Кун кулгиси

0
Laughing girl with daisy in her hairs, showing thumbs up.

У мендан «Машинангиз борми?» деб сўради. Мен эса: «Ҳа, албатта», дедим. Шундан сўнг у: «Ростданми?» деди. «Ҳа, фақат у менга эмас, онамга тегишли. Агар менга турмушга чиқсанг, у сеники бўлади», дедим.

У хурсанд бўлди. Кейин мендан машинанинг расмини жўнатишимни сўради. Мен ваннага кириб, кир ювадиган машинани расмга олиб жўнатдим. Икки дақиқадан кейин қарасам, у мени блоклаб қўйибди. Балки, унга тикув машинаси бор йигитлар ёқар?!

* * *

Бир одам адвокатга келиб, маслаҳат сўрабди:

— Дўстим мендан 500 минг қарз олган. Лекин ҳеч ҳам тан олмаяпти. Нима қилсам бўлади?

Адвокат:

— Сиз дўстингизнинг ёнига боринг-да, бир миллион қарз эканини унга айтинг!

— Ахир у бир миллион эмас, беш юз минг қарз эканини айтиб, тўполон қилади-ку?!

— Ана шу гапи сизга исбот бўлади!

* * *

— Хотинжон! Мен бугун маош олдим! Юр, сенга қимматбаҳо кўйлак билан бриллиант кўзли узук сотиб оламиз!

— Вой, дадаси, менга бундай матоҳлар керак эмас. Ундан кўра, шу пулларни олиб ўртоқларингиз билан тоққа бориб дам олиб келинг!

— Ҳурматли радиотингловчилар, сизлар «Идеал эр ва идеал хотин» эртагини тингладингиз.

* * *

Ҳарбий хизматдаги аскарга севган қизидан хат келибди. Дўстлари билан очиб қарашса, оппоқ қоғоз. Ҳеч нарса ёзилмаган.

— Нега бундай? — дейишса, аскар:

— Аразлашиб қолгандик, — дермиш.

* * *

Ички ишларга ишга кирмоқчи бўлган бола ҳамма комиссиядан ўтиб, охири бошлиқнинг олдига суҳбатга кирибди.

Бошлиқ:

— Хўш, мана, комиссиядан яхши ўтибсан. Қани, айт-чи, Кумушга ким заҳар бериб ўлдирган?

— Билмайман, ўртоқ бошлиқ.

— Ньютоннинг бошига тепадан нима тушган?

— Уни ҳам билмайман…

— Сенга бир ҳафта муҳлат. Аниқлаб келасан, — дебди.

Йигит уйига келса, дадаси сўрабди:

— Ҳа, ўғлим, ишга олишдими?

— Ҳа, дада, олишди. Биринчи иш кунимнинг ўзидаёқ иккита жиноий иш ҳам беришди.

* * *

Шифокор беморга деди:

— Сизга нечи пуллик наркоздан қилай?

— Энг арзонидан!

— Яхши, ухла, ухла, ухла-ё…

* * *

Бешта оғайни чойхонада ўтирса, телефон жиринглабди:

— Алло, адаси, кеча мен сизга айтган тилла занжирни бугун қўшнимиз сотиб чиқди. Олаверайми?

— Ҳа, олавер!

— Кейин интернет орқали янги телефонга ҳам буюртма бериб юбормоқчиман, майлими?

— Майли!

— Келаси ҳафта 8 март байрами экан. Шунга янги кўйлак ҳам тиктирмоқчиман. Уйдаги пулдан олиб, тикувчига бориб келсаммикин дегандим?!

— Хўп, майли, боравер!

Телефон суҳбати тугагач, йигит телефонни жойига қўйиб, дебди:

— Оғайнилар, манави телефон ўзи кимники эди?