“ШУМҚАДАМ”… (6-қисм)

1

 

 

* * *

 

 

Бу тун Суюнбой жуда қийналиб кетди. Ўгай бўлса-да, шунча хўрласа-да, ўгай онанинг уйида иссиқ кўрпага ўраниб ухларди. Баданлари бу ердаги каби бетонларга ботиб оғримасди.

У анча маҳалгача ухлай олмай, пиёниста қариянинг хуррак отишига қулоқ тутиб ётди. Чарчоқ енгиб эндигина кўзи кетган ҳам эканки, қария уни қаттиқ-қаттиқ турта бошлади.

— Тур болакай, шошилмасак бўлмайди!

Суюнбой истар-истамас ўрнидан қўзғалиб қарияга эргашди.

Ташқарида ҳамон тун ҳукмрон эди. Фақат олис-олислардан эшитилиб қоладиган хўроз қичқириғигина тонг тобора яқинлашиб келаётганидан дарак бериб турарди.

— Ҳали замон тонг отади, — деди қария Суюнбойнинг қўлидан маҳкам ушлаб олганча олдинга интиларкан. — Биз борадиган ер нақ икки чақирим келади. Бўл тез, бўшашма!

Улар йўл-йўлакай деярли гаплашмай кетишди. Суюнбой мажбуран илдам юриб борар, шу аснода йўл ёқасидаги бир-биридан баланд биноларга, фаввораларга суқ билан тикилишни ҳам канда қилмасди…

Ниҳоят қария тўққиз қаватли бино рўпарасига етганда бирдан тўхтади.

— Мана шу уй, — дея қўли билан бинога ишора қилди у. — Энди биз тўққизинчи қаватга чиқиб олишимиз зарур. Лифт ишламайди. Пиёда чиқамиз.

Суюнбой лифт нималигини билмагани боис, бу гапга унчалик эътибор қилмай, пиёниста билан баравар зиналардан кўтарила бошлади…

— Зинаида, сенга яна бир ёрдамчи опкелдим! — Илма-тешик бўлиб кетган эшик очилиб, қаршиларида олтмишларга кирган, қирра бурун, семиз бир кампир пайдо бўлгани ҳамоно, қария Суюнбойнинг бошига қўлини қўйиб тиржайди. — Қара, чаққонгина! Сенга пул ишлаб беради бу бола.

— Қаердан топа қолдинг? — Суюнбойга менсимайгина назар солиб сўради кампир.

— Туннелда ўтирган экан қунишиб. Суриштирсам, борадиган ери йўқ. Олиб келавердим-да!..

— Бўпти, ичкарига кирайлик-чи!..

Ҳаммалари олдинма-кетин квартира ичкарисига киришди.

Ҳаммаёқ тўзиган, полга ҳеч нима ёзилмаган, бурчак-бурчакларда сувараклар бемалол сайр қилиб юришарди…

Ошхонага ўтишди. Бу ерда чамаси тўққиз ёшлардаги бир сариқ сочли қиз нон кавшаб ўтирарди. Суюнбойга кўзи тушди-ю, негадир майин жилмайиш қилиб қўйди.

— Қани, Зинуля, энди бизнинг улушни бер! — дея кампирнинг елкасига қоқди қария. — Томоқ қурғур тақиллаб кетди…

— Тақилламай ўлсин томоғинг! — ғудраниб қўйди кампир. — Ҳали хўроз қичқирмасдан ичишга бало борми?

— Нега қичқирмас экан. Биз туннелдан чиққанимизда қичқиришни бошлаган, — ўзини оқлаган бўлди қария. — Олиб кел!

Кампир тўнғиллай-тўнғиллай, кирланиб кетган стол устига бир шиша шароб келтириб қўйди…

 

 

* * *

 

 

Айтганини қилиб шу кеча Лола опа эрини ёнида ётишга қўймади. Бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Кимсан бойваччанинг қучоғига кириб чиққандан бери юраги орзиққандан орзиқиб, ёлғиз қолишни, ана ўша тилла тишли, мўйловдор эркак ҳақида ўйлаб тонг оттиришни истаганди.

— Йўқ, мен бу сўтак билан ортиқ яшай олмайман энди, — шивирлади кўзгу қаршисига келиб айлана-айлана қоматини томоша қиларкан Лола опа. — Ҳақиқий эркак бошқача бўларкан. Ўзига қараб юради-да бойвачча! Кучли-кучли овқатлар ейди. Хотинига едиради. Хоҳлаган кийимларини олиб беради. Бошидан зар сочади… Э, ўйнаш бўлсам ҳам кам бўладиганга ўхшамайман. Мана, озгина кўнглини олганимга бир даста пулни қўлимга тутқазиб қўйди. Нимам кам хотинидан. Мендақаларни кўргандан кейин хотини кўзига кўринармиди?! Яхшиям мени онам шундай бўлиқ қилиб туққан экан… Эртага яна қўйнига кираман. Пул берса, суйиб эркаласа бўлди-да! Менга бошқа нимаям керак?

— Ҳа-а, дўмпайиб ётибсиз ҳалиям? — эрталаб тиниқиб уйғонган Лола опа Сувонқул акага ўшқирди. — Кун тиккага келди. Пул топиб сигирни ўрнига қўйишни ўйланг! Туринг ўрнингиздан! — Сал нарига бориб эшитилар-эшитилмас минғирлаб қўйди. — Ҳе сулаймай ўл, эшшак! Шуям эркакмиш…

 

 

* * *

 

 

Кеч кирди. Баҳор ойининг биринчи ойлари далада иш кўпайгандан кўпаяди. Тракторчидан тортиб сувчи-ю, оддий деҳқонгача туну кун ерларни экинга тайёрлаши лозим.

Сувонқул ака ҳам бу кеча уйга жуда кеч қайтди…

Куни билан ишлаб чарчаган бўлса-да, ўзини худди ишламагандек ҳис қиларди. На уйқуси келарди, на қорни очиққанини сезарди. Икки хаёли Суюнбойда. Кун бўйи дуч келгандан сўраб-суриштирди. Ҳеч кимдан аниқ-тиниқ жавоб бўлмади. Гўёки бу қишлоқ эмас, шаҳар-у, ҳеч ким унинг ўғлини кўрмаган…

— Нима қилсам экан? — бош қотирганча уйи томон яқинлашиб келарди Сувонқул ака. — Қаерга кетиши мумкин у ўзбошимча? Қариндош-уруғлардан сўрадим. Ҳеч қайсисиникига бормаган. Бирга ўйнайдиган ўртоқлари-ку, икки кундан бери кўрмагандик дейишяпти. Хўш, у ҳолда қаерга боради? Йўлни билмаса… Ишқилиб, боши омон бўлсин!

Сувонқул ака ҳовлига кириб келди-да, кетмонини ҳар доимги жойига қўйди. Уй чироқлари негадир ёнмаган. Атроф жим-жит.

— Лола! — чақириб кўрди у даҳлиз тарафга ўгирилиб. — Ҳой Лола! Қаердасан?

Жавоб бўлавермагач, обдастани қўлига олиб юз-қўлларини ювди-да, сўрига келиб ўтирди.

Шундагина қорни таталаб бораётганини сезиб оғир хўрсиниб қўйди…

 

 

* * *

 

 

— Оҳ, ўзимнинг лолақизғалдоғим! — Кимсан бойвачча томорқадан келишилган пана жойга етиб келган Лола опани маҳкам қучиб ўзига тортди. — Бугун янаям лўмбиллаб кетибсиз!

— Ўзингиз кечагиданам кучли бўп кетибсиз! — эркаланганнамо сўз қотди Лола опа ҳансираб. — Сизни ўйлаб туни билан ухлаганим йўқ, бегим!

— Ҳа бегим, деган тилингдан аканг! Сени бугун шундай эритворайки…

— Вой, эриб кетсам, кейин кимминан ётасиз? — ҳазиллашган бўлиб Кимсан бойваччанинг юзига секин шапатилади Лола опа. — Ундан кўра, бўла қолайлик! Ҳали замон анави сўтак кеп қолади. Нима бўлгандаям, эр деган номи бор, ахир!

Ярим соатлар чамаси бир-бирларини ялаб-юлқашгач, Кимсан бойвачча ўйнашининг ҳар сафарги жойига бир даста беш юзталикни қистирди.

— Вой, бу кам-ку! — норозиланган кўйи лаб бурди Лола опа.

— Савдо сал бўшашиб турибди, жонидан! Ҳозирча шуни олиб туринг! Пул кўпайса, гап йўқ, истаганингизни бераман!

— Бермай ҳам кўринг-чи! — Лола опа эркаланиб Кимсан аканинг бўйнига осилди ва икки юзидан эҳтирос билан ўпиб қўйиб пилдираганча уйи томон йўл солди…

 

 

* * *

 

 

Эрта тонгда Зина кампир ошхона полида биттадан юпқа кўрпача устида ухлаётган қизча ва Суюнбойни баравар туртиб уйғотди.

— Қани, сасиб ётавермай, юз-қўлингни юв иккаланг! — буюрди у. — Ишга боришларинг керак. Нима, бу ер сенларга катта холангни уйимиди? Ишлаб пул топмасанг, орқангга бир тепиб кўчага ҳайдайман, ҳа! Бўлларинг тез!

Икковлари ҳам кампирнинг дўқини эшитишлари ҳамоно сакраб ўринларидан туришди-ю, навбатма-навбат ваннахонада ювиниб қайтишди. Бу орада кампир бўлка нондан юпқа-юпқа иккита бўлакни кесиб стол устига қўйганди.

— Манавини еб олларинг! — биттадан бўлакни қиз ва Суюнбойга узатди Зина кампир. — Ундан кейин ўзим сенларни иш жойларингга бошлаб бораман…

Суюнбой нима иш қилишини, қай йўл билан пул ишлаб топишини тасаввур ҳам қила олмасди.

Кампирнинг кетидан эргашиб катта бир бозорга боргандан кейингина тушунди…

— Сен Лида, — дея қизга юзланди кампир. — Ҳов анави пиражкачининг нариёғидаги тош устига ўтирасан бугун. Тушундингми?

— Ҳа, ойижон, тушундим, — кулиб жавоб қилди Лида.

— Энди сен менга яхшилаб қулоқ сол, — кампир Суюнбойнинг қўлидан тутиб ўзига қаратди. — Қиладиган ишинг тиланчилик қилиб пул топиш. «Акалар, опалар, онам «банниса»да, дорига пул йўқ, хайр қилинглар, деб бақираверасан. Олдингга манави қийиқни ёзиб ол. Одамлар шу қийиқ устига пул ташлаб кетаверишади. Хўш, қўлингдан келадими?

— Келади, — иягини кўтариб кулимсиради Суюнбой. — Қотириб ташлайман!

— Яша, қани энди ишга! Мен мана шу атрофда айланиб юраман. Қочиб кетишни хаёл қила кўрмаларинг! Нақ терингни шилдирволаман…

Бу гапдан сўнг икковлари кўрсатилган ерга бориб ўтиришди-да, бараварига тиланчиликни бошлаб юборишди.

— Амаки, хайр қилинг! Онам «банниса»да, укаларим оч! Хайр қилинг, опажон!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

Comments are closed.