Кун кулгиси

0

* * *

Болакай онасидан сўрабди:

— Нега денгизнинг суви шўр?

Онаси дебди:

— Балиқлар айниб қолмаслиги учун тузлаб қўйишган, болам…

* * *

Ўғлим бу йил биринчи синф­га чиқади. Мактаб бозорига бориб, ҳамма зарур нарсаларни харид қилдик — ручка, дафтар, китоб, камар, валерианка.

* * *

Кунларнинг бирида Афанди хотинига деди:

— Мен мажлисга бораман, кеч қолсам керак, дарвозани беркитиб ётаверинглар.

— Яхши, сиз келгунча зерикиб ўтирмай, театрга бора қоламан, – деди хотини.

— Нима, театрга? Ким билан?

— Албатта, мажлисга бормаган одам билан-да!

* * *

Бир одам «Запорожец» машинасини сервисга олиб келиб, устага дебди:

— Машинамга титан дисклар қўйдирмоқчи эдим.

— Бир миллион бўлади.

— Яна «Феррари»ни моторини ҳам.

— Беш миллион тўлайсиз.

— Тюнинг ўрнатиб берсангиз, ичидан ва ташқаридан!

— Уч миллион қўшасиз.

Машина эгаси ҳайрон бўлиб дебди:

— Ҳазиллашяпсизми?!

Уста:

— Сиз биринчи бошладингиз-ку ҳазилни.

* * *

Афандидан сўрадилар:

— Дунёда ниманинг териси қалин?

— Тимсоҳ, фил, туянинг териси.

— Улардан ҳам қалинроғи борми?

— Чайқовчи, дангаса ва хушомадгўйларнинг териси уларникидан ҳам қалинроқ.

* * *

Афанди бир идорага ишга кирмоқчи бўлиб борган эди, унинг бошлиғи «эрта келинг, индин келинг» деб жуда кўп сарсон қилди. Афанди бу ишдан умидини узиб, ўша идора ёнидаги сартарошхонага кириб, ишлай бошлади. Бир куни идора бошлиғи кириб, Афандига соч олдирмоқчи бўлди. Афанди унинг сочининг ярмини олди-да:

— Туринг, қолганига эртага келинг! – деди.

* * *

Асфальт кавлаётган ишчидан йўловчи сўради:

— Қандай қилиб шундай шовқинга чидайсиз-а?

— Э, бу ҳеч гап эмас! Мен бир неча йил бошланғич синфларга дарс берганман.

* * *

Сотувчи харидордан сўради:

— Кеча ўғлингиз қимматбаҳо моллардан олган эди, сиз намунча арзонини танлайсиз?

— Ўғлимнинг отаси бор, мен эса ғирт етимман, — деди харидор.