БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..

0

ҚАНОТИ ҚИРҚИЛГАН КАПТАРНИНГ ХЎЖАЙИНГА ОЧИҚ ХАТИ

Қўлингизга тушганимда пат битмаган жўжадек заиф, устига устак маймоқ ҳам эдим. Тутиб олдингиз-у, маймоқлигимгаям қараб ўтирмай, каптархонанинг бир четидан мен учун алоҳида жой ажратдингиз. Доннинг ҳали ерга тушиб кирланмаганидан бердингиз. Одатингиз тутиб мени бошқалар қатори бозорда янги каптарга алмашмадингиз. Парвариш яхши экан-да, тез орада менгаям пат битди. Маймоқлансам-да, ҳурпайганча каптархонани айланиб, бир-биридан учар қариндошларни томоша қиладиган бўлдим.

Қариндошлар ҳар ҳуштак чалганингизда осмону фалакка парвоз қилиш ҳаракатига тушишар, аммо уддалай олишмасди. Нари борса уч-тўрт метргача кўтарилишарди. Шунда азбаройи жўшиб кетганимдан Маша холам, Даша холам, Мойша аммам-у Ойша опоқимларга мақтанардим.

— Ҳали катта бўлсам, юлдузни ураман, — дегандим ўшанда. — Шуям учиш бўлибдими? Каптар осмон-у фалакда худди оппоқ харир каби ҳилпираб учиши керак!..

Содда эканман. Каптархонага ғийбат, фисқу фасод оралаганини пайқамабман. Холаларим бор гапимни оқизмай томизмай сизга шипшитибди чоғи, эртаси куниёқ қанотларимни қирқиб қўйдингиз.

Нега бундай қилдингиз, хўжайин? Ахир, улғайсам, парваришларингиз, яхшилигингиз, меҳрингиз, эътиборингиз жавобини қайтармоқчийдим-ку! Баланд-баландларга парвоз қилиб, сизга юлдузлардан дарак беришни ният қилгандим. Афсус, қаноти қирқилган каптарнинг ўрдакдан фарқи қолмаскан. Шундаям кўп марта шаҳд билан югуриб, учишга уриндим. Фойдаси бўлмади. Маймоқлигим панд берди. Каптархонадаги ёғоч тўсиқларга урилганим қолди. Айтинг, хўжайин, нега мендай маймоқ, калтақанот каптарни ушлаб турибсиз? Хорланишим, масхараланишимни томоша қилишга ҳавасмандмисиз? Ё барибир мени қадрлайверасизми? Ҳойнаҳой, шундай бўлса керак. Чунки сиздан бошқа хўжайин бўлса, мендек нотавон бир каптарни аллақачон қувиб солган бўларди…

Фақат… Каптархонамиздаги баъзи қариндошлар жиғимга тегаверишгани, камситаверишгани алам қилади. Баъзан шунчалик тўйиб кетаманки, берган тузингизга бўкиб ўлгим келади.

Ана, яқинда дон сепдингиз. Менам аста бориб насибамни териб ейишга тутиндим. Олачипор каптарингиз эса юзингда кўзинг демай, насибамни тортиб олди. Буям етмагандай, ўқрайганча:

— Сенга ким қўйибди олғирликни, маймоқ? Мундай ҳолингга қараб кун кўрсанг-чи! — деб ҳақорат қилди. Хайрият, менга худойим ҳеч қурса шоирона табиат ато қилган экан. «Шу маймоғам бир кунини кўрсин, чалғисин, инфарктга учраб ажалидан беш кун бурун ўлмасин», деган бўлса керак. Кўзларимдан дув-дув ёш тўкиб, олачипорга яқинда қўшни ҳовлида эшитган қўшиқнинг шеъридан бир бандини тўкиб солдим.

 

Еру самойимиз бир, сен кимсан-у, мен кимман,

Оқар дарёйимиз бир, сен кимсан-у, мен кимман,

Сенга қуёш ягона, у менга ҳам сочар нур,

Кўкларда ойимиз бир, сен кимсан-у, мен кимман,

Каптаратойимиз бир, сен кимсан-у, мен кимман,

Каптаранойимиз бир, сен кимсан-у, мен кимман…

Кейин-чи…

Ўлганда жойимиз бир, сен кимсан-у, мен кимман!

 

Хўжайин, бу қандай бедодлик? Ўзингиз биз каптарларга дўстлик, иноқликдан сўзламасмидингиз? Нима учун қариндошларим бу қадар ёввойилашиб кетишди? Тўғри, донни керагидан ортиқ сепасиз, ейиш-ичишдан камимизни қўймайсиз. Наҳотки, тўқликка шўхлик қилишсаям, танобини тортиб қўймасангиз? Мен-чи? Бир пайтлар ўзингиз бошимни силаб: «Маймоқбой, каптарлар билан ишлаш оғир, ҳар бирининг тилини топиш осон иш эмас, аммо сени қадрлайман, одам бўлмасангам ҳурмат қиламан», демабмидингиз? Ўша гапларингиз қаерда қолди?..

Тан оламан, сиз қадимий урф-одатларнинг қадрига етасиз, уларни асраб-авайлайсиз. Аммо шу хусусиятингиз яхшиликка бўлсайди…

Мана, масалан, биз каптарларнинг аждодлари қадимда алоқачилар бўлишган. Бировнинг хатини бировга етказишда ҳеч ким улар билан беллаша олмаган. Ҳозир эса техника ривожланиб кетди. Хат ташишга каптарнинг кераги қолмади. Ҳамма телефон орқали бир-бири билан СМС ёзишиб қўя қолади. Сиз бўлсангиз, аждодларимизнинг алоқачиликдай ажойиб хислатини каптархонага сингдира олгансиз. Афсуски, қариндошларимиз сизга фақат ғийбат қоришиқ хатларни ташиб келтиришади. Сиз ўша хатларга ишонасиз. Нега дейсизми? Мисол келтирайми? Ўтган куни қўшнининг томорқасига бирров тушиб ниманидир чўқиладимми-йўқми, дарров ғийбатимни қилиб сизга хат юборишибди. Хатни яна ўша олачипор каптар қўлингизга топширди. Ўша-ўша мени ёмон кўриб қолдингиз. Мендай бир маймоқ, калтақанот каптарни олғирга, нокасга йўйдингиз. Кафтингиздан дон ҳам бермай қўйдингиз.

Шундан бери ҳайрон бўлиб қолдим. Кулбамиз ўз номи билан каптархона бўлса, ҳар ойда каптар алмаштирадиган одатингиз бор. Ҳар янги келган каптар бўлмағур хат ташийверса, умрим узун бўлармикан? Сиздан ёлвориб сўрайман, агар мендай маймоқ бир каптарнинг қадри қолмаган бўлса, ҳайдаб солинг. Қадрсизлик ўтида тутаб куйгандан, кабобкўрада ловиллаб ёнганим яхши.

Ҳурмат билан: Маймоқкалтақаноткаптар

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: