Ички сезги

0

Авваллари инсонда ички туйғу бўлади, де­йишса, ишонмасдим. Сабаби, мен реалистман.

Бу воқеа бир йил аввал содир бўлганди. Ўшанда тоғам билан кетаётгандим. Тоғам юк машинаси ҳайдовчиси. Ўшанда тоғамнинг нав­батдаги сафарига шериклик қилгандим. Ёшим 19 да эди. Узундан-узун йўлда кетардик. Олдимизда бошқа бир юк машинаси ҳам кетарди. Олдимиздаги юк машинаси арматураларни олиб кетарди. Арматуралар узун бўлиб, машинадан 2 метрлар ташқарига чиқиб турарди.

Бир пайт кутилмаганда олдимиздаги юк машинасини ЙПХ ходими тўхтатиб қолди. Биз унинг чап тарафида ҳаракатланаётгандик. Ана шу тўхташ орасида бир воқеа содир бўлдики, уни ҳали-ҳамон унутаёлганим йўқ.

Хуллас, ЙПХ ходими олдимиздаги машинани тўхтатиб қолди. Тоғам тўхташга улгурмай қолди. Ана шу пайт мен ўзимни ғалати ҳис эта бошладим. Кўзларим янада яхши кўра бошлагандай бўлди. Машина эшигидаги ойнадан орқани томоша қилиб кетаётгандим. Шу пайт кутилмаганда қўлимдаги стакан тушиб кетди ва мен уни олиш учун эгилдим. Эгилган вақтим олдимиздаги юк машинасидаги арматуралар мен ўтирган тарафнинг ойнасини синдириб, машина кабинасидан ўтиб, орқа тарафдаги ойнани ҳам синдириб ўтди. Яхшиям қиш бўлган экан. Ойна синиқларидан мени қалин кийимларим сақлаб қолди.

Энг даҳшатлиси, ўшанда тушиб кетган стаканни олиш учун эгилмаганимда нима бўлишини тасаввур қилишга ҳам қўрқаман.

АКМАЛ

«7 Мўъжиза» газетасидан