Аёллар мардикор бозорга чиқар!

0

Кўксингни йиртмаса ғурурли титроқ,

Душманлар ҳолингга қараб тўн бичар!

Эркаклар мудраса ғафлатда узоқ,

Аёллар мардикор бозорга чиқар!

Не ҳолки, орини асролмаса эр,

Кўнглига қандай юрт ташвиши сиғар?!

Ўғлони меҳнатда тўколмаса тер-

Аёллар мардикор бозорга чиқар!

Қум тўлгур кўзингга, нафси бад кимса-

Кимларнинг ҳаққидан мол дунё йиғар.

Қанд бер, деб боласи тишини сўрса,

Аёллар мардикор бозорга чиқар!

Асли қашшоқликдан ўлмас ҳеч банда,

Ялқовлар имконмас, баҳона излар.

Қўрғони Исломдан йироқлашганда-

Аёллар мардикор бозорга чиқар!

Баҳриддин МУҲАММАД,

azon.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: