Тозаловчи воситалар ёрдамида қариликнинг олдини олиш мумкинми?

0

Тери соғлом кўринишга эга бўлиши учун уни, аввало, тозалаш лозимлигини асло унутманг. Шунда парваришингизнинг самарадорлиги ва фойдалилиги ошади. Худди шуни ҳисобга олиб, дастлаб терини тозаловчи воситалар рецептларини келтириб ўтамиз. Аминмизки, бу воситалар ёрдамида сиз ёшлигингизни узайтиришга муваффақ бўласиз.

АСАЛЛИ СУВ

Асалли сув тайёрлаш учун 2 стакан илиқ сувга 1 ош қошиқ асал аралаштириб, эритма ҳосил қилинг. Кейин ана шу асалли эритма билан кечаси ухлашдан олдин юзингизни ювинг ва 5-7 дақиқадан сўнг илиқ сувда совунсиз чайиб ташланг. Асалли сув терини ажойиб озиқлантиради ва тозалайди, уни силлиқ ва текис қилади.

СПИРТЛИ НИҚОБ

2 ош қошиқдан спирт ва сувни аралаштириб, паст оловда енгил қизитинг ва 100 г асал қўшиб, бир хил массага келгунча аралаштиринг. Қарабсизки, спиртли малҳам тайёр. Ниқобни юзингизга суртиб, 10-12 дақиқа ушланг. У ана шу фурсат давомида юз терисини тозалайди, дезинфекциялайди, шу билан бирга юмшатади. Бу ниқобни кунора қилиб турсангиз, юз терингизда асло муаммо бўлмайди.

ШАФТОЛИ ЁҒИЛИ ТОЗАЛОВЧИ КРЕМ

Каттароқ идишга 1 ош қошиқ спирт, 1 ош қошиқ лимон суви, 25 г шафтоли ёғи, 4 г глицерин ва 16 мл сув солинг-да, ҳаммаси эриб аралашгунча паст оловда ушланг. Кейин эса аралаштириб туриб совитинг. Совигандан кейин эса ундан дока ёрдамида терини тозаловчи восита сифатида фойдаланинг.

1 стакан иссиқ сутга 1 ош қошиқ асал солиб эритинг. Кейин илитгач, ундан сезувчан териларни тозалашда фойдаланиш мумкин.

ОҚСИЛ ВА АСАЛЛИ НИҚОБ

1 ош қошиқ асал, 0,5 чой қошиқ шафтоли мойи ва 2 та кўпиртирилмаган тухум оқини бир хил массага келтиргунча аралаштиринг. Кейин унга 2 ош қошиқ сули уни қўшинг-да, яна обдан аралаштиринг. Малҳам тайёр бўлгач, уни юзга суртинг ва 20 дақиқа давомида юзингизда сақланг. Кейин қайнатилган сувга ботирилган тампон билан ниқобни тозалаб олинг. Бу ниқоб нафақат терини тозалайди, балки теридаги сув балансини ҳам яхшилайди.

ГИАЛУРОН КИСЛОТАСИ

АЖИНЛАРГА ҚАРШИ

Терининг қуруқшаб қолишидан асровчи ҳамда ажинларга қарши самарали восита бўлувчи гиалурон кислотаси ҳақида эшитганмисиз? Шуниси эътиборлики, у ажинларнинг олдини олувчи крем ва зардоблар таркибига, албатта, киритилади. Қуйида гиалурон кислотасининг бошқа хусусиятлари ва ундан фойдаланиш қоидалари ҳақида маълумот берамиз. Гиалурон кислотаси танамиздаги деярли барча тўқималарда мавжуд. У бир қанча муҳим вазифаларни бажаради. Мисол учун, тўқималардаги сувни ташийди ва тақсимлайди. Гиалурон кислотасининг аҳамиятли томони шундаки, у суюқликка эҳтиёж сезмайдиган жойга ҳеч қачон суюқлик тарқатмайди ва тананинг қуруқшаб кетган жойларининг сувсизлик туфайли “ўлиши”га йўл қўймайди, яъни керакли жойда суюқликни ушлаб туради.

