Қадимий миср жодугарлари

0

Қадимда Миср етакчиси Хеопс энг катта эҳром бунёд этиш ниятида ҳаракат бошлаган. Аммо бундай катта ишга қўл уриш учун одамзодга маълум бўлмаган сеҳрли билимларга эга бўлиш зарурлигини ҳам яхши англаган. Шундай одамни қидириб топиш ҳақида қўл остидагиларга фармон берган. Ниҳоят ўша одам топилган. У кучли жоду соҳиби Жедай эди.

Қадимий Мисрда Жедайни энг кучли жодугар сифатида тан олишган. Айтишгандики, Жедай тирик мавжудот борки, барчасини ўзига бўйсундира олади, ўликларни тирилтириш қудратига ҳам эга. Замондошлари қандай баҳо берган бўлмасин, ўша каттакон эҳром бунёд этилган. Демак, Жедай Хеопснинг топшириғига рад жавоби бера олмаган…

Кейинчалик Миср машҳур кишилари кундаликларида қайд этилганки, Хеопс катта эҳромни бунёд этишда фақат жодугарлардан фойдаланган. Ўша жодугарлар сеҳр ёрдамида улкан тошларни сира қийналмасдан кўтара олишган, териб чиқа билишган. Баъзи ёзувларда таъкидланишича, жодугар бўлғуси эҳром қаршисида туриб ўзининг ҳеч кимга маълум бўлмаган афсунларини ўқиган. Шундан кейин улкан тошлар ҳам вазнини жодугарлар кўтара оладиган даражагача йўқотган.

Тарихчилар, мисршуносларнинг таъкидлашларига қараганда, қадимий Миср халқи ҳаёти жоду ва жодугарлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Улар жодуга эга одамларни буюк даражасида кўришган, жодугар ўзларини ташқи хавфлардан ҳимоя эта олишига ишонишган. Мисрликлар жодудан хасталарни даволашда ҳам кенг фойдаланишган. Жодугар афсунлар ёрдамида илоҳларга мурожаат этган ва беморга шифо сўраган.

Миср жодугарлари ўз даврида айланиш, тупуриш, бир марта кўкка боқиб қичқириш, аниқ нуқтага йўналтирилган қўл ҳаракатлари ва ип боғлаш орқали ўзгалар энергетикасига у ёки бу жиҳатдан таъсир кўрсата олишган. Ўзларининг ритуал намойишлари учун туморлардан унумли фойдаланишган. Туморга аввал сирли афсунларини ўқиб «дам» солишган. Кейин кимга тумор тақдим этилиши лозим бўлса, яна қўшимча афсун ўқилган. Шундан кейингина тумор эгасига етказилган. Жоду материали сифатида қадимий Миср жодугарлари сув, саримсоқ, пешоб ва қондан фойдаланган. Бу жодунинг қайси тури билан шуғулланишга боғлиқ бўлган.

Жодугарларнинг яна бир алоҳида намойиши мавжуд бўлган. Ўлим арафасида турган одамнинг қўлига махсус афсунлар битилган папирус тутқазиб қўйилган. Улар марҳум Худо ҳузурига боргач, шу афсун таъсирида марҳумнинг жазоси енгиллаштирилишига ишонишган.

Замонамиз олимлари қадимий Мисрдаги папируслар, тобутлар ва бошқа буюмларга жодугарлар ёзиб кетган битикларни таржима қилишда худди ўша қадимий афсоналарга суянишди ва суянишмоқда.

Яна архивларда ёзиладики, жодугар ўз ритуалларини ўтказишда ҳар бир товуш, сўзга жиддий эътибор билан ёндашиши талаб этилган. Агар битта товуш нотўғри чиқиб қолса, жоду ўз кучини йўқотади дея ҳисоблашган. Бундан ташқари, ритуал пайтида зиён етказилиши лозим бўлган одам қиёфаси чизилган суратга жодугар тупурган ҳолда афсун ўқиса, жоду янада кучайиб жабрдийдани ер билан яксон этишига ишонишган.

Яна бир архив материалларида таъкидлаб ўтилганки, қадимий Миср жодугарлари ҳеч қачон қора жоду билан шуғулланмаган экан. Улар аксар ҳолатларда ўликларгагина қарғишга йўғрилган афсунлар кўмагида гўёки таъсир ўтказган. Қадимий Миср жодугарлари афсунлар ва ритуаллар ёрдамида ёмон, жоҳил энг яхши, меҳрибон, безиён инсонга айланиши муқаррарлигига ҳам ишонишган.

«Совершенно секретно» сайтидан олинди.

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси.