тан оламан, ҳамма айб менда,

Севгимизнинг бошига етдим.

Сенга яхши кўринаман деб,

Тўйинг бузмай жимгина кетдим.

БУ ЭШИК…

Бу эшик мен учун қаттиқ ёпилган,

Қулф ҳам осилган унга мен учун.

Тенгсиз маликанинг тенги топилган,

Ичкарида жой йўқ шунга мен учун.

Ёр-ёру ўланга тўлар бу эшик,

Аммо боролмайман тўйга мен бўлсам.

Бу лаҳза устимдан кулар бу эшик,

Кўчасида дайдиб юрганим кўрса.

Шу эшик пойида севгим жон берди,

Шу эшик пойида туғилди алам.

Кўзларимга боқиб севаман дерди,

Билсам алдар экан ҳатто кўзлар ҳам.

Наҳот муҳаббатнинг қисмати шудир,

Наҳотки эшикмас, дардга бешик бу?

Соғинчда ёндириб мени бир умр,

Бахтим ўғирлаган бахтли эшик бу!

Энди бу эшикни ёмон кўраман,

Майли очилмаса очилмай кетсин.

Мен-ку не бўлганим ўзим биламан

Ва лекин бошқалар бахтига етсин.

Бош олиб кетишдан кўнгилга не зеб,

Қачондир ҳол сўраб, дайдиб бораман.

Худойим қўчқордай ўғил берсин деб,

Бир куни рамазон айтиб бораман.

 

ОЙСУЛУВҚИЗ

(ҳазил)

Ойсулувқиз ойдек сулув келин бўлди,

Ой тўлмасдан юзи ойдай тўлин бўлди.

Ҳаёт шу-да, кимга тўй-у, кимга аза,

Ойсулувнинг тўйи менга ўлим бўлди.

Ойсулувқиз севишимни билар эди,

Нозлар қилиб юрагимни тилар эди.

Ёлғондакам касал бўлиб чақиртирсам,

Шошиб келиб ростдан укол қилар эди.

Ойсулувқиз ойга боқиб ўғил сўрар,

Эри мўғил, ўзи мўғил, мўғил сўрар.

Саҳарлари сойга тилла танга ташлаб,

Ниманидир қайта-қайта, нуқул сўрар.

Ойсулувқиз энди қўлим етмас жойда,

Унинг ёди юрагимдан кетмас жойда.

Аммо бир гап эшитдим-у тошдай қотдим,

Ойдек ўғил туғган эмиш олти ойда.

Ойсулувқиз куя тушган бўздек чиқди,

Кўзмунчоқлар асролмаган кўздек чиқди.

Ҳамма ҳайрон, бир унга бир менга боқар,

Ойсулувнинг туғган ўғли ўзбек чиқди.

Азизларим, элни мендек кулдирманглар,

Севсангиз ҳам ҳеч кимсага билдирманглар.

Маслаҳатим ёлғондакам касал бўлиб,

Чақиртириб ростдан укол қилдирманглар.

ИФТИХОР ХОНХЎЖАЕВ