Қулупнай шоколаддан фойдалироқ…

0

Оқ, қора, сариқ ва кўк рангли қулупнайлар
ҳам мавжуд!

Одатда, қулупнайнинг ранги қизил бўлади, тўғрими? Аммо буни қарангки, табиатда бу ажойиб меванинг оқ, қора, сариқ ва кўк рангдаги турлари ҳам бор экан. Қизилдан бошқа рангдаги қулупнай навларининг ўзига хос номлари бор. Масалан, сариқ рангдаги қулупнай «Сариқ мўъжиза», қора рангдаги қулупнай  «Қора шаҳзода», оқ рангдаги қулупнайлар эса кўпинча «Ананас қулупнай» деб номланади.

Меванинг сарасини танлаш

Қулупнайни харид қилиш вақтида бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор бериш лозим.

Аввало, меванинг рангига аҳамият беринг. Ўзбекистонда биз юқорида келтириб ўтган бошқа рангли қулупнайлар деярли сотилмайди. Шунинг учун эътиборингизни қизил рангдаги қулупнайга қаратинг ва тўғри танлов қилинг. Қулупнай тўқ қизил рангда, устки қисми лой, қора доғлар ва чангдан холи ва қуруқ бўлиши, қўлингиз билан кичкинагина бандини ушлаганингизда қўлингизга игнаси кирмаслиги (бу унинг ёввойилашиб кетганини билдиради), таъми ширин, ҳиди хушбўй бўлиши лозим. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, орамизда қулупнайнинг айнан нордон турларини ёқтирувчи кишилар ҳам бор. Улар ҳам бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда ўзларига ёққан таъмдаги қулупнайни танлаши мумкин.

Витаминларини сақлаб қолиш учун

Таркибидаги фойдали хусусиятларни сақлаш қолиш мақсадида бўлсангиз, уни янги узилган ҳолатда, ҳар куни 400 граммдан истеъмол қилганингиз маъқул. Ундан компот ва мураббо тайёрлаш тавсия қилинмайди, чунки термик қайта ишлашдан кейин қулупнай таркибидаги барча фойдали хусусиятлар йўқолиб кетади. Яхшиси, уни музлатиб қўйишга ҳаракат қилинг, ана шунда қулупнай таркибидаги бир қисм шифобахш хусусиятини сақлаб қолади.

Гўштқиймалагичдан чиқарилган қулупнай меваларига 2:1 шакар қўшиб, тайёр бўлган қулупнайли пюрени банкага солиб, оғзини беркитиб, музлаткичга қўйиш лозим.

Таркиби ва
фойдали хусусиятлари

Ғарқ пишган қулупнай мевалари 90 фоиз сув ва 10 фоиз фойдали элементлардан иборат. Унинг таркибида А, В, К, РР, Е ҳамда С витаминлар гуруҳи мавжуд. Бундан ташқари, қулупнай фосфор, калий, кальций, магний ҳамда натрий билан тўйинган.

Қулупнай таркибидаги темир моддаси узумникидан 40 баробар кўп. А ва С витаминлари эса аскорбин манбаси ҳисобланган мевалар — апельсин ва киви таркибидагидан ҳам зиёдроқ. Таркибида фолий кислотаси кўплиги учун ҳомиладор аёллар мунтазам истеъмол қилиши тавсия этилади. Қулупнай она қорнидаги ҳомилани ташқи оламдаги салбий факторлардан ҳимоя қилади.

Қулупнай анемия, қандли диабет, атеросклероз, буйрак оғриғи, нафас йўллари касалликлари, гипертония билан оғриганлар учун бебаҳо неъмат. Яқинда олимлар қулупнай тамаки тутунининг концероген таъсирини нейтраллаштиришини ҳам аниқлашди! Яъни бу мева тутуннинг зарарини бартараф этади.

Бошингиз оғриб турганда бир сиқим қулупнай есангиз, дард дарҳол тўхташини сезганмисиз? Ахир унинг таркибида салицил кислотаси бор-да!

Қулупнай ўзидаги бир қатор фойдали элементлар эвазига мунтазам истеъмол қилинганда иммунитетни мустаҳкамлайди, юрак-қон томир тизими ишини яхшилайди.

Бу мева микроблар ва шамоллашга қарши яхши таъсир кўрсатади, ундан фаол истеъмол қилиш гриппни даволайди ва оғиздаги нохуш ҳиддан халос этади.

Қулупнай жуда яхши сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлгани боис уни сийдик-тош тизимида муаммолари бор инсонлар ўз рационларига киритиши лозим. Шунингдек, қулупнай ревматизм ва жигар хасталикларини ҳам даволайди.

Қулупнайни диабет билан хасталанган беморлар истеъмол қилишса, унинг таркибидаги углеводлар қондаги қанд миқдорини меъёрига солади.

Кам калорияда жуда кўп витаминларни ўзида жамлагани боис қулупнай ортиқча вазндан азият чекаётган инсонлар даво сифатида ейиши мумкин.

Мева таркибидаги йод мазкур модда танқислигидан азият чекаётганларга асқатса, салицил кислотаси бўғим касалликлари билан оғриган беморларга кони шифо.

Мазкур мева косметологик мақсадларда ҳам кенг ишлатилади. Қулупнайли ниқоб терини қуритиб, тешикларини торайтиради, ҳуснбузардан халос этади. Шарбати эса пигмент доғлар ва сепкилларни йўқотади.

Қулупнай таркибидаги фолий кислотаси камқонликдан халос этади. Бундан ташқари, ҳомиладорлар учун ҳам фойдали, фақат уни эҳтиёт бўлиб истеъмол қилиш лозим, чунки аллергия чақириши мумкин.

Танада йиғилган ортиқча суюқликдан халос этади, моддалар алмашинувини яхшилайди.

Буйрак, ошқозон ва ичак билан муаммолари бўлган инсонлар қулупнайни мунтазам истеъмол қилиши лозим. Унинг ични бўшаштириш хусусияти ҳам мавжуд.

Қулупнай таркибидаги эндорфин моддаси туфайли нерв тизими бузилган ва стрессдан азият чекаётган беморларга асқатади. Эндорфин бироз камроқ бўлгани билан фойдалилиги бўйича шоколаддан юқори туради.

Табиий антиоксидант бўлгани боис эркин радикаллар ишини меъёрлаштиради, қариш жараёнини секинлаштиради, қонни тозалайди, ўсма ва артритнинг олдини олади.

Қулупнай бош мияда қон айланишини яхшилайди. Бундан ташқари, кўриш қобилиятига ҳам фойдали таъсир кўрсатади.

Халқ табобатида эзилган қулупнай шарбатидан тери касалликларини даволашда фойдаланилади. Масалан, экзема (чилла яра), темиратки ва ҳатто сепкилларни ҳам қулупнай шарбатини суртиш орқали кетказиш мумкин.

Эҳтиёт бўлинг!

Гарчи фойдали хусусиятлари кўп бўлса-да, қулупнайнинг таркибидаги органик кислоталар ошқозон-ичак тизимидаги баъзи касалликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, унда мавжуд шовул кислотаси кальций билан реакцияга киришиб, оксалат — эримайдиган моддага айланиб, инсон организмида кариес, сийдик-тош касалликлари, остеопороз, цистит, пиелонефритни келтириб чиқариши мумкин. Аппендицит, жигар ва ошқозон коликларига чалинганлар ҳам ундан эҳтиёт бўлиши лозим. Аллергияга мойил инсонлар қулупнайни қатиқ ва кефирга қўшиб истеъмол қилгани маъқул.