Кун кулгиси

0

— Адаси, ухлаяпсизми?

— Йўқ!

— Нега кўзларингизни юмиб олгансиз?

— Кўз нуримни асраяпман…

* * *

Бир талаба йигит эрталаб нонушта қилиб, телефонига ўрнатилган “TashBus”да автобус қачон келишини қараб ўтирса, бувиси дебди:

— Болагинам, нима қиляпсан?

— Автобус кутяпман, — жавоб берибди набираси.

Бувиси набирасини аҳволидан хавотир олиб:

— Бу телефон ўлгур ёшларни ақлдан оздирмасайди. Ошхонадаям автобус кутадими?! — дермиш.

* * *

Жума куни кечқурун хотин эрига дебди:

— Адаси, келинг, шу дам олиш кунлари маза қилиб дам олайлик…

Эри хурсанд бўлиб хотинига:

— Бўпти, хотин, душанба куни кўришгунча унда! — деган экан.

* * *

Судья айбланувчига дебди:

— Сиз одамларни пичоқ билан қўрқитиб, битта машина, иккита қўл телефони ва беш миллион пулга эга чиқибсиз. Ўзингиз нима дея оласиз?

— Ўртоқ судья, сиз битта болғача билан бешта машиналик, тўртта уйлик, иккита далаҳовлилик ва яна яхталик бўлдингиз-ку, менга нима бўпти?!

* * *

Икки дугоналар суҳбатлашиб ўтиришса, бири дебди:

— Тўйинг қачон?

Иккинчиси:

— Билмадим. Йигитим аввал мени қариндошлари билан таништиради, кейин тўйимиз бўлади.

— Хўш, қариндошларникига бордингизми?

— Ҳа, энг узоқ қариндошлари билан таништиришдан бошлади. Кеча ҳайвонот боғини айланиб чиқдик.

* * *

— Раҳбарлик лавозимидан кетганингиздан кейин нима билан шуғулланмоқчисиз?

— Бу қанақа савол?! Одам ўлганидан кейин ҳам ишлармиди?!

* * *

Бир чол кўп қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида яшар экан. Уйига чиқишда ҳеч ҳам лифтдан фойдаланмас экан.

Шунда бир қўшни кузата туриб:

— Отахон, тайёр лифт туриб, нега нуқул зинадан чиқасиз? — деса, чол:

— Э, болам! “Лифт тўрт киши учун” деб ёзиб қўйилган. Тўрт кишини қаердан топаман? — дермиш.

* * *

Адвокат: «Икки-учта ишни ҳал қилсам, машина оламан».

Врач: «Икки-учта операцияни ўтказсам, ҳовли оламан».

Ўқитувчи: «Икки-учта дафтарни текширсам, оловни ёқиб олишга қоғозим бўлади…»