Ўлим ёқасида кўринган шарпа

0

Отамнинг вафотига қадар мен ғайб олами ҳақидаги фикрларга унчалик ишонмасдим. Лекин отам жон таслим қилаётган лаҳзаларда бунинг яққол гувоҳи бўлдим, десам хато бўлмайди.

Отам жуда меҳнаткаш, ҳалол ва тўғрисўз, шу билан бирга ўта қайсар инсон эди. То ўлимига қадар меҳнат қилишдан, боғ-роғини обод қилишдан толмади. У киши илк марта юрак хуружига учраганда шифокорга олиб бордик.

— Сизга энди қалтис ҳаракат ва оғир меҳнат қилиш мумкин эмас, — деди шифокор отамга тайинлаб, — юрак билан ҳазиллашиб бўлмайди, у биз кутмаган пайтда тўхтаб қолиши ҳеч гап эмас.

Шифокорнинг гапларига отам “Хўп, хўп”, дея бош қимирлатиб турдию, аммо уйга келгач, билганидан қолмади. Гоҳ кетмон, гоҳ токқайчи кўтариб, боғимизда тимирскиланишни канда қилмади.

— Ота, шифокорнинг гапини унутдингизми? — дедим жиғибийроним чиқиб.

— Айтаверади-да, мен меҳнат қилмасам туролмайман.

Отам шундай деб яна кетмонини кўтарганча каттагина боғимиз сари йўл олди. Ортидан бориб, кетмонни қўлидан олдим.

— Беринг кетмонни, ерни ўзим чопаман! — дедим астойдил ялиниб.

— Менчи? Мен нима қиламан? — деди отам.

— Дам оласиз.

— Дамни у ёқда олавераман, — дея отам қўли билан қабристон томонга ишора қилди, — бу дунёга дам олиш учун келмайди одам.

— Шифокор нима деди? Ўлиб қоласиз!

— Ажалим меҳнатдан бўлса, мен розиман…

Хуллас, отамни оғир иш қилишдан қайтаролмадик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай отам иккинчи марта юрак хуружи билан шифохонага тушди. Бу сафар аҳволлари анча жиддий эди.

— Мен нима деган эдим?! — деди шифокор бизни койиб.

— Гапим ўтмаса, нима қилай? — дедим бош эгиб. — Отам гапга қулоқ солмаяпти ахир!

— Агар яна шундай қилса, бу сафар биз олиб қололмаймиз, — деди шифокор.

Отам бу сафар касалхонада узоқ вақт даволанди. Етмишдан ошиб қолган одамнинг юрак хуружини енгиб ўтиши қийин эди, албатта. Худога шукрки, у киши яна оёққа турди. Бу сафар бизнинг жаврашларимиз кор қилди, шекилли, кетмон кўтариб боғимизга югурмайдиган бўлди. Аммо, барибир, токларни хомток қилиш, экин пушталаридаги ўт-ўланларни юлиш каби юмушлардан қайтаролмадик. Шифокорга айтгандик, “Майли, енгил ишларни қилаверсинлар”, деди. Хуллас, отам анча тетиклаша бошлади. Мен отамнинг дори-даволардан ҳам кўра кўпроқ ҳаётсеварлиги туфайли аҳволи яхшиланиб бораётганлигини юрак-юракдан ҳис қилардим. Чунки отам ўзи гуллаб-яшнатган боғини жуда яхши кўрар, ундаги дарахтларнинг ғадир-будур танасини меҳр билан силаётганига бир неча бор гувоҳ бўлгандим. У кишининг бирор марта бўлсин ҳаётдан нолиганининг ёки бировни ёмонлаганининг гувоҳи бўлмаганман.

— Бизнинг болалигимиз, йигитлик давримиз жуда ёмон даврларга тўғри келган. Агар ҳозир ёш бўлиб қолсам, жуда кўп ишларни амалга оширган бўлардим, — деганди у киши бир сафар менга маъюслик билан.

Кутилмаганда отамда учинчи марта юрак хуружи такрорланди ва у киши бутунлай тўшакка михланиб қолди. Биз фарзандлар ҳайратда эдик. Чунки шифокорлар отангиз ўзини эҳтиёт қилса, учинчи хуруж такрорланмаслиги мумкин, деганди.

— Нега, нима учун отам яна юрак хуружи ўтказди? — дедик шифокорга.

— Отангиз яна кетмон чопган! — жаҳли чиқди шифокорнинг.

Ишонмадик. Аммо кейинчалик билсак, ҳақиқатан ҳам отам биздан бекитиқча боғда оғир юмушларни бажарган экан. Хуллас, кўз ўнгимизда отамнинг ҳаёти сўниб бора бошлади. У киши қийналиб нафас олар, юракдаги кучли оғриқ туфайли туну кун ҳаловатини йўқотганди. Отамнинг аҳволи оғирлашгани сайин биз фарзандлар уй-уйимизга кетмай, у кишининг атрофида парвона бўлардик.

— Ҳамманг уйингга кетмай қолдинг, нима, мен ўламанми? Энди тузалмайманми? — деди отам бир куни ҳарс-ҳарс нафас олганча.

— Йўғ-э, ота! Сиз шунчасини енгиб келдингиз. Бунисини ҳам енгасиз, — дедим у кишидан кўзларимни олиб қочиб.

— Буниси мени енгадиганга ўхшаяпти, ўғлим — деди отам афсус билан.

У кишини тинчлантириш учун юрак хуружига учраб, тузалиб кетган инсонлар ҳақида гапира бошладим. Отамнинг кўзларида умид порлагандек бўлди.

— Яна беш йилгина яшашни истайман, қиладиган ишларим бор, — деди оҳиста.

Кўзларимдан тирқираб ёш қуйилиб кетди.

— Ҳали юзларга кирасиз, ота, — дедим кўз ёшимни яширолмай.

Отам ўлишини билса-да, яшашдан умиди сўнмаганди. Ҳаётга бўлган иштиёқ у кишини сўнгги лаҳзагача тарк этмади. Кун сайин аҳволи оғирлашиб борса-да, фикри тиниқ эди. Ҳеч қачон ҳушини йўқотиб, алаҳсирамаганди. Бир куни кечаси ёнларида ётсам, мени секин турткилаб уй­ғотди.

— Ҳа, ота, — дедим ҳайрон бўлиб.

Чунки у киши кечаси нафас ололмай безовта бўлса-да, бизни асло уйқудан уйғотмасди.

— Нафас ололмаяпсизми? — дедим пешоналаридаги терни артиб.

— Йўқ, нафас олишим яхши. Анавини қара, — деди отам деразага ишора қилиб.

Ялт этиб ўша томонга қарадим. Ғира-шира ой нурида ҳовлимиз кафтдек кўриниб турарди.

— Деразани очайми?! — дедим ажабланиб.

— Йўқ, анави дераза олдида турган ким, — шивирлаб сўради отам, — бир соатдан буён менга термилиб турибди. Кўзи ёмон. Ундан қўрқяпман.

Кўзларимни катта-катта очиб деразага қарадим. У ерда ҳеч ким йўқ эди. Отамда ўлим олди талвасаси бошланяпти, шекилли, дея ака-укаларимни уйғотдим. Отам жуда маъюс бўлиб қолди. Аммо деразадан бир дақиқа ҳам кўз узмай ётди. Тонг отиб, кун чошгоҳга яқинлашди ҳамки, отам шу алфозда ётарди.

— Ҳалиям кетмаяпти, — деди отам бир пайт оҳиста.

Яна деразага қарадим. Қуёшнинг заррин нурлари кеч кузак шамолига сўнгги япроқларини топшираётган дарахтларнинг яланғоч шохларида жилва қиларди. Отамга қарадим. У кишининг нигоҳларида чуқур қайғу зоҳир эди. Бу қарашларда тақдирга тан бериш ва таслимлик туйғуси қоришиб кетгандекди. Отам шунча кундан буён ўлим тўшагида ётган бўлса-да, ҳамширанинг ҳар бир уколидан нажот истаётганлигини сезиш қийин эмасди. Аммо ўша куни юракдаги оғриқни пасайтириш учун ҳамшира навбатдаги уколни юбораётганда отам чуқур уҳ тортди ва:

— Бунингнинг қўлидан нима келарди энди? — деди.

Бироздан сўнг менга юзланиб:

— Қара, уйни қўй-қўзи босиб кетибди. Уларни ҳайда, мен томонга бостириб келяпти-ку! — деди саросимага тушиб.

— Хўп-хўп, ҳайдайман, — дедим мен буни талвасага йўйиб.

Отам менга бир қарадию:

— Эҳ, сен… — дея юзини четга бурди.

Ўша куни кечаси ёнларидан бир қадам ҳам жилмадим. Отам ҳарс-ҳарс нафас олганча шифт­га термилиб ётарди.

— Қара, деразадан термилиб турган одам бугун уйга кирди, — деди отам бир пайт мен томонга ярим ўгирилиб.

У кишининг юзида қўрқув ва саросима бордек эди.

— Уни чиқариб юбор, ўғлим. Ҳали келмасин, — деди менга нажот билан термилиб. Отам қараб турган томонга юриб, қўлларимни ҳавода силкита бошладим. Отам кулиб юборди.

— Нега куляпсиз, ота?! — дедим ҳайрон бўлиб.

— Сен қўлингни кўтарсанг, лип этиб қўлтиғингнинг тагидан ўтиб кетяпти, — деди отам.

Шунда деворда ғалати шуъла кўргандек бўлдим. Бу соя инсоннинг шарпасига ўхшарди. Этларим жимирлаб кетди.

— Барибир, келдинг-да, — деди отам чуқур хўрсиниб.

— Отажон, — дедим у кишига яқинлашиб.

— Отангнинг сафари қариди, ўғлим, — деди отам ва бирдан чуқур-чуқур нафас ола бошлади.

Кўп ўтмай бу нафас хириллашга айланди. Шунда девор орасидан туманга ўхшаган ғалати шарпа чиқиб, булут каби отамнинг устига ёпирилди. Бақириб юбордим. Ака-укаларим югуриб келишди. Шарпа эса гўё отамнинг кўксидан кичкина шар шаклидаги тумандек нарсани суғуриб олгандек бўлди. Отамда хириллаш кучайди. Амаким дуо ўқий бошлади. Аммам отамнинг тепа томонига ўтиб, овоз чиқарганча калима қайтаришга тушди. Отамнинг кўзлари ярқ этиб очилди. Бу нигоҳларда даҳшат қотиб қолгандек эди. Сўнг оҳиста кўзларини юмдию, бўғзидан чўзиқ ҳирқироқ чиқди ва тинчиб қолди. Барчамиз додлаб юбордик. Отам вафот этганди. Менинг кўз ўнгимдан эса девордан сизиб чиққан булутсимон шарпа кетмасди. Бу отамнинг жонини олиб кетишга келган ажал эканлигини ич-ичимдан ҳис қилгандим.

«7 Мўъжиза» газетасидан