Бу кислота ҳужайралараро бўшлиқдаги сувни боғлаб қўяди, натижада тўқиманинг қисилишга нисбатан қаршилик кўрсатиши янада кучаяди. Акс ҳолда белбоғ ва қайиш излари танада абадий қолиб кетади. Бўғим ҳамда кўзларни ҳимоялайди.

Кислота етишмаслиги бўғимлар ичидаги суюқликнинг камайиб кетишига, артрит касаллиги ривожланишига олиб келади. Гиалурон кислотаси (ГК), шунингдек, кўз ичи босимининг меъёрий ҳолатда ушлаб турилишида фаол иштирок этади. Тери гўзаллиги учун ҳам у жавобгар.

ГК танқислиги натижасида терининг сатҳ ва ички қатламлари ўртасидаги алоқа бузилиши, тўқималарнинг қон билан таъминланишида узилишлар рўй бериши, юз териси захил тус олиши, ажинлар эрта тушиши ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Таркибида ГК миқдори юқори бўлган профессионал косметика воситаларини дерматокосметолог билан маслаҳатлашгандан кейин харид қилган маъқул. Сабаби, агар воситани нотўғри танлаган бўлсангиз, хоҳлаган натижангизга эришолмаслигингиз аниқ.

ГИАЛУРОН КИСЛОТАЛАРИНИ

ҚАЕРДАН ТОПИШ МУМКИН?

Сўнгги вақтларда гиалурон кислотаси инъекция ҳамда биологик актив қўшимчалар таркибида ишлаб чиқарилади. Таркибида гиалурон кислотаси мавжуд бўлган бундай косметик воситаларни деярли барча косметик дўконлардан топиш мумкин.

Олимларнинг гиалурон кислотаси устида олиб бораётган тажрибалари эса муваффақиятли натижалар кўрсатиб, воситанинг янгидан-янги қирралари кашф этилмоқда. Демак, ёш кўринишни истаган аёллар учун яна битта имконият туғилди. Аммо ГКдан фойдаланишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.

Айтганча, ҳар қандай косметик воситани харид қилишдан аввал унинг таркибий қисмлари билан танишиб олган маъқул. Гиалурон кислотаси гелга ўхшаш бўлиб, косметика қадоғида 1% сифатида кўрсатилади.

КОСМЕТИКАДА ГК ҚАНЧА МИҚДОРДА БЎЛИШИ КЕРАК?

• Соч ва терини парваришловчи кундалик воситаларда 0,005 фоиздан 0,1 фоизгача.

• Қуёшдан ҳимоя қилувчи воситаларда 0,1-1 фоизгача ва ҳоказо.

ҚИЧИТҚИЛИ НИҚОБ

(Ёғли ва малла сочлар учун)

Фойдали хусусияти: бу ниқоб сочларингизга олтин ранг жило бағишлаб, оқаришининг олдини олади, ёғланиш даражасини камайтиради, ёқимсиз ҳидни бартараф этади.

Тайёрланиш усули: қуритилган қичитқи ўтини яхшилаб майдаланг, сўнгра ичига сиқилган яримта лимон шарбати қуйинг. Ҳосил бўлган аралашмани эҳтиёткорлик билан тоза сочларга суртинг ва бошингизга қалин рўмол ўраб қўйинг. Бир соатдан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг.

БАНАНЛИ ВА АВОКАДОЛИ НИҚОБ

(қуруқ сочлар учун)

Фойдали хусусияти: бу ниқоб синувчан сочларни ёғ ишқорлари билан тўйинтириб, уларга майинлик бағишлайди.

Тайёрланиши: яримта бананни эзиб, 1 дона майдаланган авокадо меваси билан аралаштиринг. Устига 1 чой қошиқ асал, озроқ қайнаган сув қуйиб, аралаштиринг. Ниқоб тоза ва қуруқ сочлар илдизига суртилади. Сўнгра махсус елимли бош кийим ки­йиб, устидан сочиқ ўранг. Ниқобни 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг.

КИВИ ВА ҚАТИҚЛИ НИҚОБ

(аралаш турдаги сочлар учун)

Фойдали хусусияти: бу ниқоб соч ўсишини жадаллаштиради. Шунингдек, таркибидаги С витамини соч илдизи учун ниҳоятда фойдали.

Тайёрланиши: йирикроқ киви мевасини пўстлоғидан тозаланг ва вилка ёрдамида яхшилаб эзинг. Тайёр бўлган бўтқага 4 ош қошиқ қатиқ қуйинг ва яхшилаб аралаштиринг. Кейин ниқобни соч илдизига суртиб, бошингизни сочиқ билан ўранг. 15 дақиқа ўтгач, илиқ сувда ювиб ташланг.

ҚАҲВАЛИ ДАМЛАМА

(табиий қора сочлар учун)

Фойдали хусусияти: бу дамлама рангсиз сочларга жило бағишлайди ва ҳажм беради.

Тайёрланиши: 3-4 чой қошиқ қаҳва устига 2-3 стакан қайнаган сув қуйинг ва 5-10 дақиқа паст оловда қайнатинг. Ҳосил бўлган қайнатма совигач, сузиб олинг-да, у билан ювилган, тоза сочларингизни чайинг.

ҚАЗҒОҚҚА ҚАРШИ ДАМЛАМА

(қора қуруқ сочлар учун)

Фойдали хусусияти: бу дамлама сочларингизга майинлик ва жило бағишлайди, қазғоқ пайдо бўлишининг олдини олади.

Тайёрланиши: 3 ош қошиқ қуритилган маврак (шальфей) япроғи ва 2 ош қошиқ мойчечак устига 3 стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соатча тиндиринг. Дамлама совигач, сузиб олиб, ювилган сочларингизни чайинг.

МАЪДАНЛИ СУВ — ТЕРИ УЧУН ЖУДА ФОЙДАЛИ

Маъданли сув таркибида тери учун ниҳоятда фойдали бўлган компонентлар жуда кўп. Энг қизиғи, бундай сув аксарият косметик фирмалар таклиф қилаётган қимматбаҳо термал суви ўрнини боса олади. Фойдали томони эса бир неча томчи маъданли сув ёрдамида терини намлантириб олиш мумкин. Газланган сувдан фойдаланишдан аввал уни 30-40 дақиқа давомида оғзи очиқ ҳолда ушлаб туриш лозим.

Қуйида турли терилар учун мўлжалланган ниқоблар рецептини ҳавола этамиз.

Нормал тери учун намлантирувчи ниқоб

5 томчи лимон шарбатини 50 мл маъданли сув ва 1 чой қошиқ сули ёрмаси билан аралаштиринг. 30 дақиқа тиндириб қўйганингиздан сўнг юзингиз терисига суртиб, 15 дақиқа ушланг ва совуқроқ маъданли сув ёрдамида ювиб ташланг.

Қуруқ тери учун юмшатувчи, намлантирувчи ва ажиннинг олдини олувчи ниқоб

2 чой қошиқ асални 50 мл маъданли сув билан аралаштиринг. Сўнг юз терисига суртиб, 10 дақиқа ушланг ва совуқроқ маъданли сув ёрдамида ювиб ташланг.

Ранги синиққан юзлар учун ниқоб

Яримта лимон шарбатини бир стакан маъданли сув билан аралаштириб, ичига 1 чой қошиқ глицерин қўшинг. Ҳосил бўлган лосьон ёрдамида юз терисини эрталаб ва кечқурунлари артинг. (аралашмани музлаткичда сақланг).

Терини ёшартирувчи ниқоб

1 чой қошиқ ун, 50 грамм хамиртуруш ва 1 чой қошиқ шакарни аралаштириб, устидан ярим стакан маъданли сув қуйинг-да, яхшилаб аралаштиринг. Кейин уни 2-3 соатга иссиқроқ жойга олиб қўйинг. Ниқобни юз терисига суртиб, 20 дақиқадан сўнг совуқроқ маъданли сув ёрдамида ювиб ташланг ва юз терисига озиқлантирувчи крем суртинг. Бу ниқобни бир ой давомида 2-3 марта такрорлаш мумкин.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

«7 Мўъжиза» газетасидан

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: