Сочлар парвариши ҳақида сиз билмаганлар…

0

Ҳеч кимга сир эмаски, соч аёл гўзаллигининг муҳим элементи ҳисобланади. Аммо сочнинг тезда кирланиб қолгани жуда хунук ҳолат. Албатта, бунинг сабаблари турлича. Бугунги мақоламизда тез кирланадиган сочларнинг тоза сақланишига ёрдам берадиган тавсиялар билан бўлишишга қарор қилдик. Умид қиламизки, тавсияларимиз сизга асқатади.

Қуруқ шампундан
фойдаланинг

Баъзида ювилган сочлар иккинчи кундаёқ кирланишни бошлайди. Бу эса кўплаб аёлларни қийнайдиган муаммо. Бундай пайтда кўпчилик сочларини ювишга ошиқади. Лекин сочларни тез-тез ювиш яхши натижа бермаслиги мумкин. Бунда сизга қуруқ шампунь ёрдам беради. Ҳа, бу аллақачон кашф этилган восита. Шампунь соч илдизларига суртилади. Уни ювиш керак эмас. Яна яхши бир томони, куннинг исталган вақтида исталган жойда сочни ҳамда турмакни янгилаб олиш мумкин.

Бу шампунь соч илдизлари ёғли, учи эса қуруқ бўлган соч соҳибаларига жуда қўл келиши мумкин.

Лекин шуни унутмангки, ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Бу шампундан ҳам ҳаддан ортиқ  фойдаланиш ярамайди. Ундан маълум вазиятларда фойдаланган маъқул.

 

Тартибсиз турмак

Сочингиз бироз кирланган пайтда буни тартибсиз турмак билан ҳам яшириш мумкин. Бунда сочларни тепага қаттиқ тортиб йиғиб олиш керак эмас. Бу, аксинча, сизни сотиб қўяди.

Турмак учун сизга қизил рангдаги тўғнағич керак бўлади. Тўғнағич эътиборни сочларингизга эмас, балки ўзига тортади.

 

Ниқоблар, ниқоблар ва яна ниқоблар…

Сочлар ўзини тиклашида ниқобларнинг ўрни юқори. Бунда уй шароитида тайёрланган ниқобларнинг фойдаси катта. Муҳими, ўзингизнинг соч турингизга мос ниқоб танлай олишингизда.

Ёғли ниқоб

3 ош қошиқ канакунжут, зайтун, чаканда мойини аралаштиринг ва бироз қиздириб, соч илдизи ҳамда учларига суринг. 30 дақиқадан сўнг шампунь билан ювиб олинг. Ниқоб қуруқ сочларга яхши парвариш бўла олади.

Қатиқли ниқоб

Бувиларимиз яхши кўрган қатиқ сочлар учун энг яхши восита экани, шубҳасиз. Бунда қатиқнинг ўзидан ҳам ниқоб тайёрлашингиз ёки унга қўшимча маҳсулот қўшишингиз мумкин. Қатиққа тухум сариғи, канакунжут, зайтун, чакамуғ ёғидан қўшиб, ниқоб тайёрланса ҳам унинг фойдаси янада ошади.