26 апрель – Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф туғилган кун!

1

ШЕЪРЛАРИДА ТУПРОҚ ИСИ БОР

 

Муҳаммад Юсуф шеърларини элга манзур этган жиҳатлардан бири, фикримча, уларда таниш туйғуларнинг қаламга олингани ва, муҳими, бу туйғуларнинг содда бир йўсинда ифода этилганидир. Ҳолбуки, у шеъриятга кириб келган пайтлари модерн йўсинида – фикру туйғуни мураккаб услубда, рамзу ишоралар қатига жойлаб, туманли ифодалаш урфга киргандики, ҳатто мутахассислар ҳам “шеърингизни тушунтириб беринг” дея матбуотда чиқиш қилганлар. Ҳозир биз учун негалиги унча муҳим эмас, балки, дилидагилар ҳаммага бирдек тегишли деб билгандир, Муҳаммад Юсуф анъанавий йўлни танлади…

 

Дарвоқе, “таниш туйғулар” деганим ҳам изоҳталаб. Буюк Толстой ҳар қайси инсон қалбида мавжуд бўлиши мумкин бўлган барча қалблар имконият тарзида яшайди, деган. Тўғри гап. Лекин ҳар қандай туйғу ҳам кўнглимизга чиппа ёпишиб қолмаслиги ҳам бор гап-да. Бошқача айтсак, ўзга кўнгилдаги айрим туйғуларни ҳеч зўриқишсиз кўнгилдан кечира оламиз, айримларини қайта ҳис этишимиз эса қийин кечади: фурсатми, тажрибами, машқми… – нимадир етишмай туради. Чиппа ёпишиб қоладиган туйғулар муайян бир кўламда (умумбашарий, миллий, ҳудудий ва б.) универсаллик касб этади. Дейлик, адолат туйғуси умумбашарий (адолат мезонларининг фарқли экани бошқа масала) характерга эга. Шу боис адолат мезони бузилган ҳолларда ҳар қандай шоир кўнгли, миллий ё ҳудудий мансублигидан қатъи назар, исён қилади. Муҳаммад Юсуфнинг илк ижодига мансуб “Қушлар ҳам йиғлар” номли бир воқеабанд шеър бор. Воқеа қишлоқларимиз ҳаёти учун ғоят одатий: ёзда, биласиз, “ҳаво-жаҳон яхшилигида иморатни битказай” деб ўзбекнинг жони ҳалак, ака-ука терак кесадилар. Терак қулайди, уяси бузилган она чумчуқ чириллаб қолади. Мана, шу дамда уканинг кўнглидан кечгани:

 

Баланд бўлар уйимиз тоғдек,
Айвонида устун ул терак.
Биз яшаймиз кўнглимиз чоғдек,
Шунда қушлар йиғласа керак.

 

Ўсмир нигоҳида адолатсизлик содир этилди: чумчуқ ҳуқуқи поймол бўлди. Тўғри, катта бўлгач кўпчилик “ҳамма нарса инсон учун” ақидасига биноан бу каби ҳолларни нормал деб ҳисоблай бошлайди. Бироқ биз учун бу ўринда бошқа нарса: ҳолат “мен” тилидан, шоирнинг болалик таассуроти сифатида тақдим этилгани муҳим. Зеро, бу шоир ижодидан қизил ип бўлиб ўтувчи ўткир адолат туйғуси фитратидаги хислатнинг намоёнидир дейишга асос беради. Худди шу туйғу кейинроқ, масалан, “Ёқуб мерган” шеърида ҳам устуворлик қилади. Ёқуб мерган – урушда оёғини қолдириб келган, қонунга мувофиқ унга “Запорожец” берилиши лозим. Бироқ таъмагир амалдор чолни сарсон қилади, аризасини эътиборсиз қолдиради. Оқибат Ёқуб чолнинг ҳаммадан “кўнгли қолди, Машинасин бошқа олғир кимса олди”. Адолат топталгани етмагандек, андишасизлик шунчаларки, уруш ногиронининг ҳақига хиёнат қилган кимса “ялло қилиб юраверади”. Ана энди шоирнинг ҳолини кўринг:

 

Уни кўрсам чол эсимга келаверар,
Ғилдираги юрагимни эзаверар…
Ёқуб чолга беришмаган “Запорож”нинг.

 

Эътибор беринг, Ёқуб чолга нисбатан қилинган адолатсизликни шоир шахсан ўзига нисбатан қилинган каби қабул қилади. Бу табиий ҳам, негаки ҳар қандай адолатсизлик энг аввал ҳақиқий шоир юрагида акс садо беради. Шу боис ҳам Муҳаммад Юсуф учун адолатсизликнинг катта-кичиги йўқ – у бутун миллатга нисбатан (“Гдлян”) бўладими, гўдакка (“Турғунлик”) ё аёлга (“Тараққиёт”), элда машҳур инсон (“Шукур Бурхон”) ё оддий бир ҳамқишлоғига (“Мўминжон”) нисбатанми – бариси бирдек қалбини ўртайди. Шеърда шоир кўнгилдан кечирган чин туйғунинг акс этиши эса айни кечинма ўқувчи кўнглига кўчишини, демакки, кучли эстетик таъсирни таъмин этади.

 

Муҳаммад Юсуфнинг кўплаб шеърларида миллий турмуш тарзимиз, менталитетимиз доирасида универсал туйғу-кечинмалар қаламга олинганки, улар шоир ва шеърхон учун умумий, шу боис ҳам “тушуниш майдони” ғоят кенгдир. Дейлик, миллий тарбия шундайки, фарзанд ота-она орзусини рўёбга чиқариш, хизматини қилиб дуосини олишни ният қилиб яшайди. Бироқ ҳаёт қонунлари шафқатсиз: жамиятда ўз ўрнингни топиб, энди-энди ниятларингни амалга ошириш имконига эга бўлганингда, афсус, уларнинг фоний дунёдаги сафарлари қариган бўлиб чиқади – ниятлар армонга дўнади. Бу ҳол, айниқса, Муҳаммад Юсуф сингари ўтган асрнинг 50–70-йиллари шароитида туғилиб ўсган зиёлиларнинг аксариятига хос. Негаки, бу даврда, ҳозир эътироф этиш-этмаслигимиздан қатъи назар, маданий юксалиш кузатилган – қишлоқлардан минг-минглаб ёшлар илм излаб пойтахти азимга, марказий шаҳарларга йўл олганлар. Яъни асрлар бўйи шаклланган турмуш тарзи ўзгаришга юз тутгандики, бу аввало кўнгилда кечади. Мана, шундай кечимлардан бир зарра:

 

Ота, ғўзангизни сув босиб кетди,
Чумчуқ вайрон қилди жўхорингизни.
Менинг китобларим бир жамбилбаргча
Ёзолмади лекин хуморингизни…

 

Демак, отага кераклигини ич-ичидан ҳис қилгани ҳолда корига ярай билмаётган фарзанднинг изтиробу армонлари кўпчиликнинг кўнглига чиппа ёпишади десак, асло янглишмаймиз. Худди шу гапни соғинч гирдобига ташлаб кетилган оналар, ака суянчидан маҳрум сингиллар… қисқаси, шаҳарда яшагани ҳолда “шаҳарлик” бўлиб кетолмаётган одамнинг умумий номи соғинчли армон ва ё армонли соғинч бўлган туйғулари ҳақида ҳам айтиш мумкин.

 

Таниш туйғулар сирасида яна бири – армонга дўнган муҳаббатни алоҳида таъкидлаб кўрсатиш лозим. Албатта, катта бўлган сари “бизлар ёш пайти…” дея гўё ҳамма нарса ҳозиргидан яхшироқ эди деган даъвода собит бўлиб боради киши. Шу дардга йўйманг-у, у даврлар муҳаббат дегани ҳам ўзгача – аксар ёр қўлини гўё тасодифан тутишу жуда журъатли бўлса яшин тезлигидаги чала ўпичдан нари ўтмаган, балки шу боис ҳам кўнгилга чуқур илдиз отган, покизароқ ва романтикроқ бўлгандек туюлади менга. Шу боис ҳам камина йигитлик чоғлари бу ҳис домига тушган тенг-тўшларим лоақал бир бор, майли жуда қисқа фурсат бўлсин, кўнглида “Севиш керак, яшаш шарт эмас!” дея ҳайқирганига ёки хофизнинг “Қўйнимда бир ёру, кўнглимда бир ёр” деган ноласини эшитибоқ ичларида ажиб бир титроқ туйганларига ишонгим келади. Менга қолса, Муҳаммад Юсуфдан олинган шу икки сатр “зиддиятлар бирлиги” қонуниятини ўзида мужассам этган ҳолда давр учун типик “муҳаббат тақдири”ни намойиш этади деган бўлардим. Зеро, уларнинг биринчиси юксак романтикага йўғрилган муҳаббатни, иккинчиси муқаррар айрилиқни ифодалайди. Мазкур сатрлар орасига эса минг-минглаб олисларда ҳарбий хизмат ўтаётган ва ё илм эгаллаётган йигитлару “баджаҳл ота”дан ё “ўтириб қолиш” эҳтимолидан қўрқиб йиғлай-йиғлай “остонаси тилло уйлар”га кетган қизларнинг муҳаббат тақдири битилгандек…

 

Ниҳоят, яна ўша “долзарблик” масаласи, ҳар не зериктирган ва ҳозирда урфдан қолган бўлмасин, бунга ҳам тўхталиш зарур. Тўғри, шўро давридан қолган асорат, лекин Муҳаммад Юсуфда бу ҳам ўзига хос: долзарб масала жайдари йўсинда муҳокама этилади-да, чапани хулосага келинади. Дейлик, миллий қадриятларни тиклаш масаласи долзарб турган палла шоир бу ҳақда умумий тарзда эмас, конкрет фикр юритади. Гапни “одамлар дўппи киймай қўйгани”дан бошлаб, пировардида “бошга лойиқ дўппи қолмадими ё дўппига лойиқ бош?” дея ўқувчи ҳамиятига қаратилган саволни қўяди. Ёдингизда бўлса, савол ғоят тез оммалашган – шеърни ким телевизор ё радио орқали, ким учрашув ё бошқа тадбирда шоир тилидан эшитган-да, охирги сатрлар шундоқ хотирага муҳрланиб қолаверган. Сабаби, бу аксарият ўқувчиларнинг дил тубида, яна бир қисмининг тил учида турган гап эди. Бундай гапни “топиб айтиш” учун эса ҳаёт қозонида халқ билан бирга қайнамоқ керакки, Муҳаммад Юсуф буни уддалай билган чинакам халқ шоиридир…

 

Дилмурод Қуронов, филология фанлари доктори

 

manba: uza

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

Comments are closed